Ўзбек тили давлат тилига айландими? Узбек тили давлат тили реферат


Она тили – миллатнинг руҳидир

Фото: ЎзА

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бундан  27 йил  муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг  айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши  тарихда  кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немец, рус ва  япон тиллари ҳам киритилган. Жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Тахлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.

Мавжуд тилларининг 90%нинг ҳар биридан 100.000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда  357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг ичида экани қувонарли, албатта.

ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда.

АҚШ ҳудудларига еврропаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда шимолий Америка ҳиндуларнинг камида 150та тили сақланиб қолган. Лейпциг  университети ходими Бальтазар Бикелянинг сўзларига қараганда,  Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.

ЮНЕСКО хомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим тахлилчилар, тилларнинг йўқолишига  глобализациядан ташқари айрим хукуматлар олиб бораётган сиёсат хам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.

Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган худудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари хам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил хисобланиб келинган иврит тили хам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сухбатлашади.

Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин  Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёхванд моддалар истеъмоли туфайли  йўқ  бўлиб  кетган. Эндиликда эса кичик бир халқ ёшларининг келажаги порлоқ сифатида кўриладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак

Шарофиддин Тўлаганов

kun.uz

«Давлат тили ҳақида»ги Қонун – амалда

1. /Til bayrami.doc«Давлат тили ҳақида»ги Қонун – амалда
«Давлат тили ҳақида»ги Қонун – амалда

(таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда тил байрамларини ўтказиш юзасидан тавсиялар)

Тил миллатнинг улкан бойлиги, бебаҳо мулкидир, дейилади Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунида. Муҳтарам Президентимиз И.А.Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида ҳам тилга алоҳида урғу бериб, «Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир» деб таъкидлаб ўтилган.

Бу йил Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинганига 21 йил тўлди. Республикамизнинг барча меҳнат жамоаларида, шунингдек барча таълим-тарбия муассасаларида давлат тилига бағишланган турли тадбирлар – бадиий кечалар, илмий-амалий анжуманлар, ҳафталиклар, кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, тилшунос олимлар ва санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил қилинадики, буларнинг ҳаммаси тилимизнинг бойлигини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади. Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад таълим тилидан қатъий назар мактаб ўқувчилари онги ва қалбига миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини сингдириш, уларда миллий ва умумбашарий қадриятларга, шу жумладан ўзбек тилига меҳр-муҳаббат ва ҳурмат, она-Ватанга садоқат, инсонлараро бағрикенглик каби энг юксак туйғуларни камол топтиришдан иборат. Шундай экан, таълим муассасаларида тилга бағишланган очиқ дарслар, кўрик-танловлар, учрашувлар, амалий анжуманлар ўтказилиши, турли мазмундаги кўргазмалар ташкил қилиниши мумкин. Жумладан, «Ўзбек тили – давлат тили», «Ўзбек тили тарихи», «Ўзбек тили – миллатлараро дўстлик тили» “Тил – миллат фаҳри”, «Ўзбек тили ва миллий қадриятлар», “Тил – дилларни боғлайди” ва шу каби мавзуларда очиқ дарслар ўтказилиши, мазкур дарслар замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этилиши, унда мактаб маъмурияти, фан ўқитувчилари ва ота-оналарнинг иштироки таъминланиши, энг яхши очиқ дарс баҳоланиб, ўқитувчи тақдирланиши лозим. Шунингдек, ўқувчилар томонидан “Ўзбек тили – дўстлик тили”, “Биз баркамол ёшлармиз”, “Миллий қаҳрамонларимиз”, “Буюк алломаларни ёд этиб”, “Китоб – билим манбаи”, “Адабиётимиз сиймолари”, “Мен ёқтирган асар” мавзуларида рефератлар, деворий газеталар тайёрланиши, уларнинг энг яхшилари танлаб олиниб мактаб фойесида кўргазмалар ташкил этиш ва ўқувчиларни рағбатлантириш керак.

Беллашув хусусиятига эга бўлган, топқирлар, зукколар ўйини тарзида ўтказиладиган дарсдан ташқари тадбирлар ўқувчиларда жуда катта қизиқиш уйғотади, уларни фаолликка ундайди. Шу мақсадда бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Ким кўп шеър билади?”, “Энг чиройли ёзув эгаси”, “Ўзбек тили билимдонлари”, “Эртаклар оламига саёҳат” мавзуларида чиройли ёзув, ёш китобхонлар мусобақалари, викториналар, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар ўртасида «Энг намунали ўзбек тили хонаси», «Энг яхши дарс ишланмалари», «Ижодкор ўқитувчи», “Энг нутқи равон педагог”, “Энг ёш суҳандон”, “Энг нутқи равон ўқувчи” кўрик-танловларини ўтказиш; юқори синф ўқувчилари иштирокида ўтказиладиган тадбирларда тил, унинг жамият ва инсон ҳаётида тутган ўрнига бағишланган бир қатор маърузалар киритилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари томонидан тилга бағишланган деворий газеталарнинг тайёрланиши, тасвирий санъатга лаёқати бор ўқувчиларнинг ўзбек адиблари асарлари асосида чизган суратлари кўргазмаси ташкил этилиши мумкин. Бундай тадбирлар ўқувчиларда фанга янада кўпроқ қизиқиш уйғотиши учун тадбирда фаол қатнашган иштирокчиларни муносиб рағбатлантириш лозим. Ҳар бир тадбирдан тайёрланган фотолавҳаларни мактаб фойесида жойлаштириш, тадбир ҳақида мақола ва суратларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш давлат тилини ўрганишга қизиқишни кучайтиришга хизмат қилади.

Қуйида «Она тилим – она халқим ғурури» мавзусидаги тил байрами тартиботи илова этилади.

Ona tilim – ona xalqim g`ururi

(Til bayrami tartiboti)

Tadbir o`tkaziladigan joy bayramona bezatilgan. Sahna to`rida Alisher Navoiy portreti, she`riy misralar, hikmatli so`zlar plakatlar osilgan. Magnitofon tasmasidan ohista kuy taraladi.

Sahnaga ikki boshlaovchi chiqib kelishadi.

1-boshlovchi: Assalom, davramizning quvnoq o`g`il qizlari, she`riyat osmonining eng chaqqon yulduzlari.

2-boshlovchi: Qabul aylang do`stlarim, bu bizning shirin kalom. Qo`limiz ko`ksimizda deymiz sizga assalom.

1-bochlovchi: Assalomu-alaykum hurmatli ustozlar, aziz ota-onalar. Mana bu yil O`zbek tili davlat tili deb e`lon qilinganiga ham__20__ yil to`ldi.

2-boshlovchi: Prezidentimiz I.Karimovning say`I harakatlari bilan 1989 yil 21-oktabrda O`zbek tiliga davlat tili maqomi berildi. O`zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining I-bob 4-moddasida « O`zbekiston Respublikasining davlat tili o`zbek tilidir» deb yozib qo`yilgan.

1-boshlovchi: Yana O`zbekiston Respublikasi o`z hududida istiqomat qiluvchi barcha millat va elatlarning tillari, urf-odatlari va an`analarini hurmat qilishni ta`minlaydi. Ularning rivojlanishini ta`minlaydi. Ularning rivojlanishi uchun sharoit yaratadi, deyilgan mazkur moddada.

