ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига роса 27 йил бўлмоқда. Мустақилликдан олдин, ҳатто, Мустақиллик ҳақидаги декларациядан ҳам олдин ўзбек тилига давлат тили берилишида рамзийлик борга ўхшайди. Чунки миллат озод бўлиши учун аввало ўз орини, шаънини англаб етиши керак. Тил эса миллат учун ор-номуснинг асосий устуни.
Албатта, ўтган йилларда "Давлат тили тўғрисида"ги қонун Ўзбекистонинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Энг асосийси, миллат ўз тилидан уялмайдиган бўлди. Бироқ, ҳалигача тил ва уни ишлатишда қатор муаммоларимиз бор.Масалан, адабий тилимизнинг таъсирчанлиги талаб даражасида эмас. У ёзма шаклга эга бўлиб қолган. Овоз чиқариб ўқилганда ўта расмий ва ҳиссиз туюлади.
Ўзбек тилида ишланаётган аксарият сериаллар, киноларнинг жуда оммалашмаётганининг бир жиҳати ҳам шундан – улар адабий тилда яратилади. Адабий тил, айтилди, ўз оҳангини йўқотган, жарангламайди, ҳис-ҳаяжонни тўлиқ беролмайди. Расмийликка, китобийликка айланган. Фақат таржима киноларда, сериалларда бадиий тилни яхши қабул қиламиз. Назаримизда буни ўша – чет элликлар гапираётгандай туюлади-да.
Албатта, кейинги пайтларда бу борада ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда. Секин-асталик билан адабий тилда ҳам ҳиссиёт, туйғуни ифодалашни ўрганяпмиз. Бундан тўрт-беш йил бурун ҳам хусусий киноларда лаҳжалар, бошқа тиллардан олинган сўзлар орқали туйғуни ифодалашга ҳаракат қилинар эди.
Айб адабий тилда эмас, гап унинг товарга айланиб қолганида. Ҳозирда сон-саноқсиз кишилар гап-сўзни сотиб кун кўради. Уларнинг барчаси ҳам ўзлари қурол қилиб олган бу унсурни тўлиқ билади, деб бўлмайди.
Адабий тил ишлатилганда нутқнинг равонлиги, силлиқлигига эътибор берилиб, ундаги ҳаяжонга, самимийликка аҳамият берилмайди. Чунки силлиқ гапириш, равон ўқишнинг меъёрлари кўп. Уларга тўлиқ риоя қилиш эса уни расмий ва ҳиссиз тилга айлантириб қўяди. Аслида кўплаб меъёрлар инсоният томонидан бузиш, айланиб ўтиш ёки иқтидорсиз кишиларни амаллаб бир қолипга солиш учун ўйлаб топилган.
Шундай меъёрлар Никулиннинг кинога тушишини рад этади, Висоцкийнинг куйлашини инкор қилади. Улар меъёрлар қолипига сиғмаган, шунинг учун ҳам ҳис-туйғуни аниқроқ, тўлиқроқ ифода қилишган.
Адабий тилнинг сийқалашиши, унда самимийликнинг йўқолишини аниқ кўрсатувчи бир соҳа бор – қизиқчилик.
Аксарият қизиқчилар шева ва кўча тили унсурлари орқали кулги яратади. Соф адабий тилда кулдиришолмайди. Чунки, ҳажвда сохталик бўлиши мумкин эмас. Табассум самимийлик орқалигина юзага келади. Шу сабабли, аксарият қизиқчилар адабий тилда сўзламайди. Бунинг яна бошқа сабаби бор. Бизда кулги кўпроқ сўзга, сўз ўйинига асосланган. Мантиқ ва маънига таянганда, балки расмий тилда ҳам кулги яратса бўларди.Ҳозирда ўзини ҳурмат қилган ёзувчилар асарларида шева унсурларидан кўпроқ фойдаланиш пайида. Танқидчилар ҳам бадиий асарда, ҳеч бўлмаса, қаҳрамонлар тилида шева бўлишини талаб қилади. Шу орқали тилда юзага келган сийқаликка барҳам беришмоқчи.
Тилнинг сийқалашиши, унда ҳис-ҳаяжонни, туйғуни тўлиқ ифодалаб бўлмаслиги бора-бора тилимизни кейинги авлодлар луғат билан ўқийдиган даражада ўзгартириб юборади. Чунки одамлар ўз ҳис-туйғуларини тўлиқроқ, аниқроқ баён этишни истайди, изланишда бўлади. Туйғуни ифодалаш вазифасини ўз зиммасига олган тил бунинг уддасидан чиқолмаса, уни ўзгартиришга мажбур бўлишади.
Шундай бўлмаслик учун эса авваламбор тилга оҳангни, самимийликни қайтариш лозим.
Сўзамол халқ эмасмиз. Амаллаб уч-тўрт сўзни тўқиштириб, бир нима деган ҳам хўп одам биз учун. Лекин барибир, киночиларимиз, радио, телевидениядагилар силлиқ гапиришни эмас, самимий сўзлаш, ҳис-ҳаяжонни ифодалашни бош мезон қилиб олишса яхши бўларди.
Анча вақт онгимизга турк тили, хусусан, ўзбек тили ҳарбий тил сифатда ҳеч нимага арзимайди, деган ақидани сингдириб келдилар. Бироқ бу тилдан олинган кўплаб сўзлар рус ҳарбий атамаларида ишлатилишини тан олишмади. Бундан ташқари, рус тарихчиси, туркийлар тарихини чуқур ўрганган олим Л.Гумелёв, айнан турк тили ҳарбий тил бўлганлиги Туркия давлати ташкил топиши, шаклланиши ва ривожланишига асосий таъсир кўрсатганини таъкидлайди.
Албатта, бу тилга айрича қарашлар кеча ёки ўтган куни пайдо бўлган эмас. Бир пайтлар уни фақат ҳарбий тил сифатида қабул қилишган ва унда гўзал, нафис мисралар яратиш мумкин эмас, деган қарашлар бўлган. Бироқ Навоийнинг ижоди бу қарашларни ерпарчин қилди.
Бугун тилдаги энг катта муаммо – сўзлашув тилининг ғариблашуви, унда ўзга тиллар қоришиқларининг кўплаб ишлатилишидир.
Дейлик, "Миллий" телеканалда Райҳон Ғаниева бир кўрсатувга бошловчилик қилади, тил эса ҳаминқадар. Оҳанг ўзимизики эмас-да."Эр бермоқ – жон бермоқ" фильмида Дилноза Кубаеванинг қаҳрамони "пёрышка" деган сўзни кўп ишлатади. Шу сўз халқ орасида оммавий равишда ишлатилгандаям майли эди. Уни тўрт-беш тантиқ қиздан бошқа ҳеч ким билмайди-ку, кинода нега ишлатишади? Бу ўринда ушбу сўз фақат олифтагарчилик учун ишлатилган, холос.
…Бир ҳолатни ифтихор билан таъкидлаш лозим, шу муборак заминимиздан ўтган кўплаб хонлар, саркардалар, илм аҳли тил софлиги, турк тилининг обрўси учун курашиб келдилар.
