|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Тошкент-2010 Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази. Маънавият ва маърифат рефератМаънавият асослари фанининг предмети, тушунчалари уларнинг ўзаро муносабатлари ва ривожланиш хусусиятлари РежаЎзбекистонРеспубликаси Олий Таълим ВазирлигиСамарқанд давлат чет тиллар институти факультетлараро «Маънавият ва тарих» кафедраси Маънавият асослари фанидан маърузалар матни Кафедра мудири: ф.н. Ҳандамова Маърифат Тузувчи: ф.н. Ҳандамова Маърифат Самарканд-2011 1-мавзу: Маънавият асослари фанининг предмети, тушунчалари уларнинг ўзаро муносабатлари ва ривожланиш хусусиятлари Режа 1. «Маънавият» тушунчасининг моҳияти, таърифи ва предмети 2. Ислом Каримов томонидан миллий-маънавий тикланиш концепциясининг ишлаб чиқилиши. 3. Маънавиятнинг асосий категориялари, унинг ривожланиш қонуниятлари. 4. Маънавият жамиятни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бир эканлиги. 1. Бугунги кунда «маънавият нима?» деган саволга хилма-хил жавоблар пайдо бўлмоқда. Айниқса, 1997 йилдан бошлаб мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида «Маънавият асослари» фани ўқитила бошланганлиги муносабати билан бу мавзуга олимларимизнинг эътибори янада кучайди. Собиқ шўролар даврида эълон қилинган илмий ва бадиий адабиётларда «маънавият» маданият тушунчасининг ажралмас бўлаги сифатида таҳлил қилиниб келинган. Бу олимлар ёки ижодкорланинг маънавият масаласини «тушунмаганлари» учун эмас, балки, давлат сиёсатида инсоннинг ички дунёси ва руҳияти салоҳиятини юзага чиқариш унинг жамият ҳаётида фаол бўлишига, миллат манфаатларини ҳимоя қилишга ва унинг етук миллат вакили сифатида шаклланишдан давлат манфаатдор эмаслигида эди1. Маънавият нима? (арабча «маънавият») – маънолар мажмуи) – кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурлари ва тушунчалари мажмуи. Маънавият мафкура, тафаккур тушунчаларига яқин ва улар бир-бирлари билан боғлиқ тушунчалардир. Маънавият – инсоннинг онги, ақлий қобилиятини, руҳий кечинмаларини яхшиликларга, эзгу ниятларга тўла қалбини ифодоловчи кўп қиррали тушунча2. Мамлактимиз ўз мустақиллигини қўлга киритиши эркин фикрлайдиган, ўз-ўзини англайдиган, жамият мақсад ва манфаатларини тушуниб етадиган, ҳар томонлама етук комил инсонни тарбиялаш вазифасини давлат сиёсати устувор йўналиш қилиб белгиланди. Уни амалга ошириш эса энг аввало тарбияланувчиларнинг ички руҳий маънавиятини бойитиш ва мустақил дунёқарашини шакллантиришни тақозо этади. Худди ана шу вазифа «маънавият»ни мустақил мавзу сифатида ўрганишни ҳам кун тартибига қўйди. Шу эҳтиёждан келиб охирги «маънавият»нинг моҳияти, тушунчалари ва ривожланиш қонуниятларига бағишланиб республикамиз зиёлийлари ўртасида қизғин мунозаралар олиб борилмоқда. Маънавият кўпроқ инсон қалбига, ботиний томонга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун «Маънавият»га таъриф беришда Президентимиз Ислом Каримовнинг назарий қарашларига, миллий қадриятларимизни, тарихий ва маданий меросимизни тиклаш борасидаги амалий фаолиятларига таянишимиз, уни ўзимиз учун дастуруламал қилиб олишимиз мақсадга мувофиқ. Юртбошимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ «Маънавият - инсоннинг, халқнинг жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратидир. У йўқ жойда ҳуч қачон бахт-саодат бўлмайди». – деб ёзган эди3. Юртбошимиз кейинчалик «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида эса маънавият тушунчасининг моҳияти тўғрисида қуйидаги фикр мулоҳазаларни билдиради: «Кейинги йилларда бу мавзуда олимларимиз томонидан тайёрланган илмий рисолалар, ўқув қўлланмалари, луғатларда «маънавият» тушунчаси ва унинг асосий тамойилларига ўзига хос таърифлар берилаётганини кузатиш мумкин. Мен бу борадаги фикрларни инкор этмаган ҳолда, «маънавият» тушунчасининг мазмуни фақат «маъни», «маъно» деган сўзлар доирасида чегараланиб қолмайди, деб ўйлайман. Нега деганда, инсонни инсон қиладиган, унинг онги ва руҳияти билан чамбарчас боғланган бу тушунча ҳар қайси одам, жамият, миллат ва халқ ҳаётида ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган алоҳида ўрин тутади»4. Президентимиз ўз фикрини давом эттириб маънавиятга шундай таъриф беради: «маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини баққуват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадигшан беқиёс куч»5. Маънавият тушунчасининг таърифи «маъно», «маъни» сўзларининг бугунги биз тушунган мазмуни билан ечилмайди. Жалолиддин Румийнинг буюк асари беҳудага «Маснавийи маънавий» номи билан шуҳрат қозонган эмас. Бу ердаги маъно тушунчаси олий бир мазмунни англатмоқда, улуғ алломаларимиз уни «Ҳақ асрори» деб атаганлар, агар бугунги илмий ифодаларга кўчирсак, биз зоҳир кўзимиз билан кўриб турган чексиз замон ва маконда чексиз ва худудсиз шакллар мажмуини тўзғитиб юбормай, ғоят бир мураккаб тизимда ушлаб турган ички уйғунлик, инсон онги ҳеч қачон тўлиқ англаб ета олмагувчи яхлит моҳиятдир. Шахс маънавияти айни шу беҳудуд манбадан қувват олади. Алломанинг яна бир маънавият ҳақидаги фикрини келтириш мумкин «ҳар не истамак, ўзингла ҳам эрур»6, Алишер Навоий эса «ҳар не истасанг, ўзингдан истагил», - дейди. Одам ҳам , ҳайвон ҳам овқатга эҳтиёж сезади, лекин улар ўртасида чегара бор. Бу чегарани ҳис этиш инсон учун ҳикмат олами бошланганидир. Алишер Навоий «маъно аҳли» деганда ҳақиқат йўлига кирган комил инсонни назарда тутган7. Шундай экан маънавият инсоннинг руҳий олами билан чамбарчас боғлиқ тушунчадир. Маънавият инсониятнинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч–қуввати экан, бинобарин, жамиятнинг инсонларнинг маънавий маданияти ҳанча юксак бўлса, мамлакат шунча тез равнақ топади, бошқа ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш осонлашади. «Маънавият» тушунчаси жуда кенг қамровли мазмунга эга. Рус тилидаги «духовность» тушунчаси айнан таржима қилинса, маънавият эмас, «руҳият» ёки «руҳоният» бўлади. «Маънавият» «духовность» тушунчасининг таржимаси айнан кўчирилган нусхаси эмас, балки муқобилидир. Маълумки, Европа фалсафаси «ахлоқ», «руҳ», «ирода», «гўзаллик» каби тушунчаларни тадқиқ этишда беқиёс натижаларга эришган, теран тадқиқотларни амалга оширган бўлса-да, у маънавий ҳаёти яхлит ҳолда эмас, бўлиб ўрганиш анъанасига содиқ қолган. Чунончи, немис олимлари Гегель таълимотида «руҳ», Шопенгауэр таълимотида эса «ирода» борлиқнинг ўзи сифатида аҳамият касб этади8. Маънавият тушунчаси келиб чиқишига кўра икки ўзакка бориб боғланиши мумкин. Биринчиси бу тушунча арабча «маъни» ўзагидан ҳосил бўлган. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да маънавиятнинг иккинчи мазмуни «ахлоқий» деб ифодаланган. Маънавият нафақат «маъни»га оид мазмунда, шунингдек, «ахлоқ» ва «руҳ», ҳатто «шахснинг ҳуқуқий мақоми» мазмунларида ҳам ишлатилиб келинмоқда. Маънавият – одамнинг руҳий ва ақлий оламининг мажмуидир. Тилимизда «Баъмани одам» деган ибора бор. Бу иборага лойиқ кўрилиш улуғ бахтдир. Ва аксинча «Беъмани одам» дейиш кучли ҳақоратдир, бу – ҳайвонсифат дейиш билан баробар. Маънавият – жамиятнинг, миллатнинг ва ёки айрим бир кишининг ички ҳаёти, руҳий кечинмалари, ақлий қобилияти идрокини мужассамлаштирувчи тушунча9. Маънавият фанининг предмети нима? инсон ва жамият маънавий ҳаёти, мақсади эса комил инсон – имон – эътиқоди бутун, иродаси баққуват, эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш ва жамият маънавий салоҳиятини ривожлантиришдир. Ана шу кенг қамровли вазифалардан кўриниб турибдики, инсон камолоти ва жамиятнинг юксак даражага кўтарилиши маънавиятни ривожлантиришга боғлиқ бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган концепцияда мамлакатимиз ва халқимиз тараққиётини таъминлашнинг асосий омили сифатида миллий маънавият устивор ўринни эгаллайди. Маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади ҳамда мамлакат ва миллат тараққий этади. Бу ўз навбатида шахснинг баркамол ривожланиши учун замин бўлиб хизмат қилади. Буни чуқур ҳис қилган Президентимиз Ислом Каримов юксак маърифий – маданий жамият қуриш, ҳар тамонлама баркамол Ватанни шакллантириш сиёсатини юргизмоқда. У «Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантириш ўз йўли тўртта асосий негизга асосланади», - деб кўрсатади. Улар қуйидагилар: - Умуминсоний қадрятларга содиқлик; - Халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш; - Инсоннинг ўз имкониятларини эркин намойиш қилиш; - Ватанпарварлик; «Маънавият ва маърифат инсоннинг руҳий қанотларидир. Уларнинг ҳар бири киши ички дунёсини ўстириб, парвозга яроқлик қилади». Президентимиз 1992 йилдаёқ «Олдин одамларга моддий бойлик бериш, сўнгра маънавият тўғрисида тўғрисида ўйлаш керак, деганлар ҳақ бўлмасалар керак. Маънавият – инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг куч-қудратидир», - деб таъкидлаганлар эдилар10. Президентимиз томонидан илгари сурилган бу концептуал ғоянинг назарий ва амалий аҳамияти шундаки, биринчидан, бу билан муаллиф собиқ шўролар даврида маънавиятни ривожлантиришга учинчи даражали омил сифатида қаралишининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий инқирозининг сабаларини ҳам кўрсатиб берди. Иккинчидан, маънавиятни ривожлантирмасдан, шахснинг маънавий руҳиятини ўзгартирмасдан туриб жамиятда кўзланган мақсадни амалга ошириш мумкин эмаслигини илмий асослаб берди. 3. «Маънавият асослари» курсининг методлари нималардан иборат? диалектик метод, қиёслаш ва таққослаш (кузатиш, тарихий ёндашиш, мантиқ) методлари, эмперик – социологик метод, умуммантиқий метод ( синтез, абстрактлаш, умумийлик), назарий метод, ахлоқий метод (айрим гуруҳ ёки шахс хулқини кузатиш), изоҳлаш методи, диагностика методи, ахборотлаш методи (фан ютуқларидан фойдаланиш). Маънавият асослари фани категориялари (тушунчалари) нима? Шахснинг ўз-ўзини англаши, билимдонлик, қалби тозалик, сахийлик, самимийлик, ҳайриҳоҳлик, имонлилик, ҳалоллик, эътиқодлилик, диёнатлилик, поклик, меҳр-шавқатлилик, виждонлилик, ростгўйлик, адолатпарварлик, ота-онага ҳурмат, оилага асадоқат, вафодорлик, тўғрилик ва бошқалар. Шахснинг миллат вакили сифатидаги мақомида: миллий ўз-ўзини англаш, миллий ғурур, миллатпарварлик, ватанпарварлик, миллат тақдирига нисбатан маъсулиятни, миллий манфаат устуворлигини ҳис этиш, миллий тил, миллий тарих, адабиёт, санъат, мамлакат ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётида фаоллик ва бошқаларбўлса, шахснинг жамият вакили сифатидаги мақомида: мамлакатнинг жаҳондаги нуфузини оширишда масъуллик, цивлизацияси ютуқларини эгаллаш, жаҳон халқлари олдида турган умумбашарий муаммоларга бефарқ бўлмаслик, миллий ва умуминсонийманфаатлар уйғунлигини англаш, инсоннинг табиатнинг бир бўлаги эканлиги, уни асрашда масъуллик ва бошқа бир қатор тушунчаларни киритиш мумкин. Маънавият ривожланиши ҳам маълум қонуниятлари қуйидагилардан иборат: Гарчанд бундай қонуниятлар бир неча йўналиш ва жараёнларни ўз ичига олса ҳам, уларни икки йирик гуруҳларга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга шахс, миллат ёки жамият Билан боғлиқ бўлган қонуниятлар киради. Яъни шахс, миллат ёки жамиятнинг ички салоҳияти мустаҳкам, заминлари чуқур бўлиши маънавият ривожланишининг асосини ташкил қилади. Иккинчи гуруҳ қонуниятларига шахслар ва миллатларнинг ўзаро муносабатлари жараёнида содир бўладиган «ўзаро таъсир» ва «ўзаро бойитиш» орқали бўладиган жарёнлар киради. Яъни шахс маънавий камолоти онадан туғилиши Билан юзага келмайди. Худди шунингдек, миллат ҳам тарихий тараққиётнинг маълум босқичларида бошқа халқлар, миллатлар Билан ҳамкорлик натижаида юзага келади. Маънавият ана шу ўзаро муносабатлар ва «таъсирлар» асосида ривожланиб боради. Бу жарёнда бир томон иккинчисига ниманидир беради ва ниманидир қабул қилади. шундай қилиб, маънавият ривожланишидаги «таъсир» ва «акс таъсир» қонунияти мавжуд бўлиб, у маънавиятнинг ривожланиб боришини таъминлашга хизмат қилади. 4. Юқорида маънавиятнинг жамият, шахс ва миллат ҳаётидаги муҳим ўрни ҳақида фикр юритилди. Аммо, уни реал ҳаётга қанчалик тадбиқ қилиш қилиш ё қилмаслик давлат олиб бораётган сиёсат билан боғлиқ. Бугунга келиб маънавиятнинг жамият тараққиётидаги аҳамиятига нисбатан муносабат тобора кучайиб бормоқда. Собиқ иттифоқдош, бугунги мустақил давлатларнинг кўпчилигида бирида олдинроқ, иккинчисида кейинроқ маънавият омилининг роли ва аҳамиятини оширишга имконият даражасида эътибор берилмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг тарихан қисқа вақт ичида Президент Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси асосида маълум тажрибиларни тўплашга эришганлигини таъкидлаш лозим бўлади. Маънавиятни кўтариш давлат сиёсатида устувор соҳага кўтарилди ва у ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади. Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида маънавиятнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳақида қуйидагиларни келтиради: «Бугунги кунда мамлакатимизда Янги ҳаёт, Янги жамият пойдеворини барпо этишда эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш масаласи биз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари Билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаш вазифаси истиқлол йилларида биз учун ҳал қилувчи масалага айланди11. Аслини олганда, ҳозирги кунда маънавиятнинг устувор соҳага кўтарилишининг бир қатор сабаблари бор. Улар қуйидагилардан иборат: 1.Жамиятда амалга ошириладиган барча вазифаларнинг тақдири, унда яшайдиган одамларнинг тафаккури, онги қай даражада ўсиши Билан боғлиқдир. Уларнинг онги ва тафаккурини амалга оширмоқчи бўлган вазифалар моҳияти ва манфаати йўналишидан келиб чиққан ҳолда ўзгартирмасдан туриб кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. 2.Мустақилликнинг дастлабки йилларида собиқ совет мафкурасидан воз кечиш байроғи остида умуман ҳар қандай мафкурага қарши кураш бошланди. Бу ўз навбатида одамларнинг маънавиятига, шаклланган қадрятларига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказа бошлади. Айниқса, матбуотларда баъзи олимлар, биринчи навбатда иқтисодий тафаккурни шакллантириш зарур, маънавият эса ана шу иқтисодий тафаккур заминида юзага келади деган фикрларни илгари сура бошладилар. Оқибатда одамлар руҳиятида яна бир томонлама кетиш турмуш тарзи етакчи ўринни эгаллай бошлади. 3.Мустақилликнинг дастлабки йилларида юзага келган иқтисодий муаммолар олдида одамларнинг аксарият қисми довдираб қолди, кўпчилик ҳолларда ёшларнинг таълим олиш, касб ўрганиш, санъат ва бадиий асарларга қизиқишдан кўра бозорга чиқиш, пул топишга интилиш хавфини юзага келтирди. 4.Собиқ иттифоқ шароитида Фан, техника, маориф, олий таъли, бир қатор саноат корхоналарини вужудга келтириш ва ривожлантиришда кўпгина ютуқлар қўлга киритилган эди. Аммо, улар марказ манфаатларига хизмат қилган. 5.Маънавиятнинг давлат сиёсатида устувор бўлишига яна бир сабаб, миллат сон жиҳатидан каттами ёки кичикми бундан қатъий назар, уларнинг реал субъект, маълум моддий ва маънавий бойликларини яратувчиси, истеъмолчиси, бошқаларда учрамайдиган, ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини ва ўзининг мустақил ўрнига эга бўлиши каби омилларни, яъни чинакам миллат сифатидаги мақомини тиклаш ҳаётий эҳтиёж даражасига кўтарилган эди. 6.Ўзбеклар жаҳон цивлизациясига улкан ҳисса қўшган халқдир. Унинг маънавият, фан, маданият соҳасидаги эришган ютуқлари жаҳон халқларига асрлар оша хизмат қилиб келмоқда. 7.Маънавият миллатни ва бутун мамлакат аҳолисини маълум мақсадлар сари давлат атрофига уюштирувчи, уларни фаоллаштирувчи, ёрқин келажакка ишонтирувчи, инсон зотини улуғловчи, унинг қадрини англатувчи улкан механизм ҳамдир. Такрорлаш учун саволлар: 1. Маънавият тушунчасининг моҳиятини изоҳлаб беринг? 2. маънавиятнинг шахс, миллат, жамият ҳаётидаги ўрни нимада? 3. Ислом Каримовнинг миллий-маънавий тикланиш концепциясини ишлаб чиққанлигини нималарда кўрсатиб бера оласиз? 4. Ислом Каримов томонидан «маънавият» тушунчасига берилган таърифнинг моҳияти нимадан иборат? 5. Маънавиятнинг асосий тушунчаларига нималар киради? 6. Маънавиятни ривожлантириш ҳозирги даврда давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилиш сабаблари нимада деб биласиз? 2-мавзу: Президент Ислом Каримовнинг маънавият, унинг мезонлари ва миллий-маънавий тикланиш ҳақидаги концепциялари