2-boshlovchi: “Til o`zlik ko`zgusi”. Haqiqatdan ham, mamlakatning shakl-shamoili o`z tilida yaqqol namoyon bo`ladi. Shuning uchun ham ona tili har bir insonning g`ururi va iftihoridir. Bugun biz tilimizni buyuk muhabbat, cheksiz fahr bilan talqin etar ekalnmiz, shoir so`zlari beihtiyor yodga tushadi.

Ona tilim – onam alla aytgan til

Ko`zlarimga surtay har bir so`zingni

Sen borsan dunyoda o`zbek degan el

Kuylab, yashayverar «Qaro ko`zim»ni

(Sahnaga kitoblar tasviri tushirilgan mo`jaz plakatlar tushirilgan o`quvchilar chiqib keladilar).

1-boshlovchi: Bir kuni barcha fanlar yi`g`ilishib o`zaro “Qay birimiz kuchli?” deya qildilar bahs-mojaro.

(Fanlar tilga kiradi).

Matematika: Chet tili:

Bolalar, hamma ishda, Balki orzu qilarsiz,

Kerakdir hisob- kitob. Ko`ray deb uzoq elni.

Meni o`rganmasangiz, Buning uchun avvalo,

Bo`lar holingiz chatoq. Bilib oling chet tilini.

Tarix: O`qish:

Buyuk bir tarixing bor, Yozuvchilar, shoirlar,

Uni bilmasdan axir. Hayotidan so`zlayman.

Qayda senda iftixor, Navoiy va Boburlar,

Har bir ko`hna obida. Ijodidan so`zlayman.

Tirik tarix demakdir, Ichim to`la ajoyib,

Uni kitobday huddi. Qissay-u she`r, hikoya.

O`qiy olish kerakdir. Qiziqib o`qisangiz,

Men hursand benihoya.

2-boshlovchi: O`zbek tili:

Gapni xo`p qotirdingiz, - Do`stlar o`zbek tiliga,

So`zlamagan kim qoldi. Oshdi mehr va hurmat.

“O`zbek tili” orqada, O`z tilin ulug`lagan,

O`tiribdi nega jim. Elimizga ko`p rahmat.

Xorijlik bizning tilda,

(O`zbek tili oldingi safga Gapirsa zo`rga sekin.

o`tib bir so`z aytadi) Quvonchim ichga sig`mas,

Yayrab ketaman lekin.

1-boshlovchi: O`z tilida kalomin,

Yasha, ey o`zbek tili, Eplab gapirmasa kim.

Bugun sening bayraming. Ko`zlarimga olam tor,

Olam bo`ylab tahslagan, Xafa bo`laman shu zum.

Qutlug` bo`lsin qadaming. O`zbeksan shu zaminga,

O`zbekiston nomini, Mehring bo`lsa ziyoda.

Dunyoga tant tilim. Uni ona tilingda,

O`zbekning kalomini, Eta olgin ifoda.

Bilsin har el har iqlim.

(Vatan haqida qo`shiq ijro etiladi).

1-boshlovchi:

Uch ming yillik tarixga ega bo`lgan xalqim Mustaqilikka erishish arafasida o`z tilini ko`klarga kotardi.

O`quvchilar ona tilini e`zozlab yoddan sh`er o`qiydilar.

Kichik sahna namoyish etiladi.

“Alisher Navoiy va Xusayn Boyqaro”.

Alisher Navoiy o`z shogirdlari bilan bir she`r husuida bahslashib turgan bir paytda Xusayn Boyqaro o`z mulozimlari bilan o`tib ketayotgan edi. Shunda Xusayn Boyqaro ko`rsatkich barmog`i bilan boshini ko`rsatadi. Alisher Navoiy esa tilini ko`rsatadi. Xusayn Boyqaro bir ho`rsinib yolida davom etadi. Navoiy shogirdlari bu voqea tafsilotini so`raydilar. Navoiy hazratlari shunday javob beradilar: Xusayn Boyqaro boshlarini ko`rsatdilar, bu degani boshga balo nedan kelur? Men esa tilimni chiqardim, bu deganim-ki “Boshga baloni til keltirur”.

Shohista: Bahrom:

So`zdurki nishon o`likka jondin, Yassaviyning xitobisan,

So`zdurki xabar berur jonga jonondin. Qodiriylar kitobisan.

Insonni so`z ayladi fido hayvondin, Ey aziz mustaqilim,

Bilginki guhari sharifroq yo`q ondin Ona tilim,ona tilim.

Malika: Sardor:

Olis tarix o`zi shohid ishoning, Dillarga baxt ato etgan,

Men o`zbekman o`zbekona lutfim bor. Ota tilim ona tilimsan.

Ona tilim ona xalqim g`ururi, Ko`ngillarni ravshan aylagan

Ona tilim muqaddas va beg`ubor. Jonu dilim -ona tilimsan.

(Sho`x musiqa ohangida raqs ijro etiladi).

Nargiza: Shahriyor:

Tilim chiqqan so`zing bilan, Oq qorani tanitganim,

Dilim ravshan o`zing bilan. Senga bog`liq jonu-tanim.

Fahr etadir ona xalqim, Kitoblaring bergay bilim,

Ona tilim, ona tilm. Ona tilim ,ona tilim.

Abdulla:

Davlat maqomini olbsan tilim, kamolot sari yo`l solibsan tili.

O`quvchilar vatan madhini kuylab qo`shiq aytishadi.

Muhayyo:

Aziz vatanimizning , xalqimizning e`zozli tili o`zbek tilidir.

Tilimizda uchraydigan ayrim kamchiliklar, yoki ayrim so`zlarning buzib talaffuz qilinishi so`zlashuv davomida chet so`zlarni qo`shib gapirishlar kishini ranjitadi.

Sof o`zbek tilida so`zlash bu chiroyli lutf demakdir. Har bir madaniyatli shaxs o`z tilini hurmat qilishi lozim. Keling til haqida hikmat va maqollardan ham eshitaylikchi?

O`quvchilar birin-ketin:

1.Ona tilim -ona xalqim g`ururi, ona tili muqaddas va beg`ubor.

2. Tilimiz boy, tilimiz sof go`zaldir, bari maqol bari metal masaldir

3. Yaxshi so`zga uchar qushlar el bo`lar, yomon so`zga pashsha

kuchi yuz bo`lar.

4. Bir og`iz shirin so`z kishini qahraton sovuqda ham isitadi.

5. Yaxshi so`z- ko`ngil podshosi.

6. So`z- qilichdan keskir.

7. Shifokorning dorisi emas so`zi shirin bo`lsin.

O`quvchilar bilan “Til mashqi” o`yini o`tkaziladi. Tez aytishlarni hammadan ko`p va tez aytgan o`quvchiga sovg`a beriladi. Shundan so`ng o`yin ishtirokichilari milliy raqslardan birini ijro etadilar.

Boshlovchi: Turkiy tilda ijod qilib ona tilimizni boyitgan she`riyat mulkining sultoni Alisher Navoiyning quyidagi satrlari barhayotdir.

(Sahnaga Alisher Navoiy qiyofasida o`quvchi chiqib keladi va she`r o`qiydi).