Навоий бу тилнинг жозибаси ва қудратини кўрсатиш учун "Хамса"ни яратди, Амир Темур тилнинг ҳарбийда ишлатиш аҳамиятини оширди.
Қўқон хонлигининг сўнги хони Худоёрхон туркий тилни улуғлашга ҳаракат қилди. Девонда турк тилида ёзишмалар олиб борилишига эришди. Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён" асари қаҳрамони — ёш ва иқтидорли Анварни мирзабоши қилиб тайинлашига ҳам шу асосий сабаб бўлган.Бироқ ушбу ҳолатлар ўз-ўзидан бошқа ҳақиқатни кўрсатади: агар тилни мустаҳкамлаш учун мунтазам кураш олиб борилган экан, демак халқда ўзга тилларга мойиллик, уларга оғиб кетиш кайфияти мавжуд экан-да?!
"Кул Тигин" битигидаги аламли ҳайқириқни эсланг: "Турк беклари туркча отини ташлади, табғач бекларининг табғачча отини қабул қилиб, Табғач хоқонига қарам бўлди".
Биргина шу гапнинг замирида қанча маъно ва армон ётганини англаш мумкин. Бундай ҳайқириқлар ҳар кимни ҳушёрликка чорлаши, кўзини очиши ва тил масаласи ҳеч кимнинг шахсий иши эмаслигини тушуниб етишига туртки бўлиши лозим.
Шу ўринда тил тўғрисида сўз юрита туриб, исмлар ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш жоиз.
"Кул Тегин" битигидаги ҳайқириқ бекорга битилмаган. Исм нафақат одамнинг, балки миллатнинг ҳам белгиси, кўзгуси ва ўзига хослиги.
Дунёга қаранг, шаклланаётган миллат фарзандларининг ўз туб исмлари йўқ. Улар фарзандларига ўзга миллат исмларини беради, ёки хаёлига нима ўнг келса, ўшани исм қилиб қўяверади.Тарихда миллатнинг йўқолиб кетиши, янги босқичга чиқиши инсон исмининг ўзгариши билан кечган. Бир пайтлар, собиқ СССРда ҳам барча миллатларни йўқотиб, совет миллатини ташкил қилиш ғоялари кенг тус олган ва бу одамларнинг ўз фарзандларига ғалати-ғалати исмлар қўйиши билан бирга кечган. Шукр қилиш керак, бу ҳолат барҳам топиб кетди ва энди одамлар фарзандларга миллий анъаналардан келиб чиқиб исм танламоқда.
Ачинарли жиҳати, гувоҳнома ёзиб берадиганларнинг чаласоводлиги, тилни билмаслиги миллатнинг аксарият қисмини номуносиб исмларда юришига олиб келмоқда. Ҳозирда исмининг ёзилишида хатоси бўлмаган инсон камдан кам топилади. Ходжа, Досмат, Махамат ва бошқа сон-саноқсиз исмлар борки, уларнинг бахтсиз эгалари, манқурт ўзини шу даражага олиб келган қалпоғига жон-жаҳди билан ёпишгани каби, шу номуносиб исмни ҳимоя қилишга ва уни айнан шу ҳолда ёзишни бошқалардан талаб этишга мажбур.
Ўзга тилларни ҳурмат қилган ҳолда, она тилини улуғлаш, ундан фахрланиш миллатнинг келажагини белгилайди. Бугун кўча-кўйда одамлар ўз тилидан уялмай, ҳазар қилмай, бемалол гапираётган бўлса, билингки, бу миллатнинг келажаги бор.
Тил тозалигини таъминлаш учун ёшларга тилларни яхшироқ ўқитишимиз лозим.
Ўзга тиллардан сўз кириб келиши буткул салбий ҳолат ҳам эмас, аслида. Ўз даврида Навоий ҳам ўзга тиллар сўзларидан фойдаланган. Қолаверса, рус сўзларини адабий тилга биринчи бўлиб олиб кирган ижодкор Завқий бўлади.
Рус тили ҳақида сўз борар экан, айтиш лозимки, у бугунги ўзбек тилига таъсир кўрсатаётгани учун айбдор эмас. Ва бу ҳолат фақат ўзбек тили билангина юз бераётгани йўқ. Бир вақтнинг ўзида бугун рус тилшунослари ҳам ўз тилларини четдан кириб келган сўзлар, янгидан пайдо бўлаётган жаргон(слэнг)лардан тозалолмай сарсон.
Нима деб ўйлагандингиз? XXI аср, глобаллашув даври! Маданиятлар, қадриятлар, тамаддунлар тўқнашмоқда, кесишмоқда. Жаҳонда инсониятнинг бирлашиш, умумийлашиш жараёни кечмоқда. Шундай ҳолатда асосий муомала воситаси бўлган тил чеккада тура оладими? Йўқ, албатта.
Ҳалиям бизнинг ёшлар янги сўз ва ибора яратишга, уларни чеккадан ўзлаштириб, ўзларига мослаштириб олишда рус ёшларичалик эмас. Руслар ўз фарзандларини яхшироқ, тўғрироқ тушуниш учун "Ёшлар слэнгларининг изоҳли луғати"ни ҳам чоп этишди. Бу яхшими ёмонми, бир нарса дейиш қийин. Бир жиҳатдан тил бойиётганга ўхшайди. Ахир ҳар хил сўзлар кўпаймоқда-да. Иккинчи жиҳатдан авлодлар ўртасида жарлик юзага келмоқда. Улар бир-бирларини яхши тушунмайди. Қолаверса, бу "слэнг"ларни ўқиб, тилнинг бойиётганига ҳам шубҳалана бошлайсан, киши. Янги кириб келаётган бир сўз ёки бирикма юзлаб сўзларни муомаладан сиқиб чиқармоқда. Сўз қашшоқлиги юзага келмоқда.
Шундай бир ҳолатни бизнинг ёшлар орасида ҳам кузатиш мумкин.
Лекин кишини қувонтирадигани, биз ҳали ёшларни тушуниш учун изоҳли луғат чиқариш даражасида эмасмиз.
Албатта, давлат тилимизни жаҳонга чиқиши учун ҳаракат қилишимиз керак ва вақти келиб, ўзбек тили ҳам жаҳон миқёсида ўрганилишига ишонамиз. Бироқ ҳозирча рус тили биз учун жаҳонга чиқиш ва бошқалар билан муомала қилиш учун асосий восита бўлиб қолаверади.Умуман, тиллар кўлмакка айланиб қолганда, йўқолиб кетади. Шунинг учун у ривожланиб, тараққий этиб бориши керак.
Тилларнинг тарихига назар солинг, улар доим ўзгалар ҳисобига бойиб, ривожланиб борган.
Бир пайтлар туркий тил араблар таъсирида, сўнг рус тили туркий таъсирида ривожланган.