«Маънавият тушунчасининг илмий, фалсафий, адабий ёки оддий тилда ифодаланадиган кўплаб таърифларни келтириш мумкин. Шунинг учун ҳам бу масала бўйича илмий адабиётларда, кундалик матбуотда бир-биридан фарқ қиладиган фикр-мулоҳазаларни учратгандан бундан таажжубланмасдан уларнинг қайси муаллифнинг ўзига хос дунёқараши, мушоҳада тарзи ифодаси сифатида қабул қилиш ўринлидир. Маънавият-инсонни руҳан поклаш, қалбини улуғлашга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз». «Маънавият» тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади. Шунинг учун ҳам бу мавзуда фикр юритганда, мазкур қарашларининг барчасини умумлаштириб, кенг маънодаги «маънавият» тушунчаси орқали ифода этиш мумкин. Маънавиятнинг негизи ва маъно-мазмунини белгилайдиган асосий хусусиятлар, биринчи галда инсоннинг руҳий покланиш ва қалбан улғайиши ҳақида гапирар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Биз маънавият ҳақида фикр юритар эканмиз, бу масалани атрофлича ва чуқур таҳлил этишимиз, унинг фақат ўзимизда маъқул, ижобий томонлари билан чекланиб қолмасдан ана шундай мураккаб жиҳатларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз лозим. Глобаллашув феномени ҳақида гапирган-да, бу атама бугунги кунда илмий-фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча-қаерда ҳушёрлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади. Ўзбекистон Республикаси президенти И. Каримов томонидан ишлаб чиқилган концепцияда мамлакатимиз ва халқимиз тараққиётини таъминлашнинг асосий омили сифатида миллий маънавият устивор ўринни эгаллайди. Концепция нима? Лотинча-мажмуа, тизим деган маънони билдиради. Бу бирор соҳага оид қарашлар, тамойиллар тизими факт ва ҳодисаларни тушуниш англаш ва изоҳлшнинг мауайян усули асосий нуқтаи назари саналади. Маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади ҳамда мамлакат ва миллат тараққий этади. Бу ўз навбатида шахснинг баркамол ривожланиши учун замин бўлиб хизмат қилади. Буни чуқур ҳис қилган Президентимиз И. Каримов юксак маърифий-маданий жамият қуриш, ҳар томонлама баркамол Ватанни шакллантириш сиёсатини юргизмоқда. У «Ўзбьекистонни янгилаш ва ривожлантиришда тўртта асосий негизини кўрсатиб беради. Улар қуйидагилар: -Умуминсоний қадриятларга содиқлик; -Халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш: -Инсонни ўз имкониятларини эркин намойиш қилиш; -Ватанпарварлик «Маънавият ва маърифат инсоннинг руҳий қанотларидан. Уларнинг ҳар бири киши ички дунёсини ўстириб, парвозга яроқлик қилади». Президентимиз 1992 йилдаёқ «Олдин одамларга моддий бойлик бериш, сўнгра маънавият тўғрисида ўйлаш керак, деганларида ҳақ бўлмасалар керак. Маънавият-инсоннинг, халқнинг. Жамиятнинг куч қудратидир», -деб таъкидлаган эдилар. Президентиимз томонидан илгари сурилган бу концептуал ғоянинг назарий ва амалий аҳамияти шундаки, биринчидан, бу билан муаллиф собиқ шўролар даврида маънавиятни ривожлантиришга учуинчи даражали омил деб қараганлар. Иккинчидан, маънавиятни ривожлантирмасдан, шахснимнг маънавий руҳиятини ўзгартирмасдан туриб жамиятда кўзланган мақсадни амалга ошириш мумкин эмаслигини илмий асослаб берди. 2. Президентимиз И. Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XVI сессиясидаги Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда маърузасида маънавият тушунчасига қуйидагича таъриф беради: «Маънавият…инсонни руҳий поклаш ва юксалишга даъват этадиган, инсон ички оламини бойитадиган, унинг имон-иродасини, эътиқодини мустаҳкамлайдиган, виждонини уйғотадиган қудратли ботиний куч…» деб тушунаман. Дарҳақиқат инсоннинг ички руҳий ҳолати, тасаввури маънавиятни белгилайди. Агар инсон ичик руҳиятида ва тасаввурида юксак маданийлик хусусият бўлмаса, унинг ҳаётида ҳам маънавият бўлмайди. Президентимиз И. Каримов маънавият тушунчаси мазмунини очиб берар экан: «Маънавият шандай қимматбаҳо меваки, маънавият инсонга она сути, ота намунаси, аждодлар ўгити билан бирга сингади. Она тилининг буюк аҳамияти шундаки, у маънавият белгиси сифатида кишиларни яқин қилиб жипслаштиради. Маънавият ўз халқининг тарихини, унинг маданият ва вазифаларини чуқур ва тушуниб етишга суянгандагина қудратли кучга айланади. Тарихга мурожаат қилар эканмиз, бу халқ хотираси эканлигини назарда тутишимиз керак. Хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди». Президентимиз И. Каримов айтганидек, «маъанвият» тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади. Шунинг учу ҳам бу мавзуда фикр юритганда, мазкур қарашларнинг барчасини умумлаштириб, кенг маънодаги «маънавият» тушунчаси орқали ифода этиш мумкин. Президентимиз И. Каримов маънавиятнинг жамиятни ривожлантиришдаги роли ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган: «барчамиз яхши ангал олишимиз керакки, ҳаётимизнинг бошқа соҳаларидаги аҳвол, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг самарадорлиги, аввало халқ маънавиятининг тикланииш, тарихий меросимизнинг кенг ўрганилиши, анъаналаримизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи билан узвий боғлиқдир». Ҳақиқатдан ҳам маънавий қашшоқлик билан ҳеч қачон миллат иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётга эриша олмайди. Чунки маънавият қанча юксак бўлса, қилинадиган ишларнинг самарадорлиги ва унуми ҳам шу дараждада юксак бўлади. Президентимиз И. Каримов маънавиятнинг моҳиятини очиб ебриш билан бир вақтда бу соҳада амалга оширилиши керак бўлгапн ислоҳотларнинг стратегик йўналишларини ҳам белгилаб беради. Шу жумладан, у «Фидокор» газетаси мухбири саволарига берган жавобларида қуйидагиларни таъкидлайди: «…авваламбор ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни, ўз мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш. Уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарининг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш фазилатларини қарор топтириш, уларнинг, мен ўзбек фарзандиман, деб ғурур ва ифтихор билан яшашига эришишидир». Президентимиз И. Каримов томонидан ишлаб чиқилган миллий-маънавий тикланиш ва маънавий янгиланиш концепциясининг методологик аҳамияти қуйидагилардан иборат: 1. Бу концепция собиқ шўроларнинг тоталитар тузуми шароитида бой миллий-маънавий маданиятимизнинг инқирозга юз тутганлигини ва унинг сабабларини тушунишга; 2. Собиқ шўроларнинг ўтказган зўравонлиги, зулми ва жинояткорона ҳатти- қарамасдан, миллий-маънавий меросимизнинг илдизлари мустаҳкам бўлганлиги учун бу зўравонликларга бардош бериб, ўз салоҳияти ва хусусиятларини сақлаб қолганлиигни тушуниб етишга; 3. Ҳар бир миллат, у сон жиҳатидан кичикми ёкии катами ундан қатъий назар мустақиллик уларинг ҳар бири учун ҳаво ва сувдек зарур эканини, фақат мустақиллик миллатни миллий-маънавиятини сақлаб қолишга, уни ривожлантиришга ва кейинги авлодга етказиш бахтига муяссар этадиган асосий омил эканлигини тушунишга; 4. Миллий-маънавий тикланишнинг моҳияти, «маънавият» тушунчаси, унинг шахс, миллат камолоти, давлат ва жамият тараққиётидаги ўрнини белгилаб олишга уни ривожлантириш учун меросимизни чуқур ўзлаштириш ҳамда Президентимизнинг бугунги тараққиётимизни таъминлайдиган «куч-билим ва тафаккурда»-деган илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган концепцуал ғоясига изчиллик билан амал қилишимизга. 5. Миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва ислоҳотни амалга ошириш жараёнида миллий-маънавий тикланишимиз олдида турган вазифалар кўламини билиб олишга ва уни амалга оширишга умуммиллий сафарбарлик ҳаракатини авж олдиришга фидоий кўрсатиш зарурлигини англашимизга; 6. Талаба ёшларнинг миллий-маънавий тикланиш борасида улар олдида турган вазифаларни билиб олишга, миллий ғурур, ифтихор, фидоийлик, ватанпарварлик, инсонийлик каби олийжаноб фазилатларни шакллантириш-мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва тараққиётимизнинг асосий шарти эканлигини тушуниб етишимизга; 7. Миллий ғоянинг маъно ва мазмунини чуқур англашимизга, мустақилликни мустаҳкамлаш жараёнида маънавий янгиланишимиз борасидаги стратегик вазифаларимизнинг аосий йўналишини ва кўламини чуқур билиб олишимиз ҳамда уларни амалга оширишда фидоийлик кўрсатишимизнинг аҳамиятини тушуниб етишимиз зарурлигини кабилардир. 3. Ўзбек халқи 130 йилча мустамлакачилик истибдоди остида яшади. Бу давр мобайнида унинг миллий-маънавий мероси паймол этилди, тарихи сохталаштирилди, илмий, маданий-маънавий мерос чеклаб қўйилди. Мумтақилликка эришишимиздан аввал: ким Имом ал-Бухорий, Абу Мансур Мотрудий, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, ал-Марғиноний, Имом Ғаззолий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломаларимизнинг номини тилга олар, улар қолдирган бой маънавий меросни икониятига эга эди?; Ким қуръони Каримни, Ҳадиси шарифни, дину-исломни эркин ўқий ва ўргана оларди?; Ким Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари маънавий маданиятимизнинг юлдузлари бўлган буюк зотлар нгомини эркин тилга олар эди?. Бу каби саволарнинг сон-саноғи йўқ. Манна шуларнинг ўзи ҳам миллий маънавиятимизнинг нақадар топталганлигини таъкидловчи мисоллардир. Президентмизнинг миллий-маънавий тикланишимиз борасида қилган хизматлари ҳақида фикр шуларни амалга ошириш борасида қилинаётган катта хизматлари ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади. Жумладан, 1994 йил 23 апрелда «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказини ташкил этиш тўғрисида, 1996 йил 9 сентябрда «Маънавият ва маъифат» маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида, 1990 йил сентябрда «Республика маънавият ва маърифат кенгашини қўллаб қувватлаш тўғрисида»ги фармонларини чиқарди. 1996 йил 9 сентябрдаги фармониад «…маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий, устивор йўналиши, деб ҳисоблансин» деб белгиланди. Анна шу муҳим ҳужжатлар мамалкатимизда маънавиятни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда катта аҳамиятга эга бўлди. Мустақиллик йилларида маънавий меросимиз раҳномолари номлари тикланди, улар таваллуд топган кунлар нишонланмоқда, асарлари чоп этилди ва этилмоқда. Чунончи, Баҳоуддин Нақшбан таваллудининг 675 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги кенг нишонланди. 1998 йилда Имом ал-Бухорий ҳаракталарининг 1225 йиллиги, Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги нишонланишида бош-қош бўлганликларини таъкидлаш лозим. Мустақиллик йиллари қуръони Карим ўзбек тилига таржима қилиниб, кўп нусхада чоп этилди. Имиом ал-Бухорийнинг тўрт жилдлик ҳадисларини чоп этиш тугалланди. Хожа Аҳғмад Яссавийнинг «Ҳикматлари» тўплами чоп этилди. Шунингдек, Ийди рамазон ва Қурбон ҳайит кунлари диний қадриятларимизнинг байрами сифатида нишонланмоқда. Наврўз умумхалқ байрами сифатида халқимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин олди. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбекнинг 2009 йилда 615 йиллиги кенг нишонланди. Мустақилилк туфайли миллий истиқлоломиз курашчилари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, беҳбудий ва бошқаларнинг номлари тикланди, асарлари чоп этилди. Бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Мустақиллик йиллари Президентимиз ташаббуси билан «Таълим тўғқрисида қонун», «Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури» ва «Соғлом авлод дастур»ининг қабул қилиниши, миллий маънавиятимизнинг юксалишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қомусий олим Аҳмад ал-Фарғо-нийнинг 1200 йиллигини нишонлаш ўзлигимизни, қадри-ятларимизни англаш йўлидаги яна бир воқеа бўлди. Улуғ аждодларимиз таваллудларини ўтказиш бўйича ижтимоий-сиёсий, маърифий тажрибалар вужудга келди. Ресггубликамиздаги бу тажрибалардан қўшни мамлакатларда ҳам фойдаланиш кўзга ташланди. Шунингдек, қадимги аждодларимизнинг эзгу ғоялари, миллий давлатчилик анъаналари, турмуш тарзи ва мента-литетини акс этгирган «Авесто» китоби фақат мустақиллик йилларида ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини топди. Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган маънавий меросимизни тиклаш, ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги кенг кўламли ишлар доирасида «Авесто» китоби ҳам халқимизнинг маънавий мулкига ай-лантирилди. Китобнинг халқимиз ва миллий давлатчилигимиз тарихи, умумбашарий цивилизация ривожидаги улкан аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, 2001 йили «Авесто» яратилганининг 2700 йиллиги юртимизда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Шу муносабат билан китобнинг тўлиқ матни ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Истиқлол йилларида маънавий-маърифий ишларнинг янги, давр талаби ва манфаатларига мос такомиллашган тизими шакллантирилди. Юзлаб музейлар, маданият уйлари ва саройлари, ахборот ресурс марказлари, маданият ва истироҳат боғлари оммавий муассасалар сифатида ватандошларимизга маънавий-маърифий хизмат кўрсата бошлади. Республика «Маънавият ва маърифат маркази» ташкил этилди (1994) ва унинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар-даги бўлимлари ишга туширилди. Марказга Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раҳбарлик қила бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарорига биноан Республика Маънавият ва маърифат кенгаши фаолияти ва таркибий тузилиши қайта кўриб чиқилди. Республикамиздаги маҳалла оқсоқоллари ва фуқаролар йиғинлари раисларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилари тизими шакллантирилди. Маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида яна қатор ижобий чора-тадбирлар амалга оширилди. Республиканинг барча вилоятлари, йирик ша-ҳарлари ва туманларида фаолият юритаётган маънавий-маърифий муассасалар иштирокида катта халқ сайиллари ҳосил байрамлари, «Мустақиллик», «Наврўз», «Меҳржон» байрамлари, «Шарқ тароналари» халқаро фестивали, хонандалар, раққосалар, энг яхши касб усталарининг кўрик танловлари, «Ўзбекистон Ватаним маним», «Энг улуғ, энг азиз», «Келажак овози» ва бошқа кўрик-танловлар ўтка-зилмоқца. Истиқлол йилларида биргина Тошкент шахрида «Туркистон» саройи, Алишер Навоий номидаги Миллий боғ, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Миллий академик театр биноси ва ғоят гўзал, маҳобатли кошона -Ўзбекистон Давлат консерваториясининг янги биноси, бошқа кўплаб иншоотлар барпо этидци. 