Yetsa maqsad muddao birla,

Meni yod etgaysen duo birla.

Ki Navoiyga u duo etgay,

Bulbuli ruhida navo etgay.

Adolat ilia olam yuzini obod qil,

Xulq ila olam yuzini obod qil.

1-boshlovchi:

Hurmatli mehmonlar, aziz ota-onalar bugungi Ona tilim ona xalqim g`ururi deb nomlangan kechamiz xam o`z nihoyasiga yetdi. Biz xam o`z ona tilimizni vatanimizni onamizni sevgandek sevishimiz, aroqlashimiz, u bilan g`ururlanishimiz kerak. Chunki, “Til-milatning oynasidir”.

2-boshlovchi:

Siz tilni asrangiz har nedan ortiq,

Yagona olamni asragan simon.

Bobolardan qolgan noyob bu tortiq,

Toki avlodlarga yetolsin omon.

Tadbir so`nggida quvnoq qo`shiq yangraydi, barcha unga jo`r bol`adi.

Respublika ta’lim markazi

Filologiya fanlari bo`limi

10/10/2010.

uz.denemetr.com

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — Республика болалар кутубхонаси

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир.Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.Ҳар бир xалққа ўз тили азиз ва ардоқли. Шўролар даврида рус тили Иттифоқ тили сифатида ривожлантирилди. У жаҳон тиллари даражасига кўтарилди. Айниқса, кўп минг асрлик тариxга эга бўлган туркий xалқлар ҳам ўз она тиллари дунёдаги ҳеч бир xалқнинг тилидан кам эмаслигини ёқлаб чиқдилар. Бу йўлдаги сунъий тўсиқларни писанд этмадилар. Мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошланди. Бу xалқимиз руҳини кўтарди. Шўролар даврида ҳам ўзбек тилини тиклашга, уни Давлат тилига айлантиришга интилиш кучли бўлган. Xусусан, она тилига бағишланган турли тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилинган бундай тадбирлар айниқса, мустақиллик арафасида тез-тез ўтказила бошланган.1988 йил матбуотда янги байрам — «Тил байрами» ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлаган. Бундай байрам Россия Федерацияси, Украина, Болтиқ бўйи ва Кавказ орти республикаларида ва мамлакатимиз пойтаxтида ҳам ўтказилгани ҳақида газеталарда мақолалар босилган. Бу байрамларнинг асосий мақсади — она тилини эъзозлаш, она тили билан бирга бошқа тилларни ҳам чуқурроқ ўрганишга даъват қилиш бўлган. Ўзбекистонда илк бор «Тил байрами» 1988 йил 3 декабрда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида ТошДУнинг ўзбек филологияси, тариx факул’тети, шунингдек, политеxника институти ва бошқа ўқув юрти талабалари томонидан ўтказилган. Талабаларнинг «Ўзбек тили байрами» деб номланган бу тадбири кўпроқ митинг-намойишга ўxшаб кетарди. Даврага нотиқлар чиқиб, улар она тупроқ, она юрт, xалқ, тил ҳақида сўзлаб, шеърлар ўқиб, уларни асрашга даъват қилишди. Йиғилганлар «Тил — xалқ бойлиги», «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!», «Тилга ҳурмат — элга ҳурмат» каби ранг-баранг шиорларни кўтариб олишган эди. «Тил байрами»- да xонандалар xалқни, миллатни, тилни улуғловчи қўшиқлар куйлашди. Ёшларга алоҳида завқ-шавқ баxш этувчи кичик кулгули саҳна асарлари ижро этилди». 21 октябрни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаб келмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1996 йил 10 сентябрдаги 311-қарорига биноан «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кундан эътиборан ҳар йили «Ўзбек тили куни»ни ўтказиш, унинг 0.4. бандида 21 октябрь барча ўқув юртларида ҳар йили — ўзбек тили куни сифатида нишонланиши таъкидланди. Шулар асосида 21 октябрь — миллий тилимиз байрами сифатида расмий тарзда нишонланади.Ҳар бир йилдаги байрам турли шиорлар остида ўтказилади. «Она тилим — жону дилим», «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида тил байрамини ўтказиш бўйича яxши тажриба тўпланган.Тил байрамининг мазмунли ва қизиқарли ўтиши ҳар бир ўқув юрти муаллимларининг ақл- заковати, ўз касбини қанчалик чуқур эгаллаганлигига боғлиқ. Тил байрамига таниқли ёзувчи, шоирлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар таклиф этилади. Улар ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлигини уқтириб ўтади. Тил байрамларида тил ҳақидаги ҳикматли сўзлар, шеърлар, қўшиқлар янграйди. Шу куни радио ва телевидение орқали тил байрамига доир қизиқарли чиқишлар уюштирилади. Тил байрами инсонни она тилига ва ўз xалқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами шунингдек xалқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омилдир.«Учқудуқ кўп миллатли шаҳар, — деб ёзади «Xалқ сўзи» газетаси муxбири А. Пирматов, — бу ерда муомала маданиятида давлат тили устуворлиги яққол кўзга ташланади. Яқинда шаҳар маданият саройида «Ўзбек тилини ўрганиш орқали ўқувчиларга конститутциявий билим бериш» мавзусида ўтказилган тадбир ҳам буни яна бир бор исботлади. Тадбирда ўттиздан зиёд миллат ва элат фарзандлари ҳуқуқий қомусимизни қанчалик билишларини ўзбек тилида ифодалашди. Жонли тилдаги савол- жавоблар, ўткир зеҳнлилар беллашуви, ҳуқуқшунослар ва тил мутаxассислари томонидан юқори баҳоланди. Бу тадбир шаҳарда тил байрамига айланиб кетди. Давлат тили ўз номи билан давлатнинг рамзий белгисига айланишига ҳамма гувоҳ бўлди» («Xалқ сўзи», 2001 йил, 25 октябр).Тошкент Давлат юридик институтида «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 12 йиллигига бағишланган «Юксак ҳуқуқий маданият — комиллик белгиси» мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда она тилимизнинг ҳуқуқий билимларни ифодалашдаги имкониятлари нақадар кенглиги, гўзал ва бойлиги ҳақида сўз боради. Ўзбекистон xалқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, адабиётшунос А. Расулов, шоир ва таржимон Йўлдош Парда бўлғуси ҳуқуқшуносларга тилимизни пуxта ўрганиш фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар. Xуллас, тил байрамининг имкониятлари битмас-туганмасдир.

Маълумот: Ўзбек халқ байрамлари “Шарқ”. Т.2002.

taqvim.uz

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 26 йил тўлди

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 26 йил тўлди

Бугун «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 26 йил тўлди. 

Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ҳам турли жамоат муассасаларида, мактабларда, кутубхоналарда, клиникаларда тегишлича тадбирлар ўтказилмоқда.

Қонунга асосан энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган тил қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқий асос орқали янги шаклланаётган давлатнинг, ҳукуматнинг, унинг янги раҳбарининг элга, юртга нисбатан эътибори, эҳтироми намоён этилди.