Испан тилида гаплашадиган Лотин Америкаси халқлари эса ҳанузгача бу тилдан миннатдор. "Испанлар барча бойлигимизни талаб кетди, лекин бизга ўзлари билмаган ҳолда энг катта бойликни – испан тилини ташлаб кетишди", дейишади улар.
Рус тилини дунёнинг бой тилларидан бири сифатида ўрганиш ҳеч қачон ҳеч кимга зарар қилмаган. Бу тилнинг тараққиётига ҳисса қўшган буюк шахсларнинг кўплари умуман рус ҳам эмасди. Масалан, "Жонли буюк рус тилининг изоҳли луғати"ни яратган В.В.Далнинг аждодлари скандинавиялик бўлган. Тургеневнинг аждодлари туркийлар бўлган. Айтматов бу тилда қанчалар гўзал асарларини яратди.
Гап рус тилининг гўзаллигида ҳам эмас. Гап шундаки, ҳар бир тил ўз ҳолича гўзал, жозибали ва бетакрор. Ҳар қандай тил бебаҳо бойлик. Уни ўрганган киши эса ўша бойлик соҳибига айланади. Шунинг учун ҳам тил ўрганиш ҳеч қачон салбий баҳоланмаган. Чала-чулпа гапиришнинг негизини тил ўрганишдан эмас, чаласаводликдан ва фикр саёзлигидан қидириш керак.
Сўз сўнгида бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим: миллатнинг келажаги, ҳатто, уйда дастурхон бошида қайси тилда валақлашиб ўтиришимизга ҳам бевосита боғлиқ.
sputniknews-uz.com
1989 йилнинг 19 мартида Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдони Ўзбекистон тарихидаги илк норозилик намойишига саҳна бўлган эди.
Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати томонидан уюштирилган намойишда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаб этилган.
Ҳукумат мухолифат ва жамоатчиликнинг босимлари остида Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўяди ва орадан ярим йил ўтиб, 1989 йил 21 октябрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинади.
Ўзбекистоннинг расмий матбуоти ўзбек тилига ҳуқуқий мақом берилиши Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилганини таъкидлайди.
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг эслашича, Горбачевнинг ошкоралик сиёсати туфайли шоир ва ёзувчилар бошчилигида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришилган эди.
Би-би-си билан суҳбатда Жамол Камол бугунги кунда ўзбек тилига эътиборнинг етарли эмаслигини танқид қилди.
Жумладан, унинг айтишича, кейинги пайтларда давлат телевидениесида адабий тил нормалари қўпол равишда бузилмоқда, маҳаллий қўшиқчиларнинг ўз шеваларида қўшиқ ижро этишларига йўл қўйиб берилмоқда.
Таниқли адиб ва тилшунос олим шунингдек, ҳозирда муҳокама қилинаётгани айтилган Фанлар Академияси қошидаги Тил ва абадиёт институтини қисқартириш ёки тугатиш режаларига ҳам қарши чиқди.
Яқинда Ўзбекистондан қайтган сайёҳлардан бирига кўра, рус тилини билсангиз, мамлакатнинг барча минтақаларида ишингиз унади.
Шаҳарлардаги дўконлар ва эълонларнинг айрим ҳолатларда қарийб тенг ярми рус тилида битилган.
Рус тилида сўзлашиш, унинг сўзларига кўра, Шўролар замонида бўлгани каби ҳамон “маданиятлилик” белгиси саналади.
Тошкентда кечадиган халқаро анжуманларнинг аксари рус тилида ўтади.
Ўзбек мулозимлари ҳам хорижга сафар қилар эканлар, барча мулоқотларни рус тилида ўтказишади.
Биз Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларидан ўзбек тилининг ўтган 27 йил ичида қанчалар давлат тили бўлиб улгургани ёки улгурмагани ҳақида сўрадик.
"Давлат тили ҳақида"ги қонун ижроси таъминланмоқдами?
( Аксарият фикр-мулоҳазалар, изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда –таҳ.)BBCUZBEK FacebookFarkhod Abdurakhmonov: Ўзбек тилига давлат мақоми берилганидан кейин қарийб 27 йил ўтди, лекин ҳанузгача она тилимиз том маънода ўз мавқеъига эга бўлмади. Биринчидан, Қонун талабига кўра, давлат идораларида ишлаб Ўзбек тилини билмайдиган бошқа миллат вакилларига давлат тилини ўзлаштиришлари учун берилган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, ҳамон давлат структураларида тилни билмайдиганлар бемалол ишламоқдалар, ҳаттоки миллати Ўзбек бўлгани ҳолда ўз она тилида сўзлаша олмайдиган раҳбар ва мутахассислар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз давлат органларида фаолият кўрсатмоқдалар. Иккинчидан, телевидения, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида шевада гаплашиш одатга айланиб бормоқда. Муҳтарам адибимиз Жамол Камол интервьюда Хоразм санъаткорларининг ўз шеваларида қўшиқ куйлаётганларини таъкидлаб ўтдилар, қўшиқни бир томондан тушуниш мумкиндир лекин кино, телесериал ва бошқа кўрсатувларда шевада сўзлашларнинг кўпайиб кетаётганлиги ва унга биронта ҳам маъсул органлар ўз муносабатларини билдирмаётганлиги кишини ажаблантиради. Ҳеч ким шевада сўзлашишга қарши эмас, ҳар бир киши ўз она тилида, ўз шевасида гаплашишга тўла ҳақли. Ҳар бир миллат, элатга ўз тилидан фойдаланишига ва уни ривожлантиришига давлат ҳар томондан шарт-шароит яратиб бериши шарт. Айни пайтда давлат миқёсида, айниқса, ОАВларида, давлат иш юритишида ҳеч қандай истисносиз давлат тилида гаплашиш ва ёзишмаларни олиб бориш керак. Учинчидан, кўчаларда, оммавий жойларда, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида Давлат тили тўғрисидаги Қонун талаблари қўпол бузилмоқда, жумладан, ҳар хил афиша, реклама, эълонлар бошқа тилларда ёзилиши ҳолатлари ҳар қадамда учрайди, шунингдек, давлат тилида ёзишларда кўп хатоликларга йўл қўйилмоқда. Биз тилимизга давлат мақоми берилган санани ҳар йили қандайдир чора-тадбир ўтказиш билан чекланяпмиз, амалда тилимиз ривожига эътиборсиз, лоқайд бўлиб қолмоқдамиз. Тил миллатнинг асосий атрибути ҳисобланади ва унга аҳамият бермаслик айни пайтда миллатга, элга бефарқлик демакдир. Ўз миллатини, юртини эъзозлайдиган ҳар бир киши она тилини улуғлайди, қадрлайди. Миллий ғурури бўлган инсон ўз она тилида равон сўзлаша олиши, ёза билиши керак. Қанча кўп тил билсангиз шунча яхши бироқ биринчи навбатда она тилини яхши билиш зарур, яъни бошқа тилларни билишимиз ўз она тилимизни камситиш ҳисобига бўлиши керак эмас. Менимча, давлат тилининг эътиборсиз қолаётганлигига яна бир сабаб шундан иборатки, тирикчилик ташвишлари ва бошқа омиллар таъсирида ёшларимиз орасида, катталарда ҳам ўқишга, илмга иштиёқ сусайган. Китоб, газета, журнал мутолаа қилмаган инсоннинг тил бойлиги чекланади фақат маиший даражада ишлатиладиган сўзлардан нарига ўтолмайди. Юқоридагилардан хулоса қилсак, Давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг ижросини таъминлаш қониқарсиз аҳволда.