2000 йили пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қатағон йилларида халқимизнинг минглаб асл фарзандлари қатл этилиб, ном-нишонсиз кўмиб ташланган, неча йиллар давомида қаровсиз қолиб келган Бўзсув канали соҳи-лидаги Алвастикўприк деб ном олган жарлик ўринда «Шаҳидлар хотираси ҳиёбони» ва кейинчалик шу номда музей ва жамғарма ташкил қилинди, 2001 йилдан эътиборан 31 август юртимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланадиган бўдци. Ҳар йили 31 август тонгида бу масканда халқимизнинг қадимий урф-одатларига кўра ош тортилиб, Қуръон тиловат қилиш, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг бу ерга келиб, марҳумларни ёд этиши, уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтириши ибратли анъанага айланди. Ҳозирги кунда мамлакатимизтимизда аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари билан бевосита шуғулланадиган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида 2143 та клуб муассасалари, 87 та музей, жумладан 18 та тарихий, 25 та ўлкашунослик, 10 та бадиий, 16 та мемориал ва 18 та бошқа йўналишдаги музейлар ва 60 дан ортиқ маданият ва истироҳат боғлари ҳамда 37 та профессионал театр жамоалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Маданият ва маърифат масканлари жамиятда ўзига хос ўрин тутади, айниқса, мамлакатда амалга оширилаёт-ган иқгисодий, ижтимоий, сиёсий ислоҳотларни аҳоли ўртасида тушунтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги глобаллашув шароитида турли шаклдаги, хусусан, «оммавий маданият» кўринишидаги мафкуравий хуружларга қарши кураш, бунинг учун «халқни - халқ, миллатни - миллат» қилиш Ўзбекистон мустақиллигини асраб-авайлаш, жамиятдаги барқарорликни сақлашнинг муҳим воситасидир. Ёдда тутиш лозимки, маданият, маънавият одамлар уларда мужассам бўлган қадриятларнинг ҳаётдаги устуворлигини тан олган ва уларга амал қилиб яшагандагина яшайди. Бир-бири билан чамбарчас боғлиқ маданият ва маънавият инсоннинг инсоният олдидаги, халқ оддидаги, қолаверса, ўзи олдидаги масъулиятидир. Шу маънода, маданиятни инсон хатти-ҳаракатлари ва фаолияти-нинг ички тамойилларига айланган чекловлар тизими сифатида талқин этиш мумкин. Эзгуликка, инсонийликка зид ишни, қандай шароитга тушган бўлмасин, қилмайдиган одам ҳақиқий маданиятли инсон даражасига кўтарилади. Диний қадриятларнинг тикланишига оид қуйидаги ми-соллар мамлакатимизда маънавий ҳаёт тўлақонли ва ранг-баранг кечаётганлигидан далолатдир: 2008 йил 14-15 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хорижлик ва маҳаллий уламолар, олимлар ва кенг жамоатчилик иштирокида «Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси равнақига қўшган ҳиссаси» мавзуидаги халқаро конференция; 13-14 ноябрь кунлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида «Ўзбекистон-ислом дунёсининг буюк мутафаккирлари юрти» мавзуидаги анжуман ташкил этилди. 1993 йил сентябрь ойида Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги нишонланди. 1995 йил ноябрь ойида Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920йиллиги ва Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги нишонланди. Рус Православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё епархиясининг 125 йиллиги муносабати билан 1996 йил 9-12 но-ябрь кунлари тантанали тадбирлар ўтказилди. Тантаналарда черков тарихида илк бор Москва ва Бутун Русь Патриархи Алексий II Марказий Осиё ҳудудига ташриф буюрди. 1996 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон Евангель-лютеран жамоаси Марказий Осиёдаги ягона лютеран Кирхасинииг 100 йиллигини нишонлади. 1998 йил октябрь ойида Имом ал-Бухорийнинг ҳижрий тақвим бўйича 1225 йиллиги нишонланди.
1992 йил 2 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. 2003 йил 11 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университети битирувчиларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. 2003 йил 22 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. 2003 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Бухорий ёдгорлик мажмуини ас-раб-авайлаш ва янада ободонлаштириш, аллома меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. 2004 йил 27 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Баҳо-уддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. 2004 йил 16 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди,
2008 йил 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этишчора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. 2008 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Пре-зидентининг «Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасини ташкил қилиш тўғрисида»ги Қарори эълон қи-линди. 2002 йил 30 май куни Навоий шахрида Рус Православ черковининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 2007 йилда Тошкент шаҳрининг «Ҳастимом» даҳасида қисқа муддатда- тўрт ой ичида ўз ичига «Хазрати имом» масжиди, «Бароқхон» мадрасаси, «Муйи муборак» зиёратгоҳи, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги биноси ва бошқа масканларни олган янги мажмуа қуриб бит-казидци. 2004 йил 22-23 март кунлари Франциянинг Париж шаҳ-рида «Ўзбекистон ва Францияда диний бағрикенглик» ва «Ўзбекистон ва Франция халқаро муносабатлар тизимида» мавзуларида Халқаро конференциялар ўтказилди. 2004 йил 3-10 октябрь кунлари АҚШ нинг Вашингтон шаҳрида Р. Никсон маркази томонидан ташкил этилган «Давлат ва дин, конфессиялараро бағрикенглик: Ўзбекистон мисолида» мавзусида конференция бўлиб ўтди. 2007 йил 31 май куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида «Уч дин форуми» халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган «Конфессиялараро тотувликка эришишда Ўзбекистон тажрибаси» мавзуидаги семинар уюштирилди. 2001 йил 30 март куни Ўзбекистон Библия китоб жамияти томонидан амалга оширилган «Сулаймоннинг ҳикматлари китоби»нинг ўзбекча таржимаси тақдимот маросими ўтказилди. Мустақиллик йилларида республикамизда Қуръон (уч марта), Қадимги Аҳднинг 16 китоби ва Янги Аҳц тўлалигича ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этидди. 2004 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Республика Кўрлар жамияти билан ҳамкорлиқда тайёрланган Брайл ёзувидаги Қуръони карим китоби тақдимот маросими ўтказилди. Ўзбекистон мазкур хайрли ама-лиётни амалга оширган жаҳоннинг учинчи мамлакати бўлди. Бугунги кунда мамлакатимизда 24 мингга яқин кўзи ожиз-лар истиқомат қилмоқда. Эндиликда махсус мактаб-интернатлар, кутубхоналар ҳамда барча истак билдирганлар маз-кур Куръондан фойдаланишлари мумкин. Мустақиллик туфайли мусиқа, маданият, амалий ва тасвирий санъат каби йўналишлар ривожига катта эътибор берилди. Ўзбекистон машҳур мусиқа ва театр фестивалларига, ижрочилар танловлари ва кўргазмаларга ҳам мезбонлик қилмоқда. Хусусан, йил сайин иштирокчилар сони кўпайиб бораётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бутун жаҳон маданий жамоатчилиги ўртасида кенг шуҳрат қозонмоқда. Хуллас, эришилган ютуқлардан фахрланиш бугунги кун-да фуқароларимизда келажак учун масъулият билан бирга Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини ҳам шакллантирмоқца. Ўтган ўн саккиз йил давомида муста-қиллик биз учун энг улуғ, энг азиз қадрият бўлиб, миллий ўзлигимиз, ор-номусимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли, эзгу орзу-интилишларимиз, ютуқ ва марраларимизнинг ҳаётбахш манбаи сифатида шу муқаддас заминда яшаётган барча ватандошларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгалламокда. uz.denemetr.com Юксак маънавият - енгилмас куч | Муқаддима Бугун биз тарихий бир даврда - халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.Биз ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиб, азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, тараққий топган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мана шундай олижаноб интилишлар билан яшаётганимиз, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганимиз, бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани - бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англаймиз.Ана шу ҳақиқатни халқимиз ҳар томонлама тўғри тушуниб, танлаган тараққиёт йўлимизни онгли равишда қабул қилгани ва қўллаб-қувватлаётгани олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг асосий манбаи ва гарови эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин.Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бу соҳадаги аҳволни тубдан ўзгартириш юртимизда энг долзарб ва ҳал қилувчи вазифалардан бирига айланди.Шу ўринда биз бу ўта муҳим масалага қандай эътибор берганимиз ва уни босқичма-босқич ҳал қилиб келаётганимиз ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. Жумладан, 1994 йили 22 сентябрда парламент минбаридан яқин тарихимизда бошимиздан кечирган воқеалар, яъни, миллатимизнинг қадр-қиммати, шаъни ва номуси поймол қилингани, кўҳна тарихимиз ва муқаддас қадриятларимиз топталгани ҳақида қуйидаги дардли-изтиробли фикрлар билдирилган ва баъзи бир ғоят қийин, аммо табиий саволлар ўртага ташланган эди:«- Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?- Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?- Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!..» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?- Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди?- Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?- Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?- Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?- Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?- Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялангоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?»Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни, тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.Ўтган давр мобайнида эски тузумдан оғир мерос бўлиб қолган ана шундай иллатларга, эл-юртимизга нисбатан камситиш ва миллий манфаатларимизни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш, кўҳна қадриятларимиз, дину диёнатимизни тиклаш, ҳаётимизда тарихий адолатни қарор топтириш, янги жамият қуриш йўлида халқимизнинг маънавий юксалишини ўз олдимизга қўйган олижаноб мақсадларга етишда ҳал қилувчи мезон деб қараш ва шу асосда иш олиб бориш биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келганини ва бугун ҳам эътиборимиз марказида турганини таъкидлаш лозим.Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, эзгу фазилат ва интилишлар халқимизнинг қон-қони ва суяк-суягига сингиб кетган. Унинг табиатига хос бўлган юксак маънавият неча асрларки бизни не-не бало-қазолардан, тўфон ва бўронлардан соғ-омон асраб келмоқда. Ҳар қандай босқин ва истилоларга қарамасдан, ҳар қандай оғир ва мураккаб шароитда ҳам ота-боболаримиз ўзлигини йўқотмасдан, маънавий ҳаёт мезонлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиб, комиллик сари интилиб яшагани бугун ҳам барчамизга ибрат бўлиб, куч-қувват бағишлаб келмоқда.Маълумки, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг тафаккури, турмуш тарзи, маънавий қарашлари ўз-ўзидан, бўш жойда шаклланиб қолмайди. Уларнинг вужудга келиши ва ривожланишида аниқ тарихий, табиий ва ижтимоий омиллар асос бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.Масалан, Шарқ оламида, жумладан, ўзимизнинг Ўрта Осиё шароитида жамоа бўлиб яшаш туйғуси ғоят муҳим аҳамият касб этади ва одамларни бир-бирига яқинлаштиришга, бир-бирини қўллаб-қувватлаб ҳаёт кечиришга замин туғдиради. Шу маънода, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар ташлайдиган бўлсак, бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган, минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятларни кўрамиз.Мисол учун, тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.Шуни айтиш лозимки, бу тушунчалар кимдир шунчаки ўйлаб топган ширин калом, қулоққа хуш ёқадиган сўзлар эмас. Бундай тушунчалар асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгу шууримиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир.Масалан, эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди.Шарқ халқлари ва юртимиз аҳлига мансуб шундай белги-аломатлар ҳақида гапирганда, уларнинг тарихий-ижтимоий заминига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли азалдан водийларда, катта сув манбалари - дарё ва анҳорлар бўйида яшаб келади. Атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган, табиати, иқлими ғоят мураккаб бўлган минтақа шароитининг ўзи ана шу элат ва миллатларнинг минг йиллар давомида бир-бирига мослашиб, яқин елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб яшашини тақозо этиб келади.Чиндан ҳам, бу заминда истиқомат қиладиган одамларнинг тарқоқ бўлиб яшашга имкони йўқ, табиатнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи уларни шу руҳда тарбиялаган. Турмуш ва тафаккур тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган мана шундай азалий тушунчалар минтақамизда яшаб ўтган улуғ алломалар, мутафаккир зотларнинг қолдирган бебаҳо меросида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Мисол учун, Алишер Навоий бобомиз бўладими, Рудакий, Абай, Махтумқули ёки Тўқтағул каби улуғ зотлар бўладими, уларнинг барчаси ўз ижоди билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этгани бежиз эмас, албатта.Ота-боболаримиз неча асрлар мобайнида шу бепоён минтақада қандай ҳамжиҳат бўлиб, қандай қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни - бутун Ўрта Осиё халқларини айнан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда.Бир сўз билан айтганда, тарихий воқеликка мана шундай қараш, жамулжам бўлиб яшаш туйғуси биз учун ҳаёт фалсафасига, яна ҳам аниқроғи, ҳаёт қоидасига айланиб кетган. Замонавий тилда айтадиган бўлсак, бу миллий менталитетимизнинг асосини ташкил этадиган, бизни бошқалардан ажратиб турадиган шундай бир хусусиятки, уни сезмаслик, англамаслик, кўрмаслик умуман мумкин эмас.Ғарб оламида эса одамларнинг ҳаёт тарзида жамоавийликдан кўра индивидуализм, шахсий манфаат тамойиллари устунлик қилишини кузатиш мумкин. Бу ҳам муайян, объектив ижтимоий-тарихий омиллар туфайли шаклланган воқелик бўлиб, уни ҳам инкор этиб бўлмайди.Албатта, Ўрта Осиё муҳитида жамоа, маҳалла бўлиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб яшайдиган инсонлар, давр қанчалик ўзгармасин, тарих синовидан ўтган ўз қадриятларига содиқ бўлиб яшашни маъқул кўрар экан, буни замонавий фикрлайдиган, дунёга теран назар ташлайдиган одам тўғри тушуниши, тан олиши ва уни ҳурмат билан қабул қилиши лозим.Минг афсуски, мана шундай тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган чет элдаги баъзи сиёсатчи ва арбоблар нафақат сиёсат ёки иқтисодиёт, балки маънавият бобида ҳам бизга ақл ўргатишга, азалий ҳаёт тарзимиз, руҳий дунёмизга ёт бўлган қарашларни мажбуран жорий этишга уринмоқда.Бундай кучларнинг ғаразли муносабати аввало бой ва қадимий маънавиятимизга қарши қаратилгани, улар халқимизни ана шу бебаҳо бойликдан жудо қилиш учун ҳар хил усул ва воситалар билан зўр бериб уринаётгани барчамизни ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта.Нега деганда, инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.Бинобарин, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.Кези келганда илгари айтган бир фикримни такрорламоқчиман: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.Ҳозирги кунда ким кўп - ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда.Бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин.Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда.Шунинг учун ҳам - бу Шарқ ёки Ғарб мамлакатлари бўладими, олис Африка ёки Осиё қитъаси бўладими - жаҳоннинг қайси бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши қандайдир таҳдид пайдо бўладиган бўлса, ўзининг бугунги куни ва эртанги истиқболини ўйлаб яшайдиган ҳар бир онгли инсон, ҳар бир халқ ташвишга тушиши табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, фақат битта миллат ёки халқ ҳақида фикр юритиш масалани ўта тор тушуниш бўлур эди. Яъни, бу ўринда сўз фақат бизнинг маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлар ҳақида, азалий фазилатларимиз, миллий қадриятларимизни ана шундай ҳужумлардан асраш хусусидагина бораётгани йўқ. Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда, дунёнинг барча мамлакатлари ва халқлари ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир.Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман.Агарки масалага амалий кўз билан қарайдиган бўлсак, маънавиятимизга қарши қаратилган ҳар қандай хуруж - бу миллатимизни миллат қиладиган, асрлар, минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ўзига хос ва ўзига мос хусусиятларга, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусига, бизни доимий равишда тадрижий тараққиётга чорлайдиган, шу йўлдаги барча асорат ва иллатлардан халос бўлиб, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу мақсадларимизга катта зарба берадиган мудҳиш хавф-хатарларни англатади.Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, ўйлайманки, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади.Бундай тажовузкорона ҳаракатлар бизлар учун мутлақо бегона мафкура ва дунёқарашни аввало беғубор ёшларимизнинг қалби ва онгига сингдиришга қаратилгани билан айниқса хатарлидир. Бундай ҳолатларга дуч келганда, умрида мамлакатимизга қадам қўймаган, Ўзбекистонни ҳатто харитадан ҳам кўрсатиб беролмайдиган, лекин ўзини мутлақ ҳақиқатнинг ягона ифодачиси деб ҳисоблайдиган кимсаларнинг енгил-елпи фикрларини эшитганда, уларга қарата беихтиёр, э, барака топкур, олдин юртимизга бир келиб кўринг, тарихимиз, маънавиятимиз, ҳаёт тарзимиз билан танишиб, ундан кейин гапиринг, деб айтгингиз келади.Ҳақиқат ва холисликдан йироқ бўлган, фақат ғаразли сиёсий манфаатларни кўзлайдиган бундай қарашлар ҳеч кимга наф келтирмайди ва ҳеч кимнинг обрўсига обрў қўшмайди, албатта.Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим.Такрор айтишга тўғри келади - ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур.Ўйлайманки, тарихда кўп-кўп синов ва машаққатларни кўрган, азиз фарзандининг бахти ва келажагини ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган халқимиз бундай хатарларнинг машъум оқибатларини яхши англайди.Хулоса қилиб айтганда, бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидоийлик билан кураша олиши мумкин.Нафақат давлат раҳбари, авваламбор, буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган халқимизнинг бир фарзанди сифатида, ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, уни ҳар хил ошкора ва пинҳона ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳақида қайғурадиган бир инсон сифатида юқорида зикр этилган ўта муҳим ва ўта нозик бу масалалар мени ҳам кўпдан буён ўйлантириб келади.Ушбу китоб инсоннинг юксалишида маънавият оламининг қандай таъсир ва аҳамиятга эга экани, шунингдек, маънавиятга қарши қаратилган хуружларнинг реал хавфи ҳақида атрофлича фикр юритиш, халқимиз янги ҳаёт, янги жамият асосларини қураётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда одамларни бундай хатарлардан огоҳ этиш, эл-юртимиз, кенг жамоатчилик эътиборини бу масалаларга яна бир бор қаратиш, келажак авлодимизни маънавий соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш билан боғлиқ вазифаларни аниқ белгилаб олиш борасидаги ҳаётий эҳтиёж маҳсули сифатида дунёга келди.Агарки мендан, ҳозирги кунда маънавиятимизни асраш учун нима қилиш лозим ва унга таҳдид соладиган хуружларга нимани қарши қўйиш керак, деб сўраса, мен авваламбор шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикрлаши ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаши зарур, деб жавоб берган бўлардим.Ишончим комилки, ана шундай ноёб инсоний фазилатларга, юксак маънавиятга эга бўлган халқ ҳеч кимга ҳеч қачон қарам бўлмайди, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади. Биринчи бобМаънавият - инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир Маънавиятни англаш Биз одатда маънавият ҳақида, унинг маъно-мазмуни, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп гапирамиз. Лекин негадир аксарият ҳолларда кўпчилик маънавият ўзи нима, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб беришга қийналади.Мен бундай ҳолатга ўз шахсий тажрибамда кўп бор гувоҳ бўлганман. Масъул раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлашда ўтказиладиган суҳбат жараёнида уларнинг профессионал малакаси, билими, ташкилотчилиги, ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари билан бир қаторда маънавий савиясига ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Ва кўп ҳолларда, маънавият ҳақида бериладиган саволларга ҳар хил, баъзан эса бир-бирига қарама-қарши, қандайдир ноаниқ, саёз жавобларни ҳам эшитишга тўғри келади.Албатта, «маънавият» тушунчасининг илмий, фалсафий, адабий ёки оддий тилда ифодаланадиган кўплаб таърифларини келтириш мумкин. Умуман, ўзида жуда чуқур ва кенг қамровли маъно-мазмунни мужассам этган бу тушунчага ҳар қайси маърифатли инсон ўзининг фалсафий ёндашуви, сиёсий қарашлари ва эътиқоди, онгу тафаккуридан келиб чиққан ҳолда турлича таъриф ва тавсифлар бериши табиий. Шунинг учун ҳам бу масала бўйича илмий адабиётларда, кундалик матбуотда бир-биридан фарқ қиладиган фикр-мулоҳазаларни учратганда бундан таажжубланмасдан, уларни ҳар қайси муаллифнинг ўзига хос дунёқараши, мушоҳада тарзи ифодаси сифатида қабул қилиш ўринлидир.Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда бу мавзуда олимларимиз томонидан тайёрланган илмий рисолалар, ўқув қўлланмалари, луғатларда «маънавият» тушунчаси ва унинг асосий тамойилларига ўзига хос таърифлар берилаётганини кузатиш мумкин. Мен бу борадаги фикрларни инкор этмаган ҳолда, «маънавият» тушунчасининг мазмуни фақат «маъни», «маъно» деган сўзлар доирасида чегараланиб қолмайди, деб ўйлайман. Нега деганда, инсонни инсон қиладиган, унинг онги ва руҳияти билан чамбарчас боғланган бу тушунча ҳар қайси одам, жамият, миллат ва халқ ҳаётида ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган алоҳида ўрин тутади.Шу фикрни мантиқий давом эттириб, маънавият - инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак, менимча, тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз.Менинг назаримда, «маънавият» тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади. Шунинг учун ҳам бу мавзуда фикр юритганда, мазкур қарашларнинг барчасини умумлаштириб, кенг маънодаги «маънавият» тушунчаси орқали ифода этиш мумкин.Маънавиятнинг негизи ва маъно-мазмунини белгилайдиган асосий хусусиятлар, биринчи галда инсоннинг руҳий покланиши ва қалбан улғайиши ҳақида гапирар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим.Албатта, бу дунёда ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Айнан ана шундай инсонлар ва уларнинг эзгу ишлари туфайли бу ёруғ оламда маънавият ҳамиша барқарор бўлиб келади.Лекин, бундай олижаноб фазилатлардан бутунлай узоқ бўлиб яшайдиган, ҳаётнинг маъно-мазмунини ўзича талқин қиладиган шахслар ҳам оз эмас. Минг афсуски, улар ўзини худдики дунёнинг ҳақиқий эгасидек, бекаму кўст, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган умр кечираётгандек, бахт қуши бошига қўнгандек ҳис қилишга уринади.Табиийки, бундай ҳолатларни кўриб-кузатиб, ўзи учун эзгу ниятларни юксак мақсад қилиб қўйган инсонлар қалбида қандайдир иккиланиш ва шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Одамларни ўйлантириб қўядиган бундай ҳолатлар ҳаётда кўп учрайди. Бунга қандай изоҳ бериш мумкин?Ҳаммамизга маълумки, муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз мероси бизни доимо ҳалол меҳнат билан яшашга, мардлик, саховат ва камтарликка чақиради, лекин, шу билан бирга, ҳаётда бу каби даъватларга амал қилишга интиладиган одам кўпинча турли қийинчиликлар, ҳатто азобу уқубатларга дуч келишини кузатиш қийин эмас. Тан олиш керакки, юксак маънавий тушунчалар билан яшашга ҳаракат қиладиган одамнинг бугун ҳам кўп машаққатларни, оғир синов ва тўсиқлар, муаммоларни енгиб ўтишига тўғри келади.Агарки эътибор берсак, тилимизда ҳалоллик ва нопоклик ҳақидаги ибратли ҳикматлар билан бирга, «Йўлини топибдими, қандини урсин», «Узумини енг-у, боғини суриштирманг» деган мақоллар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Албатта, бундай мақол-маталлар бежиз пайдо бўлмаган, улар ҳам маълум бир ҳақиқатнинг ифодаси. Бинобарин, биз ҳаётнинг маъно-мазмунини шундай тушуниб, шу асосда яшашга интиладиган кишилар ҳам борлигини инкор этолмаймиз.Лекин, менинг назаримда, бундай гаплар одамнинг бойлик ва мол-дунёни қандай йўллар билан топаётганига лоқайд ва бепарво қарайдиган, манфаатпараст шахслар томонидан тўқиб чиқарилгандек туюлади. Уларнинг фикрича, инсон ўз бойлигини пешона тери тўкиб, Оллоҳ берган ақл-идрок ва тафаккурини ишлатиб топяптими ёки қинғир-қийшиқ, ҳаром-хариш йўллар билан орттиряптими - бу гўёки ҳеч кимни қизиқтирмаслиги керак.Шу боис биз маънавият ҳақида фикр юритар эканмиз, бу масалани атрофлича ва чуқур таҳлил этишимиз, унинг фақат ўзимизга маъқул, ижобий томонлари билан чекланиб қолмасдан, ана шундай мураккаб жиҳатларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз лозим.Лўнда қилиб айтганда, бу ўринда гап бир-бирига қарама-қарши бўлган, бир-бирини инкор қиладиган икки хил ҳаётий қараш ҳақида бормоқда.Биринчиси - ўз нонини ҳалол меҳнат билан топадиган, холис ва эзгу ишлар билан эл-юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, нафақат бугунги ҳаёт лаззатлари, балки охират ҳақида, унинг обод бўлиши ҳақида ўйлаб яшайдиган инсонларга хос ҳаётий қарашлар.Иккинчиси - бунга мутлақо қарама-қарши бўлган ёндашув, яъни, ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳақида бош қотирмасдан, бундай саволлар билан ўзини қийнамасдан, фақат нафс қайғуси ва ўткинчи ҳою ҳавасга, ҳузур-ҳаловатга берилиб, енгил-елпи умр кечирадиган, ўзининг ота-она ва фарзанд, эл-юрт олдидаги бурчига умуман бефарқ бўлиб яшайдиган одамларнинг фикр-қарашлари.Мана шундай икки хил дунёқараш асосида пайдо бўладиган оғир саволлар одамзот онгли яшай бошлаган замонлардан буён уни ўйлантириб, қийнаб келади. Ҳаёт моҳиятини англаб етишга ўз умри, билим ва салоҳиятини бағишлаган не-не буюк зотлар, мутафаккир файласуфлар, аллома ва азиз-авлиёлар - миллати, тили ва динидан қатъи назар - шу каби мураккаб муаммоларга жавоб топиш учун изланган, бу мавзуда қанча-қанча асарлар яратган. Лекин бу савол бугунги кунда ҳам ҳануз ўткир ва долзарб бўлиб қолаётганини инкор этиб бўлмайди.Барчамизга маълумки, Оллоҳнинг ўзи инсон зотини вужудга келтирар экан, уни турли қиёфада, нафақат юз-кўзи, балки феъл-атворини ҳам бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратган. Ер юзида қанча инсон яшайдиган бўлса, бармоғининг изи ҳам, ички дунёси ҳам бир хил бўлган иккита одамни топиш, учратиш қийин. Табиийки, бу инсонларнинг фикрлаш ва яшаш тарзи ҳам бир-биридан фарқ қилади. Таъбир жоиз бўлса, кимдир Раҳмон измида юрса, кимдир Шайтон измида юради.Шу ҳақиқатнинг ўзи токи бу дунёда ҳаёт бор экан, турфа хил одамлар ва уларнинг онгу тафаккуридаги ўзаро тафовут ва зиддиятлар сақланиб қолаверишини кўрсатади. Айнан ана шундай турли дунёқарашлар, бир-бирини инкор этадиган оқим ва йўналишлар мавжудлигини табиий бир ҳол деб қабул қилишни ҳаёт воқелигининг ўзи талаб этади.Шуни таъкидлаш керакки, биз бу ҳақда гапирганда, аввало онгли яшайдиган, мантиқий фикрлашга қодир бўлган, ўз қарашларининг маъно-мазмунини ҳар томонлама асослаб, исботлаб бера оладиган одамларни назарда тутамиз.Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, ана шундай бир-бирини инкор этадиган дунёқарашларни инобатга оладиган бўлсак, буларнинг ўзи тегишли хулосаларга олиб келиши муқаррар. Яъни, ўз пешона тери билан ҳалол турмуш кечирадиган инсон ҳаётидан мамнун ва рози бўлиб, қалби ва юраги осойишта, виждони пок, руҳий олами барқарор бўлиб, элнинг ҳурматини қозониб яшайди. Иккинчи томондан, бу дунёда енгил-елпи, ҳар хил нопок йўлларга берилиб, инсоний бурчини унутиб, мол-дунёга интилиб яшаган одам, энг ачинарлиси шуки, ҳаётининг сўнгида армон ва надоматларга ботиб ўз умрини тугатади.Доно халқимиз, ғараз ва ҳасад билан яшайдиган, ўз шахсий манфаатига ўзгалар ҳисобидан эришишни маъқул кўрадиган, фақат ўзини ўйлайдиган кимсадан ўзи асрасин, дейди. Бағрикенг, ҳалол-пок, виждонли, меҳр-оқибатли, эл-юртнинг ғаму ташвиши билан яшайдиган кишиларни эса, аксинча, бошига кўтаради ва бундай одамлар жамият томонидан қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор топади.Инсон маънавий оламининг юксалиши билан боғлиқ турли ҳолатлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин, мухтасар қилиб айтганда, Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш - одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезон, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Ўйлайманки, бундай хулосани инсоният ўз онгли ҳаёти давомида доимо орзу қилиб, интилиб келган юксак маънавий идеалнинг фалсафий ифодаси, мантиқий натижаси сифатида қабул қилиш ўринлидир.Маънавиятнинг яна бир муҳим хусусияти одамнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қилишида ёрқин намоён бўлади.Узоққа бормасдан, халқимиз ўз бошидан кечирган мустамлака даврини бир кўз олдимизга келтирайлик. Қарийб 150 йил давом этган, тарихимизнинг том маънодаги қора кунлари бўлмиш ўша замонда бир пайтлар ўзининг қудратли давлатчилиги, буюк фарзандлари, юксак илму маданияти, обод шаҳар ва қишлоқлари билан дунёни ҳайратда қолдирган эл-юртимиз қандай оғир машаққатларга дучор бўлганини яхши биламиз.Лекин ана шундай даҳшатли даврда ҳам ҳар қандай зулм ва истибдодга қарамасдан, халқимиз ўзини, ўзлигини йўқотмади. Тилини ва динини, иймон-эътиқодини сақлаб қолди. Ноҳақлик ва зўравонлик ҳукмрон бўлган шундай замонларда ҳам юртимиздан миллат ва халқ қайғуси билан яшаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлар етишиб чиқди. Халқимизнинг асрлар синовида янада кучайиб, тобланиб борган мустаҳкам иродаси, иймон-эътиқоди нафақат қадимий маънавиятимиз, балки миллий ўзлигимизни сақлаб қолишга асос бўлди.Агар биз дунё тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бошқа халқлар ҳам озодлик ва мустақилликни қўлга киритиш, миллий тикланиш, ўз давлатчилигини, ҳавас қилса арзийдиган фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ана шундай фазилатларга таяниб ва суяниб, барча соҳаларда - бу иқтисодиёт ёки ижтимоий ҳаёт бўладими, маданият, таълим-тарбия ва илм-фан бўладими - ўзининг беқиёс ички қобилият ва салоҳиятини ишга солиш, уни рўёбга чиқариш ҳисобидан тараққиётга эришганини кўрамиз.