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда нафақат ўзбек тили, балки бошқа миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши миллий қонунчилигимизда акс этган. Унинг амалий исботини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги қуйидаги норма мисолида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида қайд этилишича, давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади. Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди. Бу орқали давлат ўзбек тилини асраш, бойитиш ва ривожлантиришда масъулликни ўз зиммасига олган. Шу асосда юртимизда ўзбек тилининг бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар, лойиҳалар олиб борилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар мунтазам нашр этилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги барча нашриёт матбаа-ижодий уйлари томонидан она тилимизнинг жозибасини бор бўй-басти билан намоён этишга доир нашрлар чоп этилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Шунингдек, юқоридаги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон қилиниши белгиланган. Мазкур норма «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонун 26-моддасининг тўртинчи қисмида янада аниқлаштирилган. Унга асосан, «қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади». Ушбу нормаларнинг ижроси амалда таъминланаётганини ҳозирги кунда Қонунчилик палатасига киртитилаётган қонун лойиҳалари мисолида ёки Олий Мажлисда қабул қилинаётган қонунлар ўзбек тилида қизғин муҳокама этилаётганлигида кўриш мумкин.

kun.uz

Ўзбек тили давлат тилига айландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбек тили расман давлат тили мақомини олганига 27 йил тўлди. 1989 йил 21 октябрь куни ЎзССР Олий Совети "ЎзССРнинг давлат тили ҳақида"ги қонунни қабул қилган эди.

Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистондаги расмий тарғибот томонидан мамлакатнинг СССРдан мустақиллиги йўлида қўйилган дастлабки жиддий қадам, деб тилга олинади ва кенг тантана қилинади.

30 моддадан иборат бу ҳужжат "тил миллатнинг бойлиги ва бебаҳо мулки" эканини тан олган.

Қонун ўзбек тили бутун Ўзбекистон бўйича давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб, иш юритишда, давлат органларига мурожаат қилишда ўзбек тилининг мавқеини биринчи ўринга олиб чиққан.

Айни чоғда, СССР қудратда бўлган вақтда ёзилган бу қонунда ўзбек тилининг мавқеи рус тили билан тенг келган ўринлар ҳам бор эди, кўп қаторларда рус тили "миллатлараро муомала тили" деб эҳтиёткорона ниқобланган.

Боз устига, баъзи ташкилотларда, масалан, Ўзбекистон ҳудудидаги ҳарбий қисмларда ўзбек тилининг амалда бўлмаслиги қонуннинг ўзида ёзиб қўйилганди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг, 1995 йили давлат тили ҳақидаги бош ҳужжат янгиланди. Қонун матни ҳам, моддалар сони ҳам қисқарди, ундаги "рус тили" ва "миллатлараро муомала тили" бирикмаларининг ҳар бири бир донагача камайди.

Тил меъёрларини бузганларни жавобгарликка тортиш вақти келдиШуҳрат Сирожиддинов, Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори

Бироқ янги қонун ҳам таажжубли жиҳатлардан ҳоли бўла олмади.

Масалан, қонуннинг давлат органларида иш ҳамда корхона-ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ҳужжатларини юритиш ўзбек тилида бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаблари 1995 йилдан эмас, балки ўн йилдан сўнг кучга кириши Олий Мажлис томонидан ҳужжатлаштириб қўйилди.

Орадан ўн эмас, йигирма йил ҳам ўтди - қонуннинг бу талаблари ҳозир ҳам тўлиқ бажарилмаяпти: Ўзбекистондаги деярли барча ширкатлар расмий ҳисоб-китобни рус тилида юритади, кўпинча ҳукуматнинг муҳим қарорлари фақат рус тилида эълон қилинади, қарор иловаларининг ўзбекча таржималари расмий манбаларда ҳам чиқмайди. Бу - қонундаги бажарилмаётган талабларнинг бир қисми, холос.

Ислом Каримов томонидан имзоланган 1995 йилги қонунда давлат тили ҳақидаги янги ҳужжат зарурати сабабларидан бири сифатида "лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига мукаммал ўтишни таъминлаш" зикр этилган.

Тилнинг ажралмас бўлаги сифатида, ўзбек ёзуви ҳам ўзиниг серташвиш экани билан эътиборни тортади.

'Энг хунук лотин алифбоси'

Ўзбекистон раҳбарияти мустақилликка роппа-роса икки йил тўлганидан бир кун ўтиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Қонун "ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда" Ўзбекистоннинг ҳар тарафлама камол топиши ва "жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишига хизмат қилиши"ни кўзлаб қабул қилинган.

Лотин ёзувига ўтиш ҳақидаги қонуннинг кетидан Ўзбекистон парламентининг тегишли қарори ҳам эълон қилинган. Бир неча бор, лекин одатда бир сабаб билан таҳрирланган бу қарорнинг охирги - 2004 йилги намунасида янги алифбога тўлиқ ўтишнинг сўнгги санаси қилиб 2010 йил 1 сентябрь кўрсатилган, бунда бош масъул қилиб бош вазир белгиланган. Лекин парламент қарори ижроси ҳали ҳам таъминланган эмас.

1993 йилги ўзбек лотин алифбоси турк алифбосининг айнан нусхаси эди, дейиш мумкин. Орадан икки йил ўтиб, қонун таҳрирланди, алифбо ўзгарди - "ц" ва (жирадаги) "ж" алифбодан чиқарилди, 1993 йил алифбосида бир ҳарф белги кўринишида бўлган "ч", "ш" ва "нг" "ch", "sh", "ng" каби ҳарфлар бирикмаси пайдо бўлди, битта белгидан иборат бўлган "ў" ва "ғ" энди ёнига алоҳида апостроф ҳам ёзиладиган "о" ва "г"га айланди.

21 йил аввалги мана шу ўзгаришлар бугунги тилшунослар, хаттотлар, таржимонлар ҳамда ёзув ва тил тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар учун ҳақиқий бошоғриққа айланган, мамлакатнинг жаҳон коммуникация тизимига киришини секинлаштирувчи омиллардан деб ҳам айтилади.

"Дастурий маҳсулотларни таржима қилишда О' ва G' ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси яратаётган муаммолар тиқилиб ётибди. О' ва G' ҳарфларидаги тескари бир тирноқ белгиси сўзни иккига бўлиб юборади. O'zbekistonda деган сўзни индекслаганда o-zbekistonda бўлади. Дунёдаги ҳеч қайси алифбода бундай ҳолат, яъни алифбодаги ҳарфда тинич белгиси йўқ", - деб ёзади Hamza Foziljonov Фейсбукдаги мунозараларнинг бирида.

"Алифбо мукаммал бўлмай туриб, унга асосланган ёзувни мукаммал қилиб бўлмайди. Ишни алифбони такомиллаштириш, уни хатоликлардан тозалашдан бошлаш керак", - деб ёзган foziljonov.uz блоги ўзбек лотин алифбоси устидан интернетда бўлган жонли мунозараларни бирма-бир санаб чиққан.