Зебо Наркузиева : Жуда тугри фикр ФАРХОДЖОН лекин сизга ухшаб жон куйдирувчилар камайиб кетган афсус . Сен менга тегма ,мен сенга тегмайман --дейилаяпти хозир .
Жанна Шукир: Q'zbekistonda Davlat tili to'g'risidagi Qonunning ijrosini ta'minlash qoniqarsis deb aytishga asos bor. Lotin yozuviga asoslangan o'zbek alifbosi tasdiqlangan. Lekin fikrlar "kirillcha" yozilibdi. Bunga ham e'tibor bersangiz Qonunning 1%-ni bajargan bo'lasiz.
Ali Bey O'zbek: Давлат тили мактабда,холос. Ташкилотлар, айниқса уяли алоқа ширкатлари давлат тилини бир тийинга эмас, бир чақага олмайди.Шартномалар 100 фоиз рус тилида тузилади...Рус тилини билмайдиган дилерлар тушунмасдан “хол қўйиб” ўзини хор қилаяпти...
Лутпитдин Мухитдинович Сулейманов: узбекистон халк артисти унвони бору, телевизорга чикиб ёки журналистлар бн мулокотда факат русча гапиришади , уялмайди хам. Айникса а р т и с т л а р, масалан райхон , муниса ризаева ва куп булар.
Dilafruz Rasulova: Интернетда ҳам Давлат тили қоидаларига амал қилиб ёзиш ҳақида қонун чиқса яхши бўларди.Жуда кўпчилик тилимизни бузиб, чексиз орфографик хатолар билан ёзади, ҳатто сўзларни хато ёзиш урфга ҳам кирганга ҳам ўхшайди.
Mukaddas Ismaılova : Рус ёки бошқа тилларда гапириш уят, хато экани балки жуда тўғри, аммо шевада гапириш нега хато экан, у бизнинг шевамиз, ўзбек тилида гапирадиган Ўзбек халқининг шеваси-ю, бир бошқа тил эмаску
Shakarbek Normatov: Тожик тилигаям давлат статусини беринглар баракатопкурлар. Бизни ҳамзабонларимиз куп ку Узбекистонда (нуфузлари узбеклардан сал озроқ). Тарихга назар боқинглар - шоир ва езувчилар асрлар икки тилда ижод қилганлар ва ҳеж бумаганда ҳозир замонда рус тилини жойини олишига ҳаққимиз бор деб уйлайман.
Jaloliddin Sadriddinov: Унақада Тожикистонда ҳам Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши керак...Ўзбекларни сони ҳам Тожикистонда анча кўп...
Ферган Амади: Аввало хурмати журналист жаноблари бирон бир маколани чоп этишдан олдин уни имловий, синтаксис ва граматик жихатдан хатолари йуклигни текшириб кейин кенг омма эътиборига такдим килиш керак. Сизда хатолар гиж-гиж. Маъно сарисок пиёз булиб ётибди. Масалани иккинчи жихати журалист ахли аввало публистик услубда ижод килади. Сизнинг бу маколангизда баъдий услуб етакчи хисобланади. Узбек тили деб хар кандан туркий атамаларни, ибораларни, архаик бирикмаларни ишлатиш керак эмас. Масалани ушбу жихатларини куриб чикиб кейингина тил хакида макола чикарса ярашармиди.
Jakhan Karakhan: Давлат тили рус тилию бизда
www.bbc.com
Низомий номидаги Ташкент давлат педагогика университети
Œзбек тили тарихи ва шарš тиллари кафедраси
Œзбек адабий тили тарихи
(маърузалар матни)
Ташкент - 2003
«Ўзбек адабий тили тарихи» бакалавриат босқичининг ўзбек тили ва адабиёти йўналиши ўқув режасидан ўрин олган асосий фанлардан биридир. Мазкур лекциялар тўпламида шу курс бўйича тузилган дастурнинг барча масалалари қамраб олинган. Унда адабий тил унинг пайдо бўлиши, манбалари, адабий тилга ижтимоий-тарихий воқеаларнинг таъсири, таянч диалекти, адабий тилнинг тараққиётида машҳур сўз усталарининг тутган ўрни, адабий тил услублари ҳамда адабий тилни яратиш бўйича турли хилдаги мунозаралар акс эттирилган.
Ушбу лекциялар тўплами дарслик, қўлланма ва илмий-методик манбалар материаллари асосида тайёранди.
Аширбоев С., Раҳматов М. Ўзбек адабий тили тарихи.
Масъул муҳаррир - 3. Мирхолиқов, филология фанлари номзоди.
Тақризчилар: М.Асқарова, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби», филология фанлари доктори, профессор. Л. Халилов, филология фанлари номзоди.
Ушбу лекциялар тўплами ТДПУ Илмий кенгашининг 2003 йил 9- сонли қарори билан нашрга тавсия этилган.
1-мавзу
КИРИШ
Режа
1. «Ўзбек адабий тили тарихи» тил тарихи фанларидан бири сифатида.
2. Адабип тил тарихи ва унинг манбалари.
3. Адабий тилнинг шаклланишида услублар тараққиёти.
4. Адабий тилнинг шаклланишида услублар тараққиёти.
5. Ўзбек тилининг бошқа туркий тиллар ўртасида тутган ўрни.
6. Ўзбек адабий тили ва қадимги туркий тил, қадимги ёзувлар.
7. Ўзбек адабий тили ва эсш туркип тил, ёзув ёдгорликлари.
Ўзбек адабий тили тарихи ўзбек тилшунослиги доирасига кирадиган ихтисосий фанлардан биридир. Маълумки, ўзбек тили тарихи уч мустақил предметни ўз ичига олади. Булар - «Қадимги туркий тил», «Ўзбек адабий тили тарихи» ва «Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси» предметларидир. Бу учала предмет ички хусусиятлари билан бир-бирига боғлик бўлишига карамасдан, текшириш объектларини ўрганиш усуллари жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.
«Қадимги туркий тил» курсида барча туркий қавмлар учун муштарак саналган турк руний ёзма ёдгорликлари, уларнинг фонетик, лексик ва морфологик ва синтактик хусусиятларини ўрганилади.
«Ўзбек тилининг тарихий грамматика»си тилнинг фонетик системаси тараққиётини, грамматик структурасининг ривожланишини ўрганиш билан қизиқади. Лекин тил ҳодисаларининг ижтимоий ҳодисалар билан муносабати, стиллар тараққиёти ва унинг турли кўринишлари, тилнинг нормаси каби масалалар унинг текшириш доирасидан четда қолади. Буларни эса «Ўзбек адабий тили тарихи» предмети текширади.