Масалан, Япония ёки Жанубий Кореяни олайлик. Бу мамлакатларнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин қандай оғир аҳволга тушиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Хўш, улар ниманинг эвазига қисқа давр ичида бу қадар ривожланишга эриша олди? Ахир, бу ўлкаларда мўл-кўл табиий хомашё манбалари, минерал ресурслар деярли йўқ-ку! Албатта, бу борада ўша пайтда дунёда мавжуд бўлган сиёсий омиллар, халқаро вазиятнинг таъсирини инкор этиб бўлмайди. Лекин япон ва корейс халқи асрлар давомида шаклланиб, катта бунёдкор кучга айланган ўзига хос миллий маънавияти ҳисобидан ҳам ривожлангани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун «япон мўъжизаси» ёки «корейс мўъжизаси» ҳақида гап кетганда, таниқли эксперт ва мутахассислар ҳам биринчи галда «япон характери», «корейс табиати» деган ибораларни тилга олади. Табиийки, улар бу ўринда аввало мазкур халқларга мансуб маънавий фазилатларни назарда тутади. Яъни, бу халқларнинг ички дунёси ва иродаси маънавият негизида янада тобланган, камолга етган.Бундай хулосанинг тасдиғини нафақат мазкур икки давлат, балки бошқа мамлакат ва халқлар мисолида ҳам кўриш қийин эмас.Виждон поклиги ва бедорлиги асрлар, замонлар оша инсон маънавиятининг таянч устунларидан бири бўлиб келмоқда. Жамият ҳаётида адолат ва ҳақиқат, меҳр-шафқат, инсофу диёнат каби тушунчаларни қарор топтиришда айнан мана шу омилнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Айниқса, эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ёвуз хатти-ҳаракатларга ҳеч қачон четдан жим қараб туролмайди, ўз юрти ва халқига нисбатан хиёнат ва сотқинликни асло қабул қилолмайди. Бундай ҳолатларни кўрганда виждони қийналади, доимо ёниб-куйиб яшайди, қандай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга интилади, керак бўлса, бу йўлда ҳатто жонини ҳам фидо қилади.Чиндан ҳам, агар одамзот бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади?Мана шу савол ҳар бир соғлом фикрлайдиган одамни ҳамиша ўйлантириши, сергакликка чорлаб туриши зарур.Бундай эзгу мақсадларга эса, фақат юксак маънавият, узлуксиз маънавий тарбия орқалигина эришиш мумкин.Маънавият инсоннинг қон-қони, суяк-суягига йиллар давомида она сути, оила тарбияси, аждодлар ўгити, Ватан туйғуси, бу ҳаётнинг баъзида аччиқ, баъзида қувончли сабоқлари билан қатра-қатра бўлиб сингиб боради. Айниқса, табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, дунёнинг тенгсиз неъмат ва гўзалликларидан баҳраманд бўлиш маънавиятга озиқ беради, уни янада кучайтиради.Жаҳон халқлари тажрибаси, уларнинг босиб ўтган мураккаб ривожланиш йўллари, бу борадаги сабоқ ва хулосалар шундан далолат берадики, қаерда давлат ва жамият тараққий топса, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, ўз олдига эзгу ва буюк мақсадлар қўйиб яшаши учун етарли шарт-шароитлар яратилган бўлса, ўша ерда эркин фикрлаш муҳити ва шу асосда маънавий юксалиш учун янги имкониятлар туғилади.Умуман олганда, инсоният тарихи маънавият - инсоннинг, халқнинг, жамият ва давлатнинг буюк бойлиги ва куч-қудрат манбаи эканини, бу ҳаётда маънавиятсиз ҳеч қачон одамийлик ва меҳр-оқибат, бахт ва саодат бўлмаслигини яққол тасдиқлайди.Ўйлайманки, ер юзида қанча инсон, қанча тақдир бўлса, ҳар бирининг ўз маънавий олами бор. Маънавиятни тушуниш, англаш учун аввало инсонни тушуниш, англаш керак. Шунинг учун ҳам ўзлигини, инсоний қадр-қимматини англаб етган ҳар қандай одам бу ҳақда ўйламасдан яшашини тасаввур қилиш қийин. Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар Биз миллий маънавиятни ҳар томонлама юксалтириш масаласини ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўяр эканмиз, бугунги кунда маънавиятимизни шакллантирадиган ва унга таъсир ўтказадиган барча омил ва мезонларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг бу борада қандай ўрин тутишини яхши англаб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.Албатта, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.Бу кўҳна тупроқда милодгача бўлган даврда ва ундан кейин қурилган мураккаб сув иншоотлари, ҳали-ҳануз ўзининг кўрку тароватини сақлаб келаётган осори атиқаларимиз қадим-қадимдан ўлкамизда деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданияти, меъморлик ва шаҳарсозлик санъати юксак даражада ривожланганидан далолат беради. Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обида умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир.Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади.Ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган ҳаётий тажрибаси, диний, ахлоқий, илмий, адабий қарашларини ифода этадиган бу каби тарихий ёдгорликлар орасида бундан қарийб уч минг йил муқаддам Хоразм воҳаси ҳудудида яратилган, «Авесто» деб аталган бебаҳо маънавий обида алоҳида ўрин тутади. Авваламбор, шуни айтиш жоизки, олис ота-боболаримизнинг ақл-заковати, қалб қўри маҳсули бўлмиш бу ноёб ёдгорликнинг замон тўфонларидан, қанчадан-қанча оғир синовлардан ўтиб, бизнинг давримизгача етиб келганининг ўзида катта маъно мужассам. Бундай ўлмас осори атиқалар бу кўҳна ўлкада, бугун биз яшаб турган тупроқда қадимдан буюк маданият мавжуд бўлганидан гувоҳлик беради.Ана шундай тарихий ёдгорлик намуналари билан яқиндан танишар эканмиз, уларда ифода этилган теран фикр ва ғоялар, ҳаёт фалсафаси бизни бугун ҳам ҳайратда қолдиришига яна бир карра амин бўламиз.Мисол учун, «Авесто»нинг туб маъно-моҳиятини белгилаб берадиган «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» деган тамойилни оладиган бўлсак, унда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган сабоқлар борлигини кўриш мумкин. Ана шундай фикрлар, яъни, эзгу ният, сўз ва иш бирлигини жамият ҳаётининг устувор ғояси сифатида талқин этиш бизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир.«Авесто»да борлиқнинг яхлитлиги ва бир бутунлиги, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлиги масаласи одамнинг руҳий оламига чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрсатилгани кўп нарсани англатади. Бу ҳолат инсоннинг маънавий дунёсини шакллантиришда атроф-муҳит қадим замонлардан буён қандай кучли таъсир ўтказиб келганига яна бир бор эътиборимизни жалб қилади.Маълумки, бу дунёда ҳар қайси миллатнинг ўз афсонавий қаҳрамонлари, ўзи севиб ардоқлайдиган паҳлавонлари бўлади. Халқимиз азалдан ўз вужуди, ўз томирида мавжуд илоҳий қудратга муносиб бўлмоққа интилиб, ўз ўғлонларини мардлик ва ҳалоллик, жасурлик руҳида, эл-юрт учун жонини ҳам аямайдиган асл паҳлавонлар этиб тарбиялаб келган.Шу маънода, халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси бўлмиш «Алпомиш» достони миллатимизнинг ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир. Агарки халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, «Алпомиш» ана шу достоннинг шоҳ байти, десак, тўғри бўлади. Бу мумтоз асарда тарих тўфонларидан, ҳаёт-мамот синовларидан омон чиқиб, ўзлигини доимо сақлаган эл-юртимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик, вафо ва садоқат каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган.Шу боис «Алпомиш» достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади.Бир пайтлар, аниқроғи, ўтган асрнинг 50-йилларида, миллий меросимизнинг кўпгина намуналари каби, «Алпомиш» достони ҳам миллатчилик руҳидаги асар сифатида қораланиб, қатағонга учраган эди. Ўша оғир йилларда фидойи зиёлиларимиз жасорат кўрсатиб, уни сақлаб қолишга муваффақ бўлганликларини бугун миннатдорлик билан эслаймиз.Бу ўлмас асарни халқимиз асрлар давомида яратган, ўз иймон-эътиқодидек асраб-авайлаган, қанча авлод-аждодларимиз «Алпомиш» достони асосида тарбия топган, ўзлигини англаган, маънавий бойликка эга бўлган. Демак, халқимиз бор экан, Алпомиш сиймоси ҳам барҳаёт.Чунки «Алпомиш» достони ижодий тафаккуримиз, маънавий бойлигимизнинг ёрқин намунаси бўлиб, тарихий илдизларимизнинг қанчалик чуқур экани, халқимиз қандай табиий-ижтимоий муҳитда шаклланиб, ривожланганини, аждодларимизнинг олис даврларда ҳам жамоа бўлиб, бир-бирига елкадош бўлиб, ўз бошига тушган қийинчиликларни биргаликда енгиб яшаганини ёрқин бўёқларда тасвирлаб беради.Шу ўринда асардаги кичик бир мисолга мурожаат қилайлик. Ота-боболаримизнинг қадимий тасаввурига кўра, ўқ-ёй - ҳокимият нишони ҳисобланган. Алпомиш етти ёшида ўн тўрт ботмон биричдан - бронзадан ясалган ёйдан ўқ отиб, «алп» деган унвонга эга бўлади. Алп дегани - ҳокимият эгаси эканини инобатга олсак, бу достон кўп асрлик миллий давлатчилигимизнинг бадиий ифодаси эканига ҳам ишонч ҳосил қиламиз.Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг енгилмас баҳодири - Алпомиш тимсолида биз Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган азамат ўғлонларимиз - бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфасини кўрамиз.Ишонаманки, ҳар бир авлод мана шу қаҳрамонлик достонини асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказади. Бу қаҳрамонлик эпосини куйлаб, уни қалбига, шуурига жо қилган миллатни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.Миллий маънавиятимиз азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам - шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида айниқса ёрқин намоён бўлади.Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.Мухтасар қилиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.Кўҳна тарихимизни шу маънода кўз ўнгимиздан ўтказиб, таҳлил қиладиган бўлсак, муҳим ва ибратли бир фикрни такроран айтишга тўғри келади. Яъни, ота-боболаримиз руҳий оламининг томир-илдизлари айнан юқорида зикр этилган маънавий заминда, тарихда ҳам, бугун ҳам барчанинг ҳавасини тортиб келаётган олижаноб фазилатлар асосида шаклланган.Шу ўринда маънавиятнинг юксалиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган яна бир мезон - муқаддас динимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан.Барчамизга яхши маълумки, дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир.Айниқса, кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади.Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Оллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди, деб ўйлайман.Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.Таассуфки, баъзан ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур.Маълумки, халқимиз азалдан ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади. Бу ҳақиқатни жаҳон жамоатчилиги, бутун мусулмон дунёси яхши билади ва тан олади. Нуфузли халқаро ташкилот бўлмиш Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси - АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани ҳам ана шундай юксак эътирофнинг яна бир тасдиғидир.Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида «муҳаддислар султони» дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами - «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана, ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда.Яна бир улуғ ватандошимиз - Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг маънавий мероси, жумладан, «Сунани Термизий» асари ҳам мусулмон оламида ана шундай юксак қадрланади. Алломанинг асрлар давомида олиму фузалоларга дастур бўлиб келган инсоф ва адолат, инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир.Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Имом Бухорий вафот этган йили, яъни милодий 870 йили тарихимиздаги яна бир мумтоз сиймо - Имом Мотуридий таваллуд топган экан. Бу воқеа замирида шахсан менга илоҳий бир боғлиқлик, Оллоҳнинг буюк марҳамати бордек, бамисоли Имом Бухорийнинг нурли қаламини Имом Мотуридий олиб, ул зотнинг хайрли ишларини давом эттиришга бел боғлагандек туюлади. Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради.Ул зот асос солган мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида бундай катта шуҳрат топишининг сабаби шундаки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динимизнинг асосини тўғрилик, эзгулик ва инсонийликдан иборат деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қараш ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.Ўзининг беқиёс салоҳияти билан буюк илмий мактаб яратиб, гўзалФарғона диёрини жаҳонга тараннум этган ислом ҳуқуқшунослигининг яна бир улкан намояндаси Бурҳониддин Марғинонийнинг табаррук номини бутун мусулмон дунёси юз йиллар давомида эъзозлаб келади. Бу мўътабар алломанинг Шарқ оламида «Бурҳониддин ва милла», яъни «Дин ва миллатнинг ҳужжати» деган юксак унвонга сазовор бўлгани ҳам буни яққол исботлайди.Марғинонийнинг ўлмас мероси, хусусан, эллик етти китобдан иборат «Ҳидоя» - «Тўғри йўл» деб аталган асари, мана, саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинаётгани албатта бежиз эмас.Бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган буюк аллома ва азиз-авлиёларимиз орасида Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак сиймоси алоҳида ажралиб туради. Ота-боболаримиз улуғ авлиё Баҳоуддин Нақшбандга чин дилдан ихлос қўйиб, уни «Баҳоуддини Балогардон» деб таърифлаб келишида теран маъно бор. Унинг «Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин» деган ҳаётбахш ҳикмати динимизнинг олижаноб маъно-моҳиятини ёрқин ифодалаб, худдики шу бугун айтилгандек жаранглайди.Бу мураккаб дунёнинг азалий ва абадий муаммолари, шу билан бирга, ҳар бир даврнинг долзарб масалаларига ҳар томонлама асосли илмий жавоблар топилган тақдирдагина маънавият олами янги маъно-мазмун билан бойиб боради. Бошқача айтганда, ҳар бир илмий янгилик, яратилган кашфиёт - бу янгича фикр ва дунёқарашга туртки беради, маънавиятнинг шаклланишига ўзига хос таъсир ўтказади.Шу нуқтаи назардан қараганда, заминимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ижодий кашфиётлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим.Масалан, Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини дунёда биринчи бўлиб илм-фан соҳасига жорий этгани ва шу асосда аниқ фанлар ривожи учун ўз вақтида мустаҳкам асос яратгани умуминсоний тараққиёт ривожида қандай катта аҳамиятга эга бўлганини барчамиз яхши биламиз. Бугунги кунда одамзотнинг илм-фан ва замонавий технологиялар борасида эришаётган улкан ютуқларини кўз олдимизга келтирар эканмиз, беихтиёр ана шу буюк бобомиз мисолида бундай юксак марраларга эришишда ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қалбимиз ифтихорга тўлади.Яна бир улуғ аждодимиз - Аҳмад Фарғоний инсоният тарихидаги илк Уйғониш даврининг энг забардаст ва кучли намояндаси, ўз замонасининг фундаментал фан асосчиларидан бири сифатида башарият дунёқараши ва маънавиятининг ривожланишига беқиёс таъсир кўрсатди. Унинг бебаҳо мероси ўз даври олимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалар орқали яхши маълум. Алломанинг «Астрономия асослари ҳақида китоб» номли асари ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва иврит тилларига таржима этилгани ҳам бу фикрнинг далилидир.Европада Аль-Фраганус номи билан машҳур бўлган бу алломанинг илм-фан ривожидаги нуфузи шу қадар юксак эдики, унинг исми шарифи ер куррасидагина эмас, балки самода ҳам шуҳрат топди. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига унинг номи берилгани бу фикрни исботлайди. Атоқли астроном Ян Гевелий томонидан 1647 йили нашр қилинган «Селенография» китобида Ойдаги кратерлардан иккитаси икки буюк ватандошимиз - Аҳмад Фарғоний ва Мирзо Улуғбек номи билан аталади.