Мунозара мавзулари орасида қисқартмаларни ишлатиш вақтида "sh" ва "ch" ҳарф бирикмалари мутлақо ноқобил бўлиши ("AQSh"ми ёки "AQSH"? Иккинчиси тўрт ҳарфли қисқартма бўлса-чи?"), лотинча "ў" ва "ғ" ҳарфларини ифодалаш учун қайси белгини ишлатиш кераклиги (апостроф, окина ёки тескари бир тирноқ?), ФҲДЁ, АЁҚШ, ЯИМ каби қисқартмалар лотинда битта "y" билан (FHDY, AYQSh, YIM) ёзилиши тўғрими ёки "ya", "yo", "yu" бўлиб (FHDYo, AYoQSh, YaIM) турфаланиши керакми?, кабилари бор.

'Sentabr' ёки 'sentyabr'?

Мунозаралар орасида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг "Қайси бири тўғри: 'sentabr' ёки 'sentyabr'?" сарлавҳали чиқиши бор. У 2013 йилда Фанлар академияси қошидаги Тил ва адабиёт институти томонидан чоп этилган 85 мингдан ортиқ сўздан иборат "O'zbek tilining imlo lug'ati"да баҳс мавзусига айланган куз фаслидаги ойлар номи "sentabr", "oktabr" эмас, балки "sentyabr", "oktyabr" кўринишида ёзилганига диққатни тортган.

Луғат муаллифлари "институтнинг етакчи тилшунослари билан маслаҳатлашган ҳолда", рус тили орқали кириб келган ва таркибида "ё", "ю" ва "я" ҳарфлари бўлган русча ва байналмилал сўзларни барча ўринларда бир хил, яъни "yo", "yu", "ya" ҳарфлари билан ёзишни ва шу орқали соҳадаги ҳархилликни бартараф этишни энг мақбул йўл деб ҳисоблаганини билдирган.

"Барча сўзлар бир қолипга келтирилган бўлса, бу шубҳасиз фойдали иш. Аммо мазкур ўзгартиришларнинг ҳуқуқий асоси борми? Ўзи ўзбек тилининг имлосидаги қатъий қоидаларни давлат даражасида ишлаб чиқадиган ҳамда эълон қиладиган бирон ташкилот борми? 15-16 йил sentabr дейишди. Халқ энди ушбу қоидага кўниккан, шу қоидага амал қила бошлаган пайтда, бир гуруҳ тилшунослар sentyabr хулосасига келишиб, катта ҳажмда ва кўп босмада имло луғати чоп этишди. Балким 5-6 йил ўтиб Тил ва адабиёт институтига янги тилшунослар гуруҳи ишга кирса, яна sentabr вариантини қўллаб-қувватлашса, нима қиламиз?", - деб бу ҳолатга эътироз билдиради Хушнудбек Худойбердиев.

Мунозарага ўзини мазкур луғатнинг ношири сифатида таништирган Sanjar Nazar ҳам қўшилган: "Қабул қилинган имло қоидаларида "сентябрь" "sentabr" шаклида ёзилишига асос бўладиган бирорта ҳам қоида мавжуд эмас. Мутлақо бошқа ҳарфнинг имлоси ҳақида ёза туриб, "sentabr" қўлланган, холос. Агар бу ўзгаришнинг остида илмий принцип мавжуд бўлса, уни бемалол қабул қилиш мумкин. Яъни, янги имлодан эътиборан барча сўзлар талаффуз қилинганидек ёзилса. Масалан, "истанса", "истакан", "мошин".

"Ц" ҳарфи билан боғлиқ муаммо ҳам алоҳида баҳс мавзусига айланган. Фикр билдирувчиларнинг аксарияти "цех" сўзининг лотинча кўриниши ("sex")ни кўрганида, хаёли бузилишини ёзган. Эътиборли томони, 85 минг сўзлик луғатнинг муаллифлари ўзбек лотин алифбоси ишлаб чиқувчилари бу масалага жиддий қарамагани, "ц" ҳарфи иштирокидаги умуммаълум 3-4 сўз билан шошилинч хулоса чиқарилганини билдириб, ўзбек тилига бошқа тиллардан кириб, "ц" ўрнига "s" билан ёзилса, ўзга маъно англатувчи сўзлардан мисоллар келтирган ("цанга - sanga", "церий - seriy", "цоколь - sokol" ва ҳ.к.).

Бу каби баҳс-мунозаралардан чарчаган Azam A. Kamalov шундай дардиҳол қилган: "Ҳамма айб - шу алифбони тузганларда. Менимча, ҳозирги ўзбек лотин алифбоси дунёдаги энг хунук лотин алифбоси бўлса керак: на кроссвордга ярайди, на аббревиатурага".

'Навоийни ўқиган болалар'

Ўзбекистон матбуотида Давлат тили куни муносабати билан ўзбек тили ҳақида махсус чиқишлар уюштириш, мақолалар эълон қилиш 1989 йилдан бери одат. Жумладан, давлат ҳомийлигидаги "Оила даврасида" газетасида янги ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов билан тил ва ёзув муаммоларига бағишланган катта суҳбат чоп этилган.

Ректор янги университет фаолияти, Навоий асарларини ўқиш учун нима учун луғат зарурлиги, кўча-кўйдаги рекламаларда, идоралараро ёзишмаларда қўпол хатолар кўзга тушишию, бунга қандай чора кўриш кераклиги ҳақида берилган саволларга бирма-бир жавоб берган. Саволлар орасида лотин алифбосидаги камчиликлар ҳам тилга олинган.

Шуҳрат Сирожиддинов Ўзбекистонда "Давлат тили ҳақида"ги қонунга амал қилинишини назорат этувчи ташкилот йўқлигини афсус билан қайд этиб, "тил меъёрларини бузганларни жавобгарликка тортадиган бўлимлар ташкил этиш вақти келгани"ни айтиб ўтган.

Тил ва адабиёт университети ректори алифбода "нг", "ц" товушлари учун махсус ҳарф берилмагани, журнал, жирафа каби ўзлашма сўзлардаги "ж" товушини янги алифбода ифода этиш имкони йўқлиги, баъзи сўзлар кирилл ва лотин имлосида икки хил ёзилиши борасида фикр билдирган.

"Бу савод чиқараётган ўқувчиларда ноқулайлик туғдирмоқда", - деган Шуҳрат Сирожиддинов. Унга кўра, "нг"ни билдирувчи бир ҳарф йўқлиги сабаб ўқувчилар den-giz, ko'n-gil кўринишида хато бўғин кўчирмоқда, "biotsikl", "biotsentr" каби ўзлашма сўзларни "биот-сикл", "биот-сентр" каби талаффуз қилмоқда.

"Амалдаги алифбога асосланган имло қоидаларимизни қайта ишлаб чиқиш муҳим ва айни кунда зарурий эҳтиёж ҳисобланади. Университетимизда тузилган махсус ишчи гуруҳ шундай таклифларни тайёрлаш борасида иш олиб бормоқда. Миллий талаффузимизда келиб чиққан ҳолда имло қоидаларига "ц" ундоши билан боғлиқ ўзгартириш киритилиши режалаштирилган", - дейди Шуҳрат Сирожиддинов.

Ўзбекистон билан бир вақтда имлосини кириллдан лотинга ўзгартирган Қорақалпоғистон 2009 йили ўз лотин алифбосини ислоҳ қилиб, жумладан, унга "ц" ҳарфини киритган.