«Ўзбек адабий тили тарихи» курси тил тараққиётини халқ тарихи билан боғлиšлик ҳолда ёритиб беради. Адабий тил стилида юз берадиган барча ўзгаришлар у ёки бу даражада халқнинг моддий ва маънавий ҳаётида юз берадиган ўзгаришлар билан боғлиšдир.
Ишлаб чиқариш ва савдонинг ривожланиши, синфларнинг пайдо бўлиши, давлатларнинг келиб чиқиши, илм-фан ва адабиётнинг тараққиёти каби ижтимоий-тарихий омиллар тил тараққиётига таъсир кўрсатади. Бу ҳар бир омил ўзбек адабий ўзбек адабий тилида ўз аксини топиши билан чегараланиб қолмасдан, балки улар бадиий тасвир воситалари тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади.
Тил тарихини ўрганиш ҳозирги замон ўзбек тилини тарихий тушуниш, яъни бу тилнинг узоқ асрлар мобайнида давом этган мураккаб тарихий жараёнларнинг тарихий самараси эканини кенг тушуниш имконини туғдиради. Ўзбек тили, унинг адабий формаси узоқ давр ва асрларнинг тарихий маҳсулидир. У тарихда маълум бўлган бошқа тиллар каби уруғ тилидан қабила, қабила тилидан халқ ва халқ тилидан миллий тилга қараб тараққий этди. Узоқ асрлар давом этган бу жараёнда ўтмиш асрлардаги тил ҳодисалари кейинги даврлардаги тил ҳодисаларидан фарқланиб қолди. Ижтимоий тарихий тараққиёт талабларига жавоб беролмаган тил ҳодисалари аста-секин умумтил алоқасидан чиқиб кетди. Уларнинг ўрнини замон талаби билан юзага келган янги тил ҳодисалари эгаллади. Шунинг натижасида юқорида айтилгандек, ҳозирги замон ўзбек тили ўзининг ўтмишидан узоқлашиб кетди. Бу ҳолатни ёзув ёдгорликларида акс этган ҳодисалар билан қиёслашда яққол кўриш мумкин.
Маълумки, тилнинг структура элементлари узоқ ўтган давр ичида бир хилда ўзгариб келмади. Ижтимоий-тарихий таракқиёт даставвал тилнинг лексикасига ўз таъсирини ўтказади. Шунинг учун тилнинг бошқа структура элементларига кўра тилнинг луғат состави ўзгарувчан бўлади.
Тилнинг луғат составига қараганда унинг грамматик курилиши секинлик билан ўзгарган. Тилнинг фонетик системаси фамматик структурасига нисбатан яна секинлик билан ўзгаради.
Ўзбек адабий тили тарихининг объекти матн ва адабий тил ҳисобланади.
Адабий тил тарихининг энг муҳим вазифаларидан бири буюк сўз усталари томонидан ривожлантирилган умумхалқ тилининг қайта ишланиш хусусияти ва ролини аниқлашдир.
Ўзбек адабий тили тарихи бир қатор фанлар билан боғлиš равишда ўрганилади ва улар билан узвий боғланади. Биринчи навбатда, ўзбек тилшунослиги доирасига кирадиган фанлар билан узвий боғланади. «Ўзбек адабий тили тарихи», «Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси», «Ўзбек диалектологияси»нинг берган илмий хулосаларига суянади. Айни замонда ҳозирги ўзбек адабий тили курсига илмий замин ҳозирлайди. 2-навбатда «Адабиёт тарихи» фани билан боғланади, чунки улкан ва бой маданий ёдгорликларимиз шу давр тилини ташувчи манба хисобланади. 3-навбатда «Ўзбекистон тарихи» фани билан муносабатда бўлади, чунки адабиёт ва тил тарихини халқ тарихисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ўзбек адабий тили тарихининг асосий манбаларига ёзма обидалар - бадиий, илмий асарларнинг мантлари, шева материаллари, жой номлари, киши исмлари, ҳозирги ўзбек адабий тили материаллари, тарихий лингвистик луғатлар, туркшуносликка оид ўзбек, рус ва хорижий олимларнинг тадқиқот ва қўлланмалари киради.
АДАБИЙ ТИЛ ВА УНИНГ ШАКЛЛАРИ
Адабий тил деб лексик состави барқарор, фонетик ва грамматик қурилиши силлиšлашган умумхалš тилининг олий формасига айтилади. Адабий тилнинг юзага келиши шу тилнинг халқ ва миллий тил босқичлари билан боғликдир. Маълум бўладики, адабий тил халқ ёки маиший тил заминида яратилади. Шунинг учун ҳам ўзбек адабий тилининг шаклланишини XIII аср охири ва XIV аср бошлари билан, эски туркий адабий тилнинг (қорахонийлар давлати адабий тили) шаклланишини XI – XIII асрлар билан боғлайдилар.
Адабий тил асосий эътибори билан умумхалқ тилидир, лекин у сўз усталари томонидан ижодий бойитилган ва қайта ишлангандир.
Адабий тилнинг ёзма ва ођзаки формалари бор. Маълумки, ёзувсиз адабий тил бўлиши мумкин эмас. Ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва силлиšланиши Ўрта Осиёда ёзувнинг пайдо бўлиши билан ёзувдан олдинги халқ оғзаки поэтик ижодини оғзаки адабий тилнинг кўриниши деб қараш мумкин. Демак адабий тилнинг оғзаки формаси ёзма адабий тилнинг вужудга келишига замин яратган. Бу эса сўз адабий тил ёзувдан олдин юзага келди деган хулосани бермайди. Ёзма адабий тил оғзаки адабий тилнинг маълум нормада сақланиб туриши учун хизмат қилади, чунки адабий тил ёзув билан шакллангандагина ўзининг нормаларига қатьий эга бўлади. Адабий тилнинг нормалаштирилган тил дейилишининг боиси ҳам шундадир. Адабий тил диалект ва жаргонлардан ўзининг нормага солинганлиги билан фарқ қилади. Адабий тил услубда, сўз қўллашда, морфологик ва синтактик моделларга риоя қилишда ҳар бир тилнинг ўз ички қонунлари доирасидан чиқмайди. Оғзаки адабий тил эса, тил тараққиётининг маълум даврида бир хил талаффуз нормаларига амал қи,лишни талаб қилади.
Тилнинг тараққиётига боғлиқ равишда адабий тил нормаси ҳам ўзгариб боради. Масалан, ўзбек адабий тилида Алишер Навоий давридан бери унинг луғат составида ва грамматик курилишида турли ўзгаришлар бўлди.
АДАБИЙ ТИЛНИ ТАРИХИЙ-СТИЛИСТИК ТОМОНИДАН ЎРГАНИШ МАСАЛАСИ.