Миллий тарихимизнинг яна бир ёрқин юлдузи Абу Райҳон Беруний фаолиятига ҳаққоний баҳо берар экан, америкалик фан тарихчиси Сартон XI асрни «Беруний асри» деб таърифлайди. Бундай юксак ва ҳақли баҳо аввало қомусий тафаккур соҳиби бўлмиш буюк ватандошимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан изоҳланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Беруний илмий масалаларда ҳам, тарихий воқеа-ҳодисаларга, ўз замондошларига баҳо беришда ҳам ўта холислик ва ҳаққонийлик билан фикр юритган. Шу боис ҳам у ҳаётда кўп азиятлар чеккан, ҳатто умрининг охирида турмуш қийинчиликларига дучор бўлган, аммо ҳар қандай оғир шароитга қарамасдан, эътиқодидан қайтмагани унинг ўз маънавий идеалларига нақадар содиқ бўлганидан далолат беради.Ана шундай ноёб фазилатлар соҳиби бўлмиш машҳур аллома Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари неча асрлар давомида Европанинг энг нуфузли олий ўқув юртларида асосий тиббиёт дарсликларидан бири сифатида ўқитиб келингани, дунё миқёсида «Медицина», «Соғлом турмуш тарзи» деган тушунчаларнинг фундаментал асоси бўлиб хизмат қилгани, албатта, чуқур ҳаётий ва илмий заминга эга. Аниқроқ қилиб айтганда, бу беназир алломанинг бутун илмий фаолияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни, маънавий негизда ривожлантиришга улкан таъсир ўтказди, деб айтишга барча асослар бор.Ёки ўрта асрларда Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан, илм-фаннинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам шуҳрат қозонган Маҳмуд Замаҳшарий бобомизни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамай, дунёнинг кўплаб мамлакатларига машаққатли сафарлар қилган, теран билими ва илмий салоҳияти билан бутун ислом оламини лол қолдирган бу зот, ҳеч шубҳасиз, халқимиз учун маънавий етуклик тимсоли бўлиб қолаверади.Агарки мана шу муқаддас заминимизда таваллуд топиб, вояга етган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан нафақат тарихда, айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир ва алломаларимиз, азиз-авлиёларимизни таърифлашда давом этадиган бўлсак, ўйлайманки, бу борада узоқ гапириш мумкин.Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз эса, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборатдир. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт, деб ҳисоблайман. Нега деганда, ўзимиз - бугун шу юртда яшаётган ватанпарвар инсонлар бу вазифани ўз зиммамизга олмасак, четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон бу ишни қилиб бермайди.Шу ўринда буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.Шахсан мен «Темур тузуклари»ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён.Амир Темур бобомизнинг бундай чуқур маъноли ҳикматлари халқимизда қадимдан мавжуд бўлган «Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар» деган мақолга ғоят ҳамоҳанг бўлиб, инсонни доимо ақл-идрок, адолат ва юксак маънавият асосида яшашга даъват этиши билан эътиборлидир.Буюк Амир Темурнинг набираси, беназир аллома Мирзо Улуғбекнинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан унга насиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси - тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди.Бу беназир аллома ўзида минглаб юлдузларнинг ҳаракатини жамлаган мукаммал астрономик жадвални яратди. Ушбу жадвалда зикр этилган илмий маълумотларнинг нақадар аниқ ва тўғри эканини бугунги энг замонавий асбоблар ҳам тасдиқлайди. Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий фаолияти халқимиз маънавиятининг пойдеворига қўйилган тамал тошларидан бири бўлиб, юртимизда бундан неча замонлар олдин фундаментал фанларни ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади. «Зижи жадиди Кўрагоний» деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалгани фикримизнинг яққол исботидир.Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам.Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири - бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса.Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.Маълумки, бирон-бир халқ маънавиятига хос қадриятларнинг бошқа халқлар томонидан тан олиниши, табиийки, ана шу халқ тарихига нисбатан чуқур ҳурмат ифодасидир. Бундай эътироф халқнинг ғурур ва ифтихори, миллий ўзлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.Шу маънода, кейинги пайтда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш хорижий элларда ҳам ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бунинг тасдиғини дунёнинг турли мамлакатларида уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида эълон қилинаётган илмий ва бадиий асарлар, улуғ аждодларимиз хотирасига барпо этилаётган ёдгорликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шулар қаторида Бельгияда Ибн Синога, Литвада Мирзо Улуғбекка, Москва, Токио ва Боку шаҳарларида Алишер Навоий бобомизга, Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида эса Аҳмад Фарғоний хотирасига ўрнатилган муҳташам ҳайкалларни эслаш жоиз.Халқимизнинг асл табиатида мавжуд бўлган ана шундай илмий-маънавий салоҳият ва фазилатлар ҳақида гапирар эканмиз, «Оққан дарё оқаверади», деган нақл беихтиёр ёдимизга тушади. Чиндан ҳам, тарихимизнинг қайси даврини олмайлик, юртимизда илму маърифат ва юксак маънавиятга интилиш ҳеч қачон тўхтамаганини, халқимиз даҳосининг ўлмас тимсоли сифатида энг оғир ва мураккаб даврларда ҳам яққол намоён бўлиб келганини кўришимиз мумкин.Масалан, чоризм мустамлакаси даврида маърифат ғоясини баланд кўтариб чиққан жадид боболаримизнинг фаолияти бунга яна бир ёрқин мисол бўла олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарвар, фидойи инсонларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, эл-улус манфаати, юртимизни тараққий топтириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмайди.Ана шундай улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси ва ибратли фаолияти кейинчалик диёримизда Қори Ниёзий ва Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳабиб Абдуллаев ва Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов ва Собир Юнусов, Яҳё Ғуломов ва Бўрибой Аҳмедов, Ойбек ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Зулфия, Саид Аҳмад ва Озод Шарафиддинов, Лутфихоним Саримсоқова ва Ҳалима Носирова, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев ва бошқа кўплаб номлари дунёга танилган машҳур илм-фан, адабиёт ва маданият арбобларининг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилди.Юқорида зикр этилган мисолларни умумлаштирган ҳолда, муҳим бир фикрни хулоса тариқасида таъкидлашни зарур, деб биламан. Гап шундаки, тарихимизда бундай беназир сиймоларнинг мавжудлиги - такроран айтишга тўғри келади - ўзига хос бир феномен, яъни ўта ноёб ҳодисадир. Бу эса нафақат бугунги, айни пайтда эртанги авлодларимизнинг ҳам маънавий бойлигига айланиб, халқимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган руҳий куч-қувват ва мадад бериши муқаррар.Лекин айни пайтда, биз бир ҳақиқатни ҳам яхши англаймизки, фақат ўтмишга, аждодлар меросига маҳлиё бўлиб юришнинг ўзи билан узоққа бориб бўлмайди.Тарихимиз саҳифалари шундан далолат берадики, юртимиз ривожи ҳамма замонларда ҳам бир текис кечмаган.Айниқса, темурийлар ҳукмронлигидан сўнг - яъни XVII асрдан XX асрнинг бошларигача бўлган даврда Туркистон замини сиёсий парокандалик, жаҳолат ва қолоқликка юз тутди. Уч хонликка бўлиниб кетган минтақа узоқ муддат ўзаро зиддият ва қарама-қиршиликлар, уруш-жанжаллар гирдобида қолиб кетгани нафақат иқтисодий, молиявий ва ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан, балки ижтимоий-маънавий фикр ривожида ҳам кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаргани барчамизга яхши маълум.Тарих ғилдирагининг айланиши билан, авваламбор, юрт ҳукмдорлари ва амалдорлари халқнинг тақдири ва келажаги ҳақида қайғуриш ўрнига, ўз шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб, жаҳолат ва ғафлатга берилиб кетиши оқибатида биз бугун яшаётган минтақа умумбашарий тараққиёт жараёнларидан узилиб, ривожланишдан кескин орқада қолиб кетди.Ўзаро низо ва адоватларнинг кучайиши, фақат ўз қобиғига, умрини ўтаб бўлган ақидаларга ўралашиб яшаш натижасида бир вақтлар буюк маданият ва тараққиёт даврларини бошидан кечирган эл-юртимизнинг бу пайтга келиб қандай оғир аҳволга тушиб қолганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, кўп нарса ўз-ўзидан аён бўлади.Бу ҳаётнинг шафқатсиз бир қонунияти бор. Яъни, тарихнинг мураккаб ва ҳал қилувчи бурилиш палласида ҳар қандай миллат ва элат ўз аҳиллиги ва бирдамлигини сақлаб, ўз миллий манфаатлари йўлида қатъият билан турмаса, масъулият ва ҳушёрлигини йўқотадиган бўлса, охир-оқибатда ўзининг энг катта, тенгсиз бойлиги бўлмиш мустақиллиги ва озодлигидан жудо бўлиши шубҳасиз.Минг афсуски, ана шундай машъум қисмат Туркистон халқларини ҳам четлаб ўтмади: XIX асрдаги чоризм истилоси кўпгина сабаблар билан бир қаторда авваламбор ўша пайтда мавжуд бўлган сиёсий бошбошдоқлик, ҳукмрон кучларнинг узоқни кўролмаслиги, маънавий заифлиги оқибатида рўй берганини тарихий мисоллар исботлаб турибди. Бу аччиқ ҳақиқат барчамизга, айниқса, бугун ҳаётга катта умид ва ишонч билан кириб келаётган ёшларимизга доимо сабоқ бўлиши лозим.Шу нуқтаи назардан қараганда, биз ўз тарихимизни холисона ва ҳаққоний баҳолаб, маънавий меросимизни бойитиш ва ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, шу асосда бугунги жаҳон илму фани ва маданиятининг юксак чўққиларини эгаллашдек буюк вазифага ҳар томонлама муносиб ва қодир бўлишимиз даркор.Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар - яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир.Шунинг учун ҳам айнан оила муҳитида пайдо бўладиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдидаги умрбод қарздорлик бурчини чуқур англаш ҳар қайси инсонга хос бўлган одамийлик фазилатлари ва оилавий муносабатларнинг негизини, оиланинг маънавий оламини ташкил этади.Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча информациянинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан.Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди. Халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади», деган доно мақоли, ўйлайманки, мана шу азалий ҳақиқатни яққол акс эттиради.Одамзот учун бир умр зарур бўладиган табиий кўникма ва хусусиятлар, масалан, ҳар қайси боланинг ўзига хос ва ўзига мос қобилияти, атрофидаги одамлар билан муомаласи, тенгдошлари орасида ўзини қандай ҳис қилиши, етакчилик хислатларига эга бўлиши ёки эга бўлмаслиги, керак бўлса, дунёқараши - буларнинг барчаси аввало унинг туғма табиати, шу билан бирга, оилада оладиган тарбиясига узвий боғлиқ эканини ҳаёт тажрибаси кўп мисолларда тасдиқлаб беради.Айнан мана шу даврда бола ҳамма яхши-ёмон нарсани тушуниб, англай бошлайди, унинг беғубор онги бамисоли босма қоғоз сингари оиладаги, ён-атрофдаги барча воқеа-ҳодисаларни, уларнинг замиридаги таассуротларни ўзига шимиб-сингдириб олади. Унинг ота-онасига, бобо ва момоларига меҳри ва ҳурмати, ўзини ўраб турган муҳитга нисбатан муносабати кундан-кунга такомиллашиб боради.Қисқача айтганда, хонадондаги ҳар бир нарса - дарахт ва ўсимликлар бўладими, турли ўйинчоқлар, уй ҳайвонлари бўладими - буларнинг барчаси боланинг кўзига гўёки оламнинг беқиёс мўъжизаси бўлиб кўринади ва шу тариқа у ёруғ дунёни ўзи учун кашф қилади.Таассуфки, баъзи ота-оналар ўз фарзандининг ана шундай қизиқиши ва интилишларига, унинг онгу тафаккурида ҳар куни бир ўзгариш рўй бериб, кўзида янги-янги саволлар пайдо бўлаётганига аҳамият бермайди. Боз устига, агар ота оилада ўзини тутишни билмаса, ахлоқ-одоб бобида фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига қўпол муомала қиладиган бўлса, бу ҳолат, табиийки, бола маънавий оламининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади, вақти-соати келиб, унинг характерида инсон деган номга нолойиқ, хунук бир одат сифатида намоён бўлади.Ёки оилада қўни-қўшниларни кўролмаслик, фисқу фасод, иғво муҳити ҳукмрон бўлса, ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси боланинг хотирасида тузатиб бўлмайдиган оғир асорат қолдиради. Умуман, оиладаги маънавий муҳит ва тарбия туфайли бола ё меҳрибон ва раҳмдил, ёки худбин ва бағритош бўлиб вояга етишини тушуниш қийин эмас.Биз ўз фарзандларимизнинг бахту саодатини, иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай улкан масъулият борлигини унутмаслигимиз зарур.Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлур эди. Бу ҳақда гапирганда, мен мумтоз ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асаридаги қаҳрамонларнинг ўзаро муомала ва мулоқотлари, уларнинг ҳатто кичик фарзандларини ҳам «сиз»лаб гапириши мисолида ота-боболаримизнинг оила маънавиятига қанчалик катта эътибор берганига ишонч ҳосил қиламан.Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда ҳам юртимизда ана шундай гўзал ахлоқ мезонлари билан яшаб келаётган, ўғил-қизларини шу руҳда тарбиялаётган кўплаб ибратли оилалар барчамизда ҳавас уйғотиши табиийдир.Маълумки, ўзбек халқи азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин.Ўз-ўзидан равшанки, юқорида зикр этилганидек, бола тарбиясида соғлом насл масаласи ҳам муҳим роль ўйнашини инкор этиб бўлмайди. Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.Шахсан менга «насл» ва «насиба» деган сўзлар ўртасида қандайдир илоҳий боғлиқлик бордек туюлади. Албатта, ҳар бир бандага ризқ-насибани Оллоҳ таоло беради. Лекин бу ҳаётда насибаси бутун ва тўла бўлиши учун инсоннинг ўзи ҳам чин дилдан интилиши, зурриёдини соғлом муҳитда тарбиялаши катта аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз зарур.Бугунги кунда бизнинг қилаётган барча ишларимиз фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Лекин бахту саодат фақат бойлик, молу мулк билан белгиланмайди. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.Шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланишини истардим.Шу боис биз мустақиллик даврида оила институтини жамиятнинг бошқа муҳим ижтимоий тузилмалари, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар билан уйғун тарзда ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши сифатида доимий эътибор бериб келмоқдамиз.Мамлакатимиз Конституциясида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилгани, шу асосда Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари ва бошқа зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада тегишли ҳуқуқий пойдевор яратилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.Маълумки, кейинги йилларда юртимизда ҳар қайси йилга аниқ бир ном бериб, шу асосда махсус давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш яхши анъанага айланиб қолди.Агар ушбу масаланинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу йўлдаги дастлабки салмоқли қадамларимиз 1998 йилни мамлакатимизда «Оила йили» деб эълон қилиш билан бошланганининг ўзи ҳам, ўйлайманки, кўп нарсани англатади.Шу маънода, оилани, унинг боқий қадриятларини улуғлаб, мамлакатимизда «Эл-юрт таянчи» деган муаззам ёдгорлик барпо этганимиз кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлганини таъкидлаш жоиз.Қадимий Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тўйи арафасида шу табаррук заминда қад ростлаган бу муҳташам бадиий обида орқали биз минг йиллар давомида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечириб, ўз она юртини ҳар қандай бало-қазолардан асраб-авайлаб келган, ўғил-қизларини ақл-заковат, мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган бунёдкор халқимизга, унинг том маънода таянчи бўлган оилага чексиз ҳурмат-эҳтиром туйғусини мужассам этишни мақсад қилиб қўйдик. Эл-юртимизнинг олижаноб қарашларига ғоят ҳамоҳанг бўлган ушбу ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида табаррук зиёратгоҳга айланиб қолгани барчамизни қувонтиради.