Мустақилликдан кейин Ўзбекистон каби лотин алифбосига ўтиш йўлини тутган Озарбайжон ва Туркманистонда бу жараён ўтган асрнинг охиридаёқ якунига етган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

www.bbc.com

Ўзбек тилининг давлат тили бўлганига 20 йил тўлди

Бундан 20 йил олдин — 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон совет социалистик республикаси Олий Совети ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонун қабул қилди.Бу ўша йили қабул қилинган 3561- қонун эди. Бу қонун совет Ўзбекистонида халқ талабига кўра қабул қилинган илк қонун сифатида тарихга кирди.

Бугун бундан 20 йил муқаддам бу тарихий қарорни қабул қилиниши давридаги вазиятдан яхши хабардорлар хотираларига қулоқ берамиз. Муҳаммад Солиҳ¸ Шукрулло¸ Иброҳим Ҳаққул¸ Гулчеҳра Нуруллаева¸ Жамол Камол¸ Раъно Абдуллаева¸ Анвар Усмон ва Абдулла Абдураззоқ махсус эшиттириш давомида ўз хотираларини гапиришди.

Бу қонун қабул қилиниши арафасида Горбачëв ҳуррияти берган эркинликдан жасоратланган¸ Болтиқбўйи республикалари ўрнагидан илҳомланган минглаб ўзбеклар ўз тилининг расмий мақомини талаб қилиб майдонларни тўлдиришар эди.

Ўзбек шоир-ëзувчиларининг тил ҳимояси учун узатган қўллари истиқболига минглаб қўллар чўзилаëтган эди.

Ўзбек тилига расмий мақом берилган кун мен майдонда эдим¸ деб эслайди ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ.

— Биз ўша куни Ленин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) митинг уюштирдик. Мен ўша ерда эдим. Ўшанда бизнинг ëнимизга миллат вакиллари¸ ҳукуматнинг одамлари келиб¸ эсимда Мирсаидов ҳам бор эди¸ “Сал тинчланинглар илтимос. Бугун давлат тили қабул қилинаяпти. Ҳозир муҳокама бўлаяпти” деганлари эсимда. Биз ўша пайтда бир нарсани айтганмиз. Бу қарор қабул қилинди.

Давлат тилини бутун Ўзбекистонда яшаëтган бутун фуқаролар миллатидан қатъий назар маълум бир муддат ичида ўрганиши керак¸ деган нарса бор эди. Ўша пайтда адашмасам саккиз йил белгиланган эди. Бу вақт ичида ўрганиш мумкинлиги ëки мумкин эмаслиги ҳақида биз ўз шубҳамизни билдирган эдик. Бу шубҳа¸ афсуски¸ тўғри чиқди. Саккиз йил эмас¸ 20 йил ўтди. Ўзбек тилини ҳалигача давлат тили мақомига кўтарилган бир тил деб бўлмайди. Давлат идораларида ҳужжатларнинг кўпчилиги ҳали ҳам русча ëзилиб¸ ëмон ўзбекчага таржима қилинаяпти. Кўпчилик давлат маъмурлари мулоқотда ҳам русча¸ ҳатто бошқа бир тилда гаплашаяпти. Ўзбек тилида гаплашиш ҳалигача удум бўлгани йўқ¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ 1989 йилда Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасида раҳбар лавозимида эди. Айнан у ишлаëтган идора ўзбек тили ҳимоясига отланганлар учун макон бўлди. Ўша пайтда «Учителская» бутуниттифоқ газетасининг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлаган Анвар Усмоновга кўра¸ ўзбек тилига давлат мақоми бериш ғояси бутун ўзбек халқини жипслаштирган.

Анвар Усмонов: Ëзувчилар уюшмасининг бунақа таклифини халқ¸ студентлар жуда қўллаб-қувватлаган. Ундан кейин митинглар бошланди. Энг катта митинг¸ биз Қизил майдон деймиз¸ бошқа номи ҳам бор эди¸ олдин жуда ҳам хавфли эди. Одамлар нашриëтнинг олдидан Қизил майдонга қараб борди. Каскалар келди. Спецвойскани чақирган. Ўша пайтда спецвойска ҳам турган. Ҳеч эсимдан чиқмайди Абдураҳим Пўлатов олдинга чиқиб “Йигитлар¸ қизлар¸ фақат дисциплина бўлсин. Провакацияга аҳамият беринглар. Провакацияга жавоб берманглар” деб илтимос қилди. Ундан кейин кимдир рухсат берди. Бизлар Қизил майдонга бордик. У ерда Гулчеҳра опа¸ Абдураҳим Пўлатов¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Ëзувчилар уюшмасидан анча одамлар бор эди. Жуда ҳам обрўли бўлиб қолди. Шу митингда менимча¸ 15 минг одам қатнашган. Майдон тўла эди.

Ўша ерда Беларусиядан битта одам келди. У ҳам сўзга чиқди. Уни кейин прокурор чақириб¸ “Сен нима учун ўзбеклар билан бирга бўлаяпсан? Ўзбекларнинг йўли бошқача. Бу мол деган халқ” дегандан кейин¸ бу беларус прокурор билан анча жанжаллашган. Мана шу воқеани айтиб берди у. Одамлар жуда ҳайрон қолди. Қуда томон ўша пайтда жуда ҳам совуқ эди.

Ўзи учта катта митинг бўлди. Биттаси Қизил майдонда¸ биттаси Талабалар шаҳарчасида бўлди. Бу проблемани ҳукумат еча олмади. Бу проблема туриб-туриб ривожланган. Бу проблема ҳар бир ўзбекнинг оғзида эди. Конституцияда Ўзбекистонда давлат тили йўқ эди. Шунақа ëзилган. Бу 1977 йилда қабул қилинган Конституция. Грузияда¸ Арманистонда бор эди¸ аммо Ўрта Осиëда йўқ эди.

Масалан¸ агар одам рус тилини анча билмаса¸ унинг келажаги йўқ. Ўзбекфильм фильмни ўзбек тилида суратга олади¸ кейин уни русчага таржима қилади. Комиссия фильмни фақат рус тилида қабул қиларди. Бу расво бўлиб қолди ўзи. Ҳақиқатан¸ мана шу митинглар ўз ишини қилган. Ўзбек тили ўз уйини топган. Давлат ҳам¸ ўртоқ Каримов ҳам бирор нарса қила олмади.

Озодлик: Анвар ака¸ шунча одам кўчага олиб чиқилди¸ шунча куч сарфланди¸ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Одамлар уйида бемалол ëтганида ҳам орадан икки йил ўтиб¸ мустақиллик эълон қилинганидан кейин давлат тили бўлар эканку. Икки йил олдин¸ икки йил кейиннинг нима аҳамияти бор?

— Мен сизга битта нарсани айтаман. Болтиқбўйини олайлик¸ Саюдесни олайлик. Саюдес биласиз Литвадаги. Арманистонда Звартоцда (Арманистон халқаро аэропортининг номи) қўзғолонлар бор эди. Бокудаги фожеаларни эсланг. Бирликсиз Ўзбекистон ҳеч қачон мустақил бўлмас эди. Ҳеч қачон СССР парчаланмас эди. Озгина-озгина ишладик. Литвада “Саюдес”¸ Озарбайжонда “Народный фронт” бор эди. Бу проблема кўтарилиб¸ ундан кейин орқага йўл бўлмаган. Шунинг учун ундан кейин СССР парчаланди. Одамлар бемалол ëтса¸ маза қилиб ухласа¸ эски ҳаммом¸ эски тос бўларди¸ дейди Анвар Усмонов.