Ўзбек адабий тили тарихининг вазифаси бадиий, публицистик, илмий- оммабоп, документал асар ва ишларнинг тилини, уларда адабий тилнинг акс этишини, тараққиёт жараёнини ҳамда уларнинг стилларини ўрганишдан иборат. Умуман, адабиий тил тараққиёти икки аспектда ўрганилади; тарихий ва стилистик. Улар бир-бири билан боғлиқ ҳолда ўрганилади. Адабий тил стиллар системасидан иборат бўлиб, у турли даврларда жамиятнинг ривожи билан турли хил бўлиши мумкин. Чунки фикрни ифода этиш жараёнида хар бир асар нутš тузилишининг ўзига хослиги билан фарқланади.
Адабий тил стили тараққиётини адабий жанрлар тараққиётидан ажралган қолда қаралмайди. Тил бирликлари ва уларнинг қўлланиши нормалари асар жанри билан мустаҳкам алоқададир. Шунинг учун ҳам адабий тилнинг стилларини классификация қилганда,унинг жанр хусусияти ҳисобига олинади. Жанрларга қараб адабий тилнинг стилларини қуйидаги группаларга ажратиш мумкин.
1. Адабий-бадиий стил. Бу икки группага бўлинади: поэтик услуб ва прозаик услуб.
2. Ижтимоий-публицистик стил. Бунга газета-журнал, адабий-танқидий ишлар, мақолалар ва очерклар стили киради.
3. Илмий баён стили. Бунга бутун фанларга доир илмий асарларнинг стили киради.
4. Профессионал техник стил. Бу турли касб-ҳунар соќасида иш юритувчилар учун хизмат қилади.
5. Расмий ҳужжатлар стили.
6. Ҳар хил ёзишмалар, кундалик ва хатларга хос бўлган стил.
Адабий тил таракқиётининг турли даврларида адабий стилларнинг қўлланиши доираси ўзгариб боради. Масалан, инқилобгача ўзбек адабий тилида поэзия стили кенг қўлланган бўлса, ҳозир проза стилига ўз ўрнини бўшатиб бермоšда.
Энди адабий стиллар учун нималар умумий ва нималар ўзига хос хусусиятлари билан фарқланиб туради,деган саволга жавоб берамиз. Адабий тил стили учун умумий бўлган хусусият тилнинг структура элементларидан-тилнинг фонетик, грамматик ва лексик элементларидан фойдалана олишидир. Тилда шундай сўзлар борки, улар адабий тилнинг барча стилларида қатнаша олади. Бу каби сўзларни илмий адабиётларда стилистик нейтрал сўзлар деб ҳам юритилади. Масалан, оқ, сув, ўтирмоқ, бормоқ. Бундай умумийлик лексикада чегараланган бўлса, фонетик ва морфологияда деярли чегараланмаган.
Стиллар қуйидаги хусусиятига кўра бир-биридан фарқ қилади;
1. Сўз танлаш хусусиятига кўра. Расмий šоғозларда стилистик нейтрал сўзлар кўп қўлланса, шеъриятда образли сўзлар кўп қўлланади.
2. Терминологик маъноларига кўра. Масалан, морфология тилшуносликда сўз формаси ҳақидаги таълимотни билдирса, медицинада ҳужайралар ҳақида фикр юритиладиган соҳани билдиради ва х.к.
Ўзбек тили Ўрта Осиёдаги қорақалпоқ, туркман, қирғиз, МДЌ давлатларидан Волга бўйидаги татар, бошқирд, чуваш, Кавказдаги озарбайжон, қумук, šорачой, болқар, қримдаги гагауз, қрим-татар, чет мамлакатларидаги уйғур, усмонли турк каби қатор тиллар билан биргаликда алоҳида тил группасини ташкил этади. Бу группа фанда туркий тиллар оиласи деб юритилади. Туркий тиллар умумий группа қурилиши, фонетик тенг келиши, луғат состави жиҳатидан бир-бирига яқинлик даражаси шу тиллар таракқиётининг кейинги даврида юзага келган ҳодиса бўлмай, балки šадимги ҳодисадир. Туркий тиллар қанчалик қадим бўлса-да, улар орасидаги ўхшашлик, яšинлик кўпдир. Буларнинг ҳаммаси туркий тиллар қадим замонларда қандайдир бир тил манбаига, негизига эга бўлганлигидан дарак беради. Туркий тиллар эса,ўз навбатида, бошқа тиллар билан алоқасиз ва бошқа тиллардан ажралиб қолган оила тили бўлмаган, аксинча улар Олтой группасига кирадиган бошқа тиллар билан кўп жиҳатидан тарихий умумийликка эгадир. Туркий тилларнинг ўзаро ўхшашлик даражалари қуйидагиларда кўринади:
1. Ўзбек тилидаги сўзлар бошқа туркий тиллардагидек асосан уч товушли бўлади: бил, тил, кел, кўз ва ҳ.о.
2. Ўзбек тилида ва бошқа туркий тилларда кўп бўғинли сўзлар жуда кам. Асосан бир бўғинли: от, ов, ой; икки бўғинли бўлади: икки, олти, етти ва ҳ.о.
3. Барча туркий тиллардаги сингари сўзлар кўп маънолидир: бош, тош, тиш, уч.
4. Айрим кўмакчиларни ҳисобга олмаганда, сўзининг охирги бўғинида ундошлар šатор келмайди: остки, устки.
5. Бошқа туркий тиллардаги каби аффикслар сўз охирига қўшилади. Бундан форс-тожик тилидан ўзлашган префикслар мустасно.
6. Барча туркий тиллардаги сингари ўзбек тилида агглютинация қонунлари амал қилади ва ҳ.о.
Юқоридаги ўхшашликлар билан бир қаторда ўзбек адабий тили ўзига хос хусусиятлари билан бошқа туркий тиллардан фарқ қилади.
Масалан; ўзбек адабий тилида унлилар олтита (а, ә, о, ў, у, и) қирғиз тилида саккизта (а, ә, о, ө, у, ү, и, ы), уйғур тилида ҳам саккизта (а, э, о, ө, е, у, ү, и), хакос тилида эса тўққизтадир.
Ҳозирги ўзбек адабий тилида сингармонизм қонуниятига амал қилмайди, бошқа туркий тиллар эса бу қонуниятга амал қилади.
Эски ўзбек тилида унлилар уйғунлиги бўлган, лекин у қаттиқ ва юмшоšликка қараб фарšланган: кәлдук, көрүң, барды.
Ўзбек тилининг ундошлар тизими бошқа туркий тилларга мос тушади. Аммо туркий тиллардан баъзиларида ундошлар бошқачароқ ишлатилади.
Ўзбек ва туркман тилларида сўз бошида келадиган й товуши қипчоқ гуруҳидаги туркий тилларда дж ва ж товуши билан берилади: йигит - жигит, йўқ –жўқ, етти — жетти.
Ўзбек тилида к, т билан бошланадиган сўзлар ўғуз гурухидаги туркий тилларда д, г билан берилади: темир - дэмир, тевэ — дева, тил - дил, кўз — гўз, кун -гун каби.