Мухтасар айтганда, ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан -жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарордир.Маънавий ҳаётимизни юксалтириш ҳақида гапирганда, маҳалланинг роли ва таъсири хусусида тўхталиш албатта ўринлидир. Маълумки, азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келади. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар авваламбор маҳалла муҳитида шаклланган ва ривожланган. Халқимизга хос ўзини ўзи бошқариш тизимининг бу ноёб усули қадим-қадимдан одамларнинг нафақат тилида, балки дилида, бутун ҳаётида чуқур жой эгаллагани бежиз эмас. Биз «Маҳалла - ҳам ота, ҳам она» деган ҳикматли нақлни ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг ифодаси сифатида қабул қиламиз.Маҳалла ҳақида гапирганда, кўпчилик ана шундай чуқур маъноли сўзларни эслаши ва тилга олиши табиий. Улар шу тариқа наинки ўзларининг дарду ташвишларини ҳал қиладиган таъсирчан ижтимоий фуқаролик идораси, айни вақтда она юрт рамзи бўлган маҳаллага ўзининг муносабатини изҳор этади.Мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойиб бормоқда. Шу билан бирга, маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда, улар бугун ўзини ўзи бошқариш идораси, ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта «маҳалла» тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Маҳалла бошқарувига бундай катта эътибор бугун мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг халқчиллигидан далолат беради. Айни пайтда у юртимизда амалга оширилаётган «Кучли давлатдан - кучли жамият сари» деган тамойилнинг амалий ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодимизнинг онгу тафаккурини замонавий асосда шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.Маҳалланинг халқ маънавияти билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритиб, уларни кўз ўнгимиздан ўтказиб, атрофлича таҳлил қилар эканмиз, ҳеч иккиланмасдан айтиш керакки, биз ҳар қайси хонадон, бутун эл-юртимиздаги маънавий иқлим ва вазиятни англамоқчи бўлсак, бу борадаги ҳақиқий манзаранинг ёрқин ифодасини аввало маҳалла ҳаётида худди ойнадек яққол кўриш имконига эга бўламиз.Шу сабабли биз маънавий ҳаётимизни, миллий онг ва қадриятларимиз, эътиқод ва тафаккуримиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий оламимизни юксалтиришга интилар эканмиз, буларнинг барчаси маҳалла идорасига янада кўпроқ имконият бериш, унинг ҳуқуқий ва амалий ваколатларини кенгайтириш билан бевосита алоқадор эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Шу орқали биз ўзимизнинг эзгу мақсадимиз бўлмиш эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида, ҳеч шубҳасиз, улкан қадам қўйган бўламиз.Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил - бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир.Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган.Албатта, таълим-тарбия - онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни, халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.Шу боис бу соҳада юзаки, расмий ёндашувларга, пухта ўйланмаган ишларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир.Шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш - таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак. Бу эса таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади.Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди - бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси.Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.Нега деганда, бизга собиқ тузумдан мерос бўлиб қолган маориф тизимининг энг номаъқул томони шундан иборат эдики, унда ўқув жараёнида ўқувчи ва талабаларнинг мустақил ва эркин фикрлашига йўл қўйилмас эди. Ҳар қайси ўқув юртини битирувчиларнинг билимига қараб эмас, аксинча, уларнинг собиқ совет тизимига ва сохта ғояларга садоқатини ҳисобга олиб баҳолаш ва ҳаётга йўллаш тамойили асосий ўринни эгаллар эди. Кўп ҳолларда сифат ўрнига сон кетидан қувиш устунлик қиларди. Аксарият ёшлар ҳақиқий билим ёки малака орттириш мақсадида эмас, кўпроқ амалда дипломли бўлиб олиш илинжида техникум ёки институтларга кирар эди.Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бутун мамлакат миқёсида таълим ва тарбия, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш тизимларини тубдан ислоҳ қилишга ниҳоятда катта зарурат сезила бошлади. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараён узоқ йиллар мобайнида бу соҳада талай муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатди. Мен бунга ушбу дастур лойиҳаси устида саккиз ой мобайнида ишлаш жараёнида шахсан амин бўлдим. Шунинг учун ҳам бу оғир, масъулиятли, аммо ҳал қилишни асло пайсалга солиб бўлмайдиган ишни қадам-бақадам, изчиллик билан бажаришга бел боғладик.Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар бошланган дастлабки йилларда мен жаҳон тажрибаси ва ҳаётда ўзини кўп бор оқлаган ҳақиқатдан келиб чиқиб, агар бу мақсадларимизни муваффақиятли равишда амалга ошира олсак, тез орада ҳаётимизда ижобий маънодаги «портлаш эффекти»га, яъни, янги таълим моделининг кучли самарасига эришамиз, деган фикрни билдирган эдим.Дарҳақиқат, истиқлол даврида барпо этилган, барча шарт-шароитларга эга бўлган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, замонавий касб-ҳунар ва илм-маърифат сирларини ўрганаётган, ҳозирданоқ икки-уч тилда бемалол гаплаша оладиган минг-минглаб ўқувчилар, катта ҳаётга кириб келаётган, ўз истеъдоди ва салоҳиятини ёрқин намоён этаётган ёш кадрларимиз мисолида ана шундай орзу-интилишларимиз бугуннинг ўзида ўз ҳосилини бераётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.Энг муҳими шундаки, «портлаш эффекти»нинг ҳақиқий моҳияти ва аҳамияти вақт ўтиши билан, биз тарбия қилаётган соғлом ва баркамол авлоднинг сафимизга тобора илдам кириб бориши билан янада яққолроқ сезилади.Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш жараёнида мактаб таълими, айниқса, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътиборни кучайтириш биз учун кун тартибидаги энг муҳим ва жиддий масалага айланди.Шу мақсадда юртимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури қабул қилинди.Ушбу дастурга мувофиқ, юртимизда мавжуд бўлган ўн мингга яқин умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнининг мазмунини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда.Мухтасар қилиб айтганда, охирги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширган, кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишларимиз биз кўзлаган эзгу ниятларимизга эришиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт барпо этиш, ёшларимиз, бутун халқимизнинг маънавий юксалиши йўлида мустаҳкам замин яратди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги Маънавиятнинг инсон ва жамият ҳаётидаги моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда, бу борада асрлар давомида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган бир масалага алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, деб ўйлайман. Яъни, одамнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида моддий ва маънавий асослар бир-бирига нисбатан қандай ўрин тутиши, уларнинг қайси бири устуворлик касб этиши ҳақида турли-туман, баъзан эса зиддиятли фикр ва қарашлар мавжуд бўлганини ва бундай тортишувлар ҳозиргача давом этаётганини кузатиш қийин эмас.Башарият тарихида яшаб ўтган не-не буюк алломалар бу масала бўйича кўплаб асарлар яратиб қолдиргани ҳам шундан далолат беради.Мисол учун, қадимий ҳинд, хитой ёки юнон файласуфларини оласизми, ўрта асрлардаги Шарқ ва Ғарб Уйғониш даври намояндаларини оласизми, ислом оламида ном қозонган мутафаккир зотларни оласизми - уларнинг илмий меросида моддий ва маънавий олам ўртасидаги муносабатларга кенг ўрин берилганини кўриш мумкин.Масалан, антик давр файласуфлари бўлмиш Сократ ва Платон, Эпикур ва Демокрит, хитой донишманди Конфуций ва бошқа алломаларнинг бу борадаги назарий қарашлари фан тарихидан яхши маълум. Уларнинг айримлари руҳий оламни бирламчи деб билса, баъзилари эса моддий оламни асосий ўринга қўяди.Ана шундай тушунча ва тасаввурлар асосида кейинчалик материализм ва идеализм каби таълимотлар майдонга чиқди. Ўйлайманки, бу ўринда уларнинг тарихи, маъно-мазмуни ҳақида батафсил тўхталиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.Албатта, бундай фалсафий ёндашувларнинг ҳар бири ўз давридаги мавжуд сиёсий-ижтимоий вазият, ҳукмрон мафкура, жамиятнинг ҳуқуқий ва маданий савияси, турли социал гуруҳ ва тоифаларнинг қарашларини ифода этишга хизмат қилади.Ижтимоий тараққиётнинг турли даврларида бундай баҳслар соф назарий масала доирасидан чиқиб, маълум бир тузум ёки давлатнинг расмий мафкураси мақомини ҳам олган. Бунинг тасдиғини узоққа бормасдан яқин тарихимизда -шўро замонида материалистик қарашни устун қўйиш натижасида материя бирламчи, онг эса иккиламчи, деган тамойилнинг ҳукмрон дунёқараш даражасига кўтарилгани, бунинг оқибатида инсоннинг маънавий қадриятлари, айниқса, унинг миллий ва диний туйғуларига беписанд қараб келингани мисолида ҳам кўриш мумкин.Ушбу масалага чуқурроқ ва атрофлича назар ташлайдиган бўлсак, аввало шуни айтиш керакки, бу кўҳна дунё, биз яшаётган ҳаёт ягона, яхлит бир воқеликдир. Шундай экан, моддий эҳтиёжларни инсоннинг руҳий оламига қарама-қарши қўйиш, уларнинг бирини устун деб билган ҳолда, тирикликнинг асосий мақсади сифатида қабул қилиш қандайдир бирёқлама қараш ифодаси, деб айтсак, хато бўлмайди.Қолаверса, бу масалага бундай кескин ёндашув, хусусан, одамнинг руҳий дунёсини менсимаслик, уни иккиламчи ўринга қўйиш охир-оқибатда жамият ҳаётида инқирозга олиб келиши муқаррар эканини тарих кўп маротаба исботлаган.Бир сўз билан айтганда, инсон ўз тимсолида ҳам моддий, ҳам маънавий хусусият ва аломатларни мужассам этган ноёб хилқат, Яратганнинг буюк ва сирли мўъжизасидир. Шунинг учун ҳам унинг ички дунёси, унга ато этилган фазилат ва хислатларни охиригача англаш, тушунишнинг ўзи ўта мураккаб бир масала.Мана шундай қараш ва фикрларни умумлаштириб, инсонга хос орзу¬интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.Қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади.Биз истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқимизнинг асрлар давомида интилиб келган орзу-мақсадлари ва замон талабларини, дунёвий тараққиёт мезонларини ҳисобга олган ҳолда, жамиятимиз ҳаётида ана шу икки омилнинг уйғун тарзда ривожланишига алоҳида эътибор қаратдик. Мустақиллик биз учун нафақат иқтисодий, балки беқиёс маънавий имкониятлар манбаи эканини англаб, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, иқтисодий-ижтимоий янгиланиш жараёнларини айнан шу асосда ташкил этишга устувор аҳамият бердик.Шу ўринда баъзи бир сиёсатчи ва назариётчиларнинг, олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, янги жамият, янги ҳаёт қуриш жараёнида фақат зарар етказиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб бермоқда.Шу нуқтаи назардан қараганда, бозор муносабатларига ўтиш даврида жамият аъзоларининг ўз салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун уларга биринчи галда тенг имконият ва эркинлик муҳитини, ҳам қонуний, ҳам амалий шарт-шароитларни яратиб бериш зарур. Оддий қилиб айтганда, куч-ғайрат билан бирга, билим ва тажрибаси, ақл-идроки, касб малакаси етарли бўлган, қонунларни, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини яхши билган одамгина тадбиркорлик ёки фермерлик билан шуғулланиши, ўз хусусий ишини оқилона ва самарали ташкил этиши мумкин.Кўриниб турибдики, моддий ва маънавий ҳаёт тамойиллари бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдиради. Юксак тараққиётга эришишни орзу қиладиган ҳар бир инсон ва жамият ўз ҳаётини айнан ана шундай диалектик ва узвий боғлиқлик асосида қурган ва ривожлантирган тақдирдагина ижобий натижаларга эриша олади.Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, биз иқтисодий ўнгланиш, иқтисодий тикланиш, иқтисодий ривожланиш жараёнларининг маънавий покланиш, маънавий юксалиш ҳаракатлари билан тамомила уйғун равишда ривожланиб боришини доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказига қўйиб келмоқдамиз.Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти муносабатларининг жорий этилиши туфайли юртдошларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқараши қанчалик ўзгариб кетгани ҳам шундан далолат беради. Кўпчиликка яхши аёнки, 90-йилларнинг бошларида аксарият одамлар бизда ҳам кимнингдир хусусий заводи ёки фермаси у ёқда турсин, кичкинагина дўкони бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур эта олмас, тасаввур этган тақдирда ҳам ўзига қабул қила олмас эди.Чунки ҳамма нарса давлат мулки бўлган эски тузумда хусусий мулкка эга бўлиш, тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланиш бизга бегона бўлган тушунчалар сифатида баҳоланар эди. Бугунги кунда эса хусусий мулк тушунчасига нисбатан муносабат қандай ўзгариб, у ҳаётимиздан қанчалар чуқур жой олиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз ва бу ҳолат ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди.Кишилик тарихи, бугун дунёдаги кўпгина тараққий топган, барқарор ва бадавлат яшаб келаётган давлатлар тажрибаси шундан далолат берадики, аввало ўзининг хусусий мулкига эга бўлган шахс ва бундай шахслардан ташкил топган тоифа ўзини ва оиласини боқишга, шу билан бирга, орттирган даромади ҳисобидан ўз яқинлари ва муҳтож инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш, эл-юрт учун хизмат қиладиган мактаб, касалхона, маданият ва спорт масканлари барпо этиш, бир сўз билан айтадиган бўлсак, давлат ва жамият зиммасидаги кўпгина вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшади.Энг муҳими, бундай инсонлар юртимизда тинчлик-осойишталик ва барқарорликни сақлаш ва ҳимоялаш, ёруғ келажагимизни қуриш йўлида астойдил жон куйдириб меҳнат қилади.Буларнинг барчаси маънавий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан озиқланган иқтисодий тараққиёт йўлимиз жамиятимиз ҳаётига қандай ижобий таъсир кўрсатаётганининг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, юртимизда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани сиёсий-ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб хизмат қилмоқда. Иккинчи бобМустақиллик - маънавий тикланиш ва юксалиш Миллий ғоя ва маънавий ҳаёт Инсониятнинг кўп асрлик тарихи шундан далолат берадики, бу дунёда ўзининг миллий давлатини қуришга азму қарор қилган ҳар қайси халқ юксак вазифаларни амалга ошириш, шу йўлда одамларни бирлаштириш ва сафарбар қилиш, уларнинг қалбида ишонч уйғотиш, эски ижтимоий тузумдан мутлақо янги тузумга ўтишда ўзига қўшимча куч-қувват ва мадад топишда умумий, ягона мақсад ва орзу-интилиш ифодаси бўлган миллий ғояни таянч ва суянч деб билади.Миллий ғоя деганда, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид-мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз.Истиқлолимизни қўлга киритган илк кунлардан бошлаб, биз миллий ғоямизнинг энг асосий тушунча ва тамойилларини белгилаб олиш ва ишлаб чиқишга ҳаракат қилдик. Шу мақсадда ижтимоий фанлар соҳасидаги етакчи олимлар, сиёсатшунос ва иқтисодчилар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилигимиз эътиборини ана шу муҳим масалага қаратдик. Халқимизнинг асрий орзуси, кўзлаган юксак мақсадларимизга етишнинг асосий омили -авваламбор мустақилликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканидан келиб чиққан ҳолда, миллий ғоямизнинг маъно-мазмунини ҳам ана шундай мезонлар негизида белгилашни вазифа қилиб қўйдик ва бу борада бир қанча эътиборга лойиқ ишларни амалга оширдик.Айни пайтда ҳозирги мураккаб ва таҳликали замон талаблари, жамиятимизни янгилаш, мамлакатимизни модернизация қилиш билан боғлиқ мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг равишда ҳаётнинг ўзи олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади.Бутун инсоният тарихи, халқимизнинг неча минг йиллик ўтмиши аччиқ сабоқ ва хулосалар асосида бир ҳақиқатни исботлаб бермоқда. Яъни, биз барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз олдимизга қандай режа ва дастурларни қўймайлик, барча олижаноб орзу-интилишларимизни амалга оширишнинг ягона шарти ва гарови - бу тинчлик ва осойишталикдир. Бежиз эмаски, юртимиздаги қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу аёл - барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.Маълумки, инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири - бу тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдан иборат. Бу ҳуқуқни амалга ошириш - давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шартидир. Демократиянинг инсонпарварлиги ҳам биринчи галда ана шу мезон билан ўлчанади.Миллий ғоямизнинг асосий мазмунини ифода этадиган йўналишлар ҳақида гапирганда, ҳеч шубҳасиз, биз Ватан равнақи ва тараққиётини ўзимизга тасаввур қиламиз.Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади.Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юртдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Ва ҳар қайси фуқаро ўз мамлакатининг халқаро ҳамжамият сафидан муносиб ўрин олиши, бугунги кунда тараққий топган тинч ва бадавлат яшаётган давлатлар қаторига кўтарилишидан манфаатдор бўлиши шубҳасиз.Бир сўз билан айтганда, бу икки тушунча -Ватан равнақи ва фаровонлик масаласи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини тушуниш қийин эмас.Ана шундай мантиқий хулосадан келиб чиққан ҳолда, халқ фаровонлиги деган эзгу тушунчани ҳам миллий ғоямизнинг негизини ташкил этадиган тамойиллар қаторига қўйишимиз табиийдир.Нега деганда, бу дунёда ҳар бир одам тўқ ва бадавлат ҳаёт кечириш, эл-юрт учун муносиб фарзанд тарбиялаш, уларга билим бериш, уйли-жойли қилиш, уларнинг бахту камолини кўриш орзуси билан яшайди.Ҳозирги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг пировард мақсади - одамларимизнинг ана шундай орзу-умидларини рўёбга чиқариш, халқимизга ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратиб беришдан иборат экани ҳақида такроран гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.Бу мақсадга эришиш учун юртимизда барча асослар - табиий бойликлар, унумдор ер, катта иқтисодий ва илмий-техникавий, инсоний ва маънавий салоҳият мавжуд. Энг муҳими, бу диёрда ана шу фаровон ҳаётни ўз кучи, ўз ақл-заковати билан барпо этишга қодир бўлган меҳнатсевар ва истеъдодли халқ яшайди.Мухтасар қилиб айтганда, миллий ғоямизга қайси томондан таъриф ва баҳо бермайлик, халқимизни бирлаштирадиган бу олий мақсадлар асрлар давомида унинг юрагидан, қалбидан жой олиб келган орзу-армон ва эзгу интилишлар билан чамбарчас боғлиқ эканига ишонч ҳосил қиламиз.Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа - ана шу юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат.Таъкидлаш жоизки, биз фуқаролар дунёқарашини бошқариш фикридан йироқмиз, балки одамларнинг тафаккурини бойитиш, уни янги маъно ва мазмун билан тўлдириш тарафдоримиз.Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, «миллий ғоя» деган сўз фақат бир миллатга мансуб бўлиб қолмасдан, мана шу табаррук диёримиз - Ўзбекистон тупроғида яшаётган, уни ўз она Ватани деб биладиган барча миллат ва элатларга бирдек дахлдордир.Миллий ғояда мужассам бўлган буюк мақсадларни рўёбга чиқариш авваламбор жамиятимиз ва шу жамият аъзоси бўлмиш ҳар қайси инсоннинг маънавий олами ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур.Шу ўринда бир фикрни алоҳида урғу бериб айтишни жоиз деб биламан.Бизнинг энг улуғ мақсадимиз, энг улуғ ғоямиз шуки, Ўзбекистоннинг битта йўли бор: мустақилликни мустаҳкамлаб, мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириб, ёруғ ва эркин ҳаёт сари олға юриш. Мафкурамиз, тутган йўлимиз, бор куч-ғайратимиз ана шу улуғвор ниятни амалга оширишга йўналтирилиши керак. Халқимизни, юртимиздаги барча сиёсий кучларни, нодавлат ташкилотларни ягона умумий мақсад атрофида бирлаштирадиган, бир тану бир жон қиладиган миллий ғоя ҳам аслида шу. Маънавият ва жамиятнинг янгиланиши Бугунги кунда мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини барпо этишда эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш масаласи биз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга.Ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.Шу боисдан ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаш вазифаси истиқлол йилларида биз учун ҳал қилувчи масалага айланди.Таъкидлаш жоизки, бу жараён юртимизда ўта мураккаб шароитда -мустабид шўро тузуми барбод бўлган ва янгича ижтимоий муносабатлар қарор топаётган кескин бир вазиятда юз берди.Мана шундай ўта қалтис ва мураккаб бир даврда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб қолиш, Марказдан бўлаётган турли зарарли таъсирлардан халқимизни ҳимоя қилиш, ўз мустақил сиёсатимизни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида 1990 йилнинг 24 март куни республика Олий Кенгашининг биринчи сессиясида президентлик бошқаруви жорий этилди.Таъкидлаш жоизки, ўшанда СССР ҳудудидаги республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда мана шундай юксак лавозим жорий этилган ва шу тариқа биз юртимизни мустақиллик йўлига бошлаган дастлабки қадамни қўйган эдик.Ўша сессия мажлисида республикамизда вужудга келган оғир вазият ва уни тузатиш бўйича олдимизда турган энг асосий вазифалар ҳақида сўз борганда, бир-биридан долзарб, бир-биридан муҳим муаммоларни ечиш борасида айнан маънавият масаласига алоҳида тўхталиб, халқ ноиблари, бутун халқимизга қарата мен қуйидаги фикрларни билдирган эдим:«Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифаларни кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, аҳолининг кундалик эҳтиёжларига бевосита дахлдор долзарб масалаларни ҳал қилиш билан бир қаторда биз эски тузум даврида инсон ҳаётининг негизи ва мураккаб томонлари, миллий қадриятлар, тарихий анъаналар, умуминсоний маънавий бойликлар билан ҳисоблашмаслик жамиятимизга қанчадан-қанча зарар келтирганини унутмаслигимиз керак.Бу борада асосий ишларимиз нималардан иборат бўлиши лозим?Биринчи навбатда миллий маданиятимиз, халқ маънавий бойлигининг илдизларига эътибор бериш зарур. Бу хазина асрлар давомида мисқоллаб тўпланган. Тарихнинг не-не синовларидан ўтган. Инсонларга оғир дамларда мадад бўлган.Бизнинг вазифамиз - шу хазинани кўз қорачиғимиздек асраш ва янада бойитиш.Сўзда эмас, амалда ҳар бир кишининг виждон эркинлигини, эътиқод эркинлигини таъминлашимиз керак. Биз одамларнинг маънавий тарбиясини ўйлаб, тинчлик ва хайрли ишларни кўзлаб ҳаракат қилаётган ҳар бир кишини қўллаб-қувватлаймиз, улар билан ҳамкорлик қиламиз.Масаланинг бошқа томони - маърифат ва маданиятнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш. Инсоннинг тўлақонли ҳаёти учун ниҳоятда зарур бўлган мактаблар, кутубхоналар, театр ва бошқа маданият ўчоқларини кўпайтириш, уларнинг шароитини яхшилаш.Биз кўп йиллар давомида маърифат ва маданиятга нотўғри муносабатда бўлдик. Унга сарфланаётган маблағлар доим бошқа соҳалардан кам бўлди. Натижада биз бу масалада орқада қолиб кетдик.Бундан буён барча режаларимизда маданият, маърифат, жисмоний тарбия ва спорт биринчи даражали вазифалар қаторидан жой олиши лозим.Ва ниҳоят, шу соҳаларда ишлаётган кадрлар масаласи. Ўқитувчилар ва шифокорлар, маданий-оқартув муассасаларидаги ва бошқа соҳалардаги кўплаб мутахассислар - чинакам зиёлилардир.Айниқса, олимлар ва ижодкор ходимларимизга эътиборни кучайтириш керак. Чунки маънавий бойликларни айнан шулар яратади. Уларга ғамхўрлик қилиш, самарали фаолияти учун барча зарур моддий-маънавий шароитларни яратиб бериш давлат ҳокимияти ва хўжалик ташкилотлари раҳбарларининг бурчи ва масъулиятли вазифасидир.Яна бир долзарб вазифа - ўсиб келаётган авлодга, унинг маънавий тарбиясига ниҳоятда катта жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш масаласи. Нега деганда, ёшлар халқ маънавиятининг муносиб эгаларидир. Шунинг учун ҳар бир ўғил-қизимиз дастлабки қадамларидан бошлаб маданий бойликларимиздан баҳраманд бўлиши керак.Истеъдодли ёшларимизнинг, йигит-қизларимизнинг ўз қизиққан соҳаларида етук инсонлар бўлиб етишиши учун тегишли шарт-шароитлар ҳали тўла яратилгани йўқ.Агарки биз ўзимизнинг маънавий бурчимизни оқлашни истасак, уларга оталарча ғамхўрлик қилишимиз керак. Ана шу мақсадда биз уларнинг мамлакатимиз ва чет эллардаги нуфузли илмий марказларда таълим олиши учун маблағлар ажратдик. Бу ишлар учун ҳеч нарсани, шу жумладан, валютани ҳам аямаймиз.Кейинги пайтда санъатда ошкораликни пеш қилиб, телевизор, кино экранларида, матбуот воситаларида бўлмағур лавҳаларни акс эттириш, бемаънилик ва ҳаёсизликни, баъзан эса, ҳатто ахлоқий бузуқликни тарғиб қилишлар кўпайиб қолди.Барчамиз - қаерда, қандай лавозимда ишламайлик, жамиятимизнинг инсонийлик ва ахлоқий ақидаларини поймол қиладиган ана шундай тажовузкорлик кўринишларига қатъий равишда қарши туришимиз лозим. Бундай муносабат жамоатчилигимиз, халқимизга ҳам маъқул бўлади, деб ишонаман».Орадан йиллар ўтиб, миллатимиз, халқимизнинг келажаги, унинг маънавий ҳаётини бойитиш мақсади билан йўғрилган бундай сўзлар ҳали истиқлолимиздан бир йилу тўрт ой олдин, айнан она тилимизда айтилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бугун ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз учун, ўйлайманки, кўп нарса аён бўлади.Айни пайтда юртимизда миллий тикланиш жараёни қарийб бир ярим аср давом этган ижтимоий-сиёсий қарамликдан кейин дастлабки пайтларда мутлақо табиий равишда ўзига хос «инкорни инкор» қонунияти асосида кечганини айтиш лозим. Лекин биз собиқ тузумнинг мафкуравий қарашларини умуман инкор этишнинг ўзи ҳеч қандай бунёдкорлик дастурига эга бўлмаган сиёсий ва маданий экстремизм хавфини туғдириши эҳтимолини яхши англар эдик. Шу билан бирга, тарихий қадриятлар, урф-одат ва анъаналар, турмуш тарзига орқа-олдини ўйламасдан, ёппасига бетартиб қайтиш бошқа бир кескинлик, дейлик, бугунги давр ҳаётини қабул қилмаслик, жамиятни янгилаш заруратини инкор этиш каби номақбул ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик зарур эди.Барчамизга маълумки, миллат ва халқнинг руҳи, дунёқараши ва турмуш тарзини ифода этадиган миллий маънавиятга муносабат, уни замон талаблари асосида ривожлантириш, одамларнинг дунёқараши ва тафаккурини ўзгартириш масаласи ҳар томонлама чуқур ва пухта ўйлаб иш юритишни талаб қилади. Ўша пайтда баъзи одамлар, мана, биз мустақилликка эришдик, энди фақат ота-боболаримиздан қолган қадриятлар асосида яшашимиз керак, бошқача қарашларнинг бизга ҳожати йўқ, деган асоссиз фикрларни ҳам билдирган эди. Табиийки, бундай фикрларга асло қўшилиб бўлмас эди.Бу борада тўғри йўл тутиш учун авваламбор миллий қадриятнинг ўзи нима эканини аниқ тушуниб олиш зарур. Албатта, биз тарих синовларидан ўтган, миллий манфаатларимиз, бугунги ва эртанги орзу-интилишларимизга, тараққиёт талабларига тўла жавоб берадиган, йиллар ўтгани сари қадри ортиб борадиган ғоя ва тушунчаларни қадрият деб биламиз.Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса сингари миллий қадриятларнинг ҳам ўзига хос ривожланиш қонунияти бор. Бу ҳақиқатни унутиш, миллий қадриятларни бирёқлама, сунъий равишда улуғлаш ва идеаллаштиришга уриниш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳаётда кўп бора ўз исботини топган. Айниқса, Ўзбекистон каби кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатда бундай ҳаракатлар охир-оқибатда миллатлараро зиддият, миллатчилик, миллий ва диний бетоқатлик каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.Биз халқимизнинг ақл-идроки, мустаҳкам иродаси, бағрикенглиги ва инсонпарварлигига таянган ҳолда, бу борада амалга оширган бир қатор ишлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - бу миллатнинг руҳидир.Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».Бу ҳақда гапирганда, мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтгани беихтиёр ёдимизга тушади. Ўшанда айрим сиёсий гуруҳлар Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган эди. Нега деганда, тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин.Мана шундай ўта қалтис ва мураккаб вазиятда агарки озгина эҳтиросга берилсак, ҳушёрликни йўқотсак борми, арзимаган учқундан ўт чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Марказда ва ўзимизда қулай баҳона кутиб, пайт пойлаб турган империяпараст кучларга айнан шу нарса керак эди. Аммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик.Аввало, республика Олий Кенгаши қошида давлат тили бўйича таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил қилинди. Комиссия аъзолари аҳолининг турли ижтимоий қатламлари, сиёсий гуруҳлар, барча миллат ва элат вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни атрофлича ўрганиб, республика раҳбарияти ва кенг жамоатчиликка доимий ахборот бериб борар эди. Ана шундай ишчанлик руҳида Олий Кенгаш сессиясига тақдим этиладиган лойиҳанинг ҳар бир моддаси бўйича ҳар тарафлама фикр алмашув, баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди.Ниҳоят, 1989 йилнинг 19 октябрь куни бу ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Ва қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан ҳимоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган эди. Бу қонун ўша пайтда бошқа республикаларда қабул қилинган тилга оид ҳужжатлардан ўзининг демократик моҳияти билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, мазкур қонун давлат идораларида ишлаш, таълим олиш, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиш, фуқаролик сингари масалаларда одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини камситадиган турли шартлар ва «ценз»лардан холи экани билан жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган талаб ва қоидаларга тўлиқ жавоб берар эди. Шунинг учун ҳам у кўпмиллатли халқимиз томонидан ижобий кутиб олингани бежиз эмас.1992 йил 7 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.Ўтган давр мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ишлар амалга оширилди.Истиқлол йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар кўплаб чоп этилаётгани жамият тафаккурини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.Шу борада ўзбек тилининг компьютер ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт каби махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлагани унинг имкониятлари нечоғлиқ катта эканини кўрсатади.Ҳолбуки, бундан йигирма йил олдин оддийгина ариза ёки маълумотномани ҳам ўзбек тилида ёзишнинг имкони йўқ эди. Бугун бу ҳақда гапирсангиз, кўпчилик ёшларнинг ишониши қийин. Чунки