Анвар Усмоновга кўра¸ ўша пайтдаги русийзабон матбуот ўзбек тилига давлат мақоми берилишига қарши бўлган. Ўша пайтдаги газеталарни варақлаган шоира Гулчеҳра Нуруллаева хотирлайди.

— Шу масала атрофида Ўзбекистон матбуотида шундай қизиқ баҳс-мунозара олиб бордикки¸ тарафлар асосан икки гуруҳга¸ икки жабҳага бўлинган эди. Ўзбек тилида чиқадиган матбуот¸ ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари “Ўзбек тили Ўзбекистонда¸ албатта¸ давлат тили бўлиши керак” деган фикрни илгари сурган эди. Икинчи томонда эса “Йўқ¸ Ўзбекистонда рус тили давлат тили бўлиши керак”¸ деган фикрни илгари сурувчи рус тилида чиқувчи оммавий ахборот воситалари бўлган.

“Ўзбек тили камбағал. Унинг сўз бойлиги жуда ҳам оз. Шунинг учун Ўзбекистонда ўзбек тили эмас¸ рус тили давлат тили бўлиши керак” деганга ўхшаган гапларни “Ташкентская правда” газетаси ëзган эди.

“Йўқолсин ўзбек тили” деганга ўхшаган гапларни “Пионер Востока” газетаси ëзган эди.

“Студентлар институт территориясида эрталаб соат 9 дан кеч соат 9 гача рус тилида гапириши керак” деганга ўхшаган гапларни Тошкент Транспорт институтининг кўп тиражли газетаси ëзган эди.

“Шу пайтгача ҳамма иш рус тилида олиб борилган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак” деганга ўхшаган фикрларни “Правда востока” газетаси деярли ҳар сонида ëзиб турган эди. Айниқса¸ “Правда востока” газетаси бу масалада ашаддий эди. У дастлаб “Йўқ¸ Ўзбекистонда фақатгина рус тили давлат тили бўлиши керак” деган тезисни илгари сурган эди. Лекин халқнинг майдонларга чиқиб митинглар ўтказаëтганлигини¸ ўзбек матбуотининг ўзбек тилини ашаддий ҳимоя қилаëтганини кўриб¸ улар бироз юмшади шекилли¸ “Ўзбекистонда бир тил эмас¸ икки тил – ҳам рус тили¸ ҳам ўзбек тили давлат тили бўлсин” деган тезисни мунозара ўрталарига бориб¸ майдонга ташлайдиган бўлди.

“Правда востока” нинг тутган йўлларидан бири шу бўлдики¸ у асосан ўзи ўзбек бўла туриб ëки ўзбек фамилияли бўла туриб ўзбек тилини билмайдиган одамлардан фойдаланди. Шундай одамларнинг чиқишларини кўплаб уюштирди. Айни пайтда Ўзбекистонда яшаëтган руслардан ҳам фойдаланиб¸ “Ўзбек тили давлат тили бўлмаслиги керак. Рус тили давлат тили бўлиши керак” деган қарашларни илгари суришга улар муваффақ бўлишди¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Ўша пайтда ўзбек тилига мақом берилишига нафақат русийзабон аҳоли вакиллари балки ўзбек ëзувчилари ҳам қарши бўлган деб эслайди¸ профессор Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққул: Сарвар Азимов¸ яна бошқа ëзувчиларимиз¸ бир қанча олимларимиз икки тиллиликни тарғиб қилганлар. “Биз рус тилидан ажралиб қолсак¸ нима бўлади? Мен рус тили орқали олим бўлдим¸ бошқа бўлдим” деган гапларни академиклар айтган.

Озодлик: Раҳматли Ўлмас Умарбеков ҳам ëзиб чиқувди.

Иброҳим Ҳаққул: Ўша пайтдаги амалдор ëзувчилар борку¸ ўшаларнинг аксарияти “икки тилли бўлсин” деган эди. Уларнинг аксарияти амалдор эди. Агар шунақа демаса¸ амалдан ажралар эди. Сарвар Азимов “Правда востока” газетасида ўзбек тилининг давлат тили бўлишига тиш-тирноғи билан қарши чиққан. У икки тиллиликни илгари сурган.

Озодлик: Биз билмаган қаҳрамонлар кимлар. Биттаси Мирзо Кенжабек эди. Тиниб-тинчимасдан югуриб юрарди.

— Биласизми¸ ўзбекнинг фожеаси шундан иборатки¸ умумий удум бўлиб¸ ҳеч жазо бўлмайдиган нарсани билгандан кейин ҳаммаси шу ҳақда ëзаверади¸ ëзаверади. Катта жазо олиш хавфи кетгандан кейин кўпчилиги ëзганда. Биринчи бўлиб “Давлат тили учун кўкрагимни кериб¸ мана бундай гапни айтаман” деган ëзувчини мен билмайман¸ дейди Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққул айтган икки тиллилик ғоясини кўтариб чиққанлардан бири Ўзбекистон комфирқаси мафкура котиби Раъно Абдуллаевага қулоқ берамиз.

— Совет даврида¸ бу менинг инициативам эмас¸ биринчи раҳбарларимиз доимо “Она тили қатори рус тилини ҳам билсак яхши бўлади” деб икки тил тўғрисида гап олиб борган. Менимча¸ миллион-миллион халқимиз рус тилини билгани учун бошқа чет давлатда ишлаганида¸ бир бўлак нонини топиб еб юрибди. Агар биз рус тилини билмасак¸ қандай қилиб бошқа жойда ишлашимиз мумкин? Менимча¸ инсон қанча кўп тилни билса¸ шунча бойлик орттиради¸ шунча бой бўлади. Мен ўша пайтда битта масалани кўтармаганман. Мен “Ўзбек тили ва рус тилидан ташқари яна бирор тилни билсак¸ қандоқ яхши бўларди” деб айтганман¸ дейди Раъно Абдуллаева.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқ Раъно Абдуллаева фикрларига қўшилмайди.

— Ўнлаб мақолалар чиққан эди. Ўша мақолаларда “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши рус тилининг мавқеини заррача камайтирмайди” деган гап айтилди. Мен “Бунақа ëлғонлар билан ўзимизни алдашнинг кераги йўқ” деб айтдим.

Масалан¸ Оролга қачон сув бориши мумкин? Биз пахта монополиясидан воз кечсак¸ Оролга сув бориши мумкин. Ўзбек тилига қачон давлат тили мақоми берилиши мумкин? Рус тилининг монополиясидан воз кесак. Бу дегани ўзбек халқи фақат ўзининг тилини билсину¸ бошқа тилни билмасин деган гап эмас. Ўнлаб тилни билсин. Нур устига аъло нур. Қанча кўп билса¸ шунча маъқул.

Ўзининг ватанида¸ ўзининг юртида ишга кириш учун рус тилида ариза бериб¸ ҳокимлар билан рус тилида гаплашишга мажбур бўлгани миллий ғурурга ҳам тўғри келмайди. Бир миллатни пастга уриш бўлади. Шу маънода¸ мен Раъно опанинг икки тиллилик фикрларига қўшилмайман¸ дейди Абдулла Абдураззоқ.