Ўзбек тилида айрим сўзларда ч, ш ундошлари ишлатилгани ҳолда, қорақалпоқ ва қозоқ тилларида с ундошлари ишлатилади: куч — куш, оч - аш, тиш — тис, бош-бас каби.
Ўзбек тилида ғ ундоши билан тугаган сўзлар татар, бошқирд, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ тилларида (в) у ундошлари билан берилади: тоғ – тав – тау, боғ – бав – бау, соғ – сав – сау кабилар.
Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги туркий тиллар грамматик šурилишида ҳам ўхшаш томонлар мавжуд. Туркий тиллардаги сўз туркумлари, сўз ясовчилар, сўз ўзгартирувчилар, шакл ясовчилар бир-бирига ўхшайди. Аммо аффикслар ҳар бир тилнинг ўз фонетик тузилишига кўра турлича вариантларда келади.
Масалан, ўзбек адабий тилидаги кўплик -лар афикси билан ифодаланади. Боқша туркий тилларда ҳам -лар билан берилади. Лекин қозоš тилида олтита (-лар, -ләр, - дар, - дәр, - тар, - тәр), қиргиз тилида ўн иккита (-лар, -ләр, - дар, - дәр, - тар, - тәр, - лор, - ләр, - дор, - дәр, - тор, - тәр) варианти бордир.
Худди юқоридаги каби ўзбек тилидаги келишик, эгалик, кесимлик, шахс, замон, аффикслари боқша туркий тилларнинг талаффуз қонунига кўра турлича фонетик вариантларда ишлатилади.
Ўзбек тили билан бошқа туркий тиллар ўртасидаги ўхшашлик ва ноўхшашликлар уларнинг луғат таркибида ҳам мавжуддир. Агар ўзбек тили луғат таркибини кўздани кечирсак, унда умумий туркий тилларга, Ўрта Осиё ва Қозоғистон туркий тилларга тегишли ва фақат ўзбек тилининг ўзига хос сўзларини учратамиз.
Умумий туркий тилларга тегишли сўзларнинг дастлабки қўлланишини руник ёзма ёдномаларда учратамиз. Ўрта Осиё ва Козоғистондаги туркий халқларга алоқадор бўлган сўзларнинг дастлаб ишлатила бошланиши Х-ХIII асрлар ёдгорликларида кўрамиз.
Ўзбек тилида бошқа туркий тилларга хос хусусиятлар билан бирга туркий бўлмаган тилларда сўзлашувчи унсурларнинг таъсири ҳам бор. Бу ҳол ўзбек тили материаллари асосида туркий тилларга оид бир қатор муаммоларни ҳал қилишда šиёсий-тарихий усулни жорий қилишга кенг имкон беради.
Тилларнинг šариндошлигини қиёсий-тарихий усул асосида ўрганишни биринчи марта Маҳмуд Қошғарий бошлаб берган. Бироқ унинг жаҳон ахамиятига эга бўлган «Девону луғатит турк» асари етарли даражада ўрганилмаган.
Маълумки, VI асрда туркий кабилалар кучайиб, ўзларининг кўчманчи Тукю империясини тузади.Бу империянинг чегараси Амударё, Марв, Балх, Ҳиндистонга бориб тақалар эди. Ўзаро урушлар ва араблар истилоси натижасида Тукю давлати икки қисмга ажралади. Бири маркази Еттисув бўлган ғарбий туркларга ва иккинчиси маркази Мўғилистон бўлган шарқий туркларга ажралади. Еттисувдаги Тукю давлати тургешларга ўтади. VIII асрда ўђиз ва қарлуқларнинг сиšуви остида бу давлат қарлуқларга ўтади ва Тукю давлати IX асрнинг бошигача Еттисувни эгаллаб турганлар.
Уйғурлар 745 йилда дастлаб шарšий тукю ерига, сўнг ғарбий тукю ерига хужум қилиб, бутун Тукю давлатини босиб олади. 840 йилда қирғизлар уйғурларга қарши курашиб, ќокимиятни қўлга киритадилар. Шундан сўнг уйғурларнинг бир қисми қарлуқлар томонига ва бир кисми Тибетга кетади.
Худди ана шу даврда ҳозирги ваšтда амалда қўлланиб келинаётган туркий тиллардан биронтасига ҳам тўла мос келмайдиган қадимги туркий адабий тили пайдо бўлади.
Қадимги туркий адабий тилнинг ёзма ёдгорликлари турк-руний (Ўрхун-Энасой) ва турк-уйғур ёзуви орқали бизгача етиб келган. Бу ёзувлар орқали етиб келган ёдгорликларни туркий тилларнинг биронтасига тегишли деб бўлмайди. Чунки уларда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда яшовчи туркий халқларга тегишли фонетик, грамматик ва лексик хусусиятларни учратамиз.
Масалан: Култәгин йоқ, әрсәр, көплөлтари әртигиз. Иним Култегин кәргәк болты, өзим сақынтьм; көрүр көзүм көрмәзтәг, билир билигим билмәзтәг болты, өзүм сақынтым. Од тәңри йасар, киси оглы көп олғәлы (ёки өлүгли) торумыс.
Култагин обидасидан келтирилган бу парчада қарийиб ҳамма сўзлар тушунарлидир: Култегин бўлмаганда эди, сиз ҳаммангиз ўлар здингиз. Иним Култагин керак бўлди, ўзим сођиндим, кўрар кўзим кўрмасдек, билган билимимни билмагандек бўлдим, ўзим согиндим. Оҳ, тангри, инсон ўғли ўлиш учун туғиладими?
Кўриниб турибдики, қадимги туркий ёзув ёдномалари умумтуркий тиллар учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, ёзма ёдгорликлар бизга ёзув орқали етиб келган. Шундай экан, туркий халқлар қандай ёзувлардан фойдаланган? - деган савол туғилади. Тарихий ва археологик манбаларнинг кўрсатишича, Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги туркий халқлар оромей, сўђдий, хоразмий, урхун-энасой ёки руний, уйғур, араб ёзувидан фойдаланганлар
Оромей ёзувининг таъсирида шаклланган сўғдий ва хоразмий ёзувлари эрамизнинг 1-У асрларида ишлатилган. Шунингдек, оромей ёзуви таъсирида эрамизнинг биринчи асрида уйғур ёзуви шаклланади. V асрга келиб эса, руний номи билан аталган урхун-энасой ёзуви пайдо бўлади.
Руний ёзуви оромей ёзуви таъсирида пайдо бўлган сўғдий ва хоразмий ёзувлари асосида шаклланган. Бунга туркий тиллар товушларини ифодаловчи тамға шаклидаги ҳарфлар ҳам қўшилган.
Бу ёзувларнинг борлиги фан оламига XVIII асрдагана маълум бўлди. Уларнинг намуналари Энасой дарёси бўйида топилади. XIX аср охирида рус сайёҳи ва ёзувчиси Н.М.Ядринцев Урхун дарёси бўйидан шу хилдаги ёзувларни топади ва тузилиши жиҳатидан Герман руник ёзувларига ўхшагани учун руний ёзув деб атайди. Руний ёзувдаги ёдгорликлар катта ҳудудга тақалган бўлиб, улар феодал ҳукмдорлар ва уларнинг қариндошлари қабри устига қўйилган тошлар, идишлар, ёғоч ва тоғ қояларда сақланган. Бу ёзувдаги битиклар Энасой дарёси бўйларидан, Қирғизистоннинг Талас водийсидан, Урхун дарёси Селенга ҳавзаси ва унга яқин жойлардан, Бойқол кўли атрофларидан топилган.
Уйғур ёзуви янги сўғд ёзуви асосида шаклланган бўлиб, у кейинчалик мўгулларга ва мўғуллардан манжурларга ўтган. Уйғур ёзуви VI тортиб XV асргача туркий халқларда ва буддавийлар орасида XVIII асргача ишлатилиб келинган. Уйғур ёзуви асосида 1Х-Х асрларга тепишли бўлган туркий тилларнинг ёзма ёдгорликлари пайдо бўлади. Улар диний, фалсафий хусусиятга эга бўлган асрлардир.
Уйғур алфавити билан ёзилган ёдгорликларнинг хусусияти ва мазмунига қараб, қуйидагиларга бўлиш мумкин: 1. Уйғур ёдгорлиги. 2. Маънавийлик ёдномаси. 3. Буддий ёднома. 4. Христиан ёдномаси.
Х1-ХУ асрларга оид кўпгина йирик асарлар турк уйғур ёзувида тартиб қилинган. Масалан, «Меърожнома», «Тазкираи авлиё», «Бахтиёрнома» каби бир қатор асарлар шу ёзувда кўчирилган. «Қутадғу билиг», «Ҳибатул ҳақойиқ», «Муҳаббатнома» каби асарларнинг уйғур ёзувида кўчирилган нусхалари ҳам мавжуд.
Академик В.В. Радлов биринчи марта кадимги туркий адабий тилнинг ўзига хос диалектларини ўрганиб чикди ва уни шимолий, жанубий ва аралаш диалект деб уч гуруҳга бўлди. Шимолий туркий адабий тилга руний ёки ўрхун-энасой ёзувлари асосида вужудга келган тил киритилади. Бу тилга хос хусусиятларидан бири сўз бошида ва сўз охирида жарангли ундошлар ўрнида кўпроқ жарангсиз ундошлар келишидир. Лекин бундан б ундоши истиснодир, чунки сўзнинг охири н ва нг товушлари билан тугаган сўзларда сўз бошидаги жарангли б ундоши сақланади: бән-мен, бинг-минг, бин-мин каби. Масалан Тонйуқуқ бәнәг айды - Тойўқуқ менга айтди (Тонйўқуқ). Багну таш тақытдым-Мангу тош тикдим (Култагин).
Бундан ташқари, т товуши сўз бошида кўп ишлатилади: Су барын тиди -Қўшин билан бор деди (Тонйўқуқ).
Тушум келиши учун асосан -ғ (-г) / -ығ - иг - уғ - үг аффискли шакл қўлланган: сабығ - сўзни, йағығ - душманни (Тонйўқуқ), он әриг - ўн эрни (Култагин).
Қаратқич келишиги аффикси -нинг/-инг шаклида ишлатилган: Култәгинниң алтунын, күмүшүн; Қағаның сабы -Хоқоннинг сўзи; бизиң сү - бизнинг аскар (Култагин).
Ўрин-пайт, чиқиш келишиклари учун — да / - дә// - та / тә аффиксли шакл қўлланган: Түргеш қағанта көрүг кәлти - Тургаш хоқондан айђоқчи келди (Култагин), Қырқызта йанты- миз — Қирғизлардан қайтдик (Тонйўқуқ).
Ўтган замон феъли маъносида -ды / - ди // - ты / - ти, - мыш / - миш (- мыс / - мис) аффиксларидан ташқари — дуқ / - дүк аффиксли шакл ҳам қўлланган. - дуқ / - дук аффиксли шакл ўтган замон феъли маъносида шахс-сон кўрсаткичисиз учала шахснинг бирлиги ва кўплиги учун ишлатилаверган.
Œрхун-Энасой ёзув ёдгорликларида ҳозирги туркий тилларга хос сўзлар учрайди: эл (эл), бен (мен) илиг (қўл), сиз, оғлан, йаш, ат, тәңри, алтмыш каби. Лекин семантик хусусиятлари билан истеъмолдан чиқиб кетган сўзлар ҳам мавжуд: бодун (халқ), бағ (иттифоқчшшк), сү (қўшин), сабым (сўзим) ыты (юборди), тосық (тўйган), укуш (кўп) каби.
Қадимги туркий тилнинг жанубий гуруҳ диалекти уйғур ёзуви асосида пайдо бўлган. Буларга Селенга, Сужи ва Турфон ёдгорликлари киради. Жанубий гурухдаги тиллар фонетик жиҳатдан шимолий гурухдаги тиллардан охири н, нг билан учрайдиган сўзлар бошидаги б товушининг м товушига ўзгариши билан фарқланади: баңу - маңу (мангу), бан - мен, бың - миң каби.
Қаратқич келишиги -ның / -ниң аффикси билан, чиқиш келишиги - дын / -дин // - тын / -тин аффикси билан ифодаланади. Феълнинг ўтган замон шакли ҳар бир шахс ва сон учун алоҳида аффиксларга эга.
Аралаш диалектнинг фонетик жиҳатдан ўзига хос хусусиятлари товушининг т товуши билан, ч товушининг з товуши билан алмашиниб ишлатилишидир: ачун -азун (дуне), атун - адун (бошқа) каби.
Савол ва топшириқлар:
1. «Ўзбек адабий тили тарихи» фани нимани ўрганади?.
2. Адабий тил шакллари нималардан иборат?
3. Ўзбек тили тарихига оид қандай адабий манбаларни биласиз?^
4. Адабий тилнинг шаклланишида услублар тараққиётининг аҳамияти нимадан иборат?
5. Адабий тилнинг оғзаки ва ёзма шакллари деганда нимани тушунасиз?
Таянч тушунчалар:
Ўзбек тили тарихи - ўзбек тилининг туркий тиллардан ажралиб мустақил тараққий этишини ёритадиган фан.
Кадимги туркий тил - барча туркий қавмлар учун муштарак саналган турк руний ёзма ёдгорликлари, уларнинг фонетик, лексик ва морфологик ва синтактик хусусиятларини ўрганувчи фан.
Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси - ўзбек тилининг фонетик, лексик-семантик, морфологик ва синтактик тизимининг ўрганувчи ўзбек тили тарихининг узвий кисми.
Ўзбек адабий тили тарихи - ўзбек адабий тилининг тарихий тараққиётини, нормалари тарихини ўрганадиган ўзбек тили тарихининг узвий қисми.
Ўзбек адабий тили тарихи фанининг манбалари - буюк сўз усталари томонидан яратилган адабий ёдгорликлардир.
uz.denemetr.com