Шоир Жамол Камол ўзбек тилига давлат мақоми берилган пайтдаги умид кайфияти ҳозирги реалликдан узоқлигини ҳам гапиради.

— Ўша пайтда бир сўз тез-тез айтиларди. Эйфория деган сўз айтиларди. Биз “Мустақил бўлсак¸ ҳамма ишлар зўр бўлиб кетади. Ҳамма нарса гуриллаб юриб кетади. Унақа¸ бунақа” дердик. Баъзи жиҳатларда биз қисқа ўйлаган эканмиз. Ўша пайтда рус тили бизнинг ўзбек тилини бир четга суриб қўйгандай туюлгани учун ҳам рус тилига нисбатан муносабатимиз у қадар тўғри бўлмаган¸ дейди Жамол Камол.

Кекса шоир¸ Сталин қамоқхоналарида миллатчи тамғаси билан ўтирган Шукрулло учун ўзбек тилига давлат мақоми берилиши кўнгил истаги эди.

— Асосан ҳамма хурсандчилик билан қабул қилган. Беайб парвардигор. Оилада нуқсонсиз бўлмайди. Ўша пайтда ўриспарастлар¸ “Йўқ¸ икки тилли бўлсин. Ўрис тили бўлсин” деганлар ҳам бўлган. Моҳият қандай бўлди? Яхши бўлди. Мана мажлисларимизнинг ҳаммаси ўзбек тилида ўтаяпти. Ўқишларимиз асосан ўзбек тилида. Ўзбек тили давлат тили. Ҳозир ўрис тилининг ҳукмронлиги йўқ¸ дейди шоир Шукрулло.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқов суҳбат давомида таниқли ëзувчи Расул Ҳамзат билан боғлиқ бир ҳикояни айтиб берди. Расул Ҳамзат бир тоғ қишлоғига бориб бир кампирдан 270 та қарғишни ëзиб олибди. Улар ичида энг даҳшатлиси “Илойим она тилингдан ажраб қолгин” деган маънода эди.

Воқеадан узоқлашган сайин баъзи тафсилотлар хиралашади. Ўзбек тили ҳақидаги қонунни биз фақат биринчи бандига қараб зўр қонун экан деймиз¸ аммо бу қонун моҳиятан ўзбек тили мартабасини мустаҳкамлай олмади¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

— Унинг бошида “Ўзбек тили давлат тили бўлиши керак” деган модда бор эдида. Ундан уëғида 45 хат бошида “Айни пайтда ўзбек тили билан бирга рус тилида олиб борилиши керак. Фалон нарсалар рус тилида ëзилиши керак. Фалон мажлислар рус тилида олиб борилиши керак” дейдиган гаплар билан¸ фақат рус тили деган сўзнинг ўзи 45 марта такрорланган. Ўзбек тили бир марта тилга олинган бўлса¸ рус тили 45 марта тилга олинган эди. Худди шу йўл билан аслида ўзбек тилининг давлат тили бўлиши четга суриб қўйилган эди¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилгани ҳақидаги хотираларни эшитар эканман¸ Москвадаги Ленин музейида ишлаган танишимнинг ҳикояси эсимга тушди. Таваллуди муносабати билан «Ленин билан шанбаликда қатнашганлар кимлар эди?»¸ деб газетада эълон беришган. Бир кун ўтиб мен ҳам Ленин ëнида туриб хода кўтарганман деганлардан мингтаси қўнғироқ қилган. Агар уларга ишонилса¸ Ленин кўтарган ходанинг узунлиги километрларга чўзилиши лозим эди. Бугун ëв қочса кўпайган ботирлар фонида ўзбек тилига мақом берилишига кимлар қарши эканини яна бир эслашда хайр бор. Муҳаммад Солиҳ гапиради.

— Давлат тилига Каримовдан бошлаб Каримовнинг атрофидаги бутун мулозимлари қарши эди. Уларни ўзбек тилининг давлат тили ўлароқ қабул қилинишига мажбур қилган нарса кўча эди¸ оломон эди¸ халқ эди. Халқнинг тазйиғидан қўрқиб¸ “Жанжал чиқмасин. Халқ кўчага чиқиб¸ тартибсизликлар бошланиб¸ ижтимоий беқарорлик чиқиб кетмасин” деган қўрқув уларни бу қарорни қабул қилишга мажбур қилди. У пайт халқ уйғонган бир пайт эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Бугун ўзбек тилига мақом берилган кунинг 20 йиллиги куни гаплашганимиз филолог олим Иброҳим Ҳаққул ўша пайтдаги амалдор шоирларнинг иккиюзлилиги ҳақида гапирар экан¸ Абдулла Ориповнинг бир сатрини ҳам эслаб ўтди.

100 йилларки булбул каломи¸Ўзгармайди¸ яхлит ҳамиша¸Лекин шўрлик тўтининг ҳоли¸Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим сен борки доим¸Булбул куйин шеърга соламан¸Сенсиз қолган куним¸ шубҳасиз¸Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

http://www.ozodlik.org/content/transcript/1858389.html

muhammadsalih.com

ДАВЛАТ ТИЛИ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Тил — миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Дунёдаги барча халқ ўзининг миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.

Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугунда ер юзи аҳолиси 2 минг 976 хил тилда гаплашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусияларига кўра тил оилалар ва гуруҳларига бўлинади. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз. Она тилимиз — ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Ушбу санага бағишланган тадбирларда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олиниши яхши анъанага айланган.

Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбур.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — миллатнинг руҳидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрўси ошиб, у фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил — она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубҳасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг яратилиши уни амалиётга татбиқ этилиши ҳам шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Эътироф этиш керакки, дунёдаги 200 та тил бугунда давлат тили мақомига эришган бўлиб, шулар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.

Ўзбек тилининг бой имкониятлари бугунги кунда тилшуносларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда. Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил — она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубҳасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқеига эга эканлигини кўрамиз.

Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XI асрдан бошлаб шакллана бошлади ва то ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Махмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин.

Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиияти, балки тилшуносликка бағишланган “Муҳокомат ул-луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади.

Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади. Албатта, она тилимизнинг тараққиёти юқорида номлари келтирилган буюк аждодларимизнинг юксак муҳаббатида кўриниб туради.

Ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрлаштирилган бўлиб, тилимизнинг луғат бойлиги, товуш тизими ва грамматик қурилиши олимлар томонидан илмий асосларда ўрганилган. Бу соҳадаги изланишлар бугун ҳам давом этмоқда. Айтиш жоизки, ўзбек тили мамлакатимиз мактабларида ХХ асрдан бошлаб ўқитила бошланди. Таълим жараёнида кишиларимизнинг тилга оид билимлари шакллантирилиб, нутқий саводхонлик даражаси ўстириб борилди.

Бугун мактаб, коллеж, академик лицейлар ва олий ўқув юрти талабалари учун янги авлод дасликлари яратилиб, уларда тилимизни янгича асосда ўрганишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса, шубҳасиз ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда.

Тил — миллатимиз фахри, ғуруридир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамидир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

adolatnashr.uz


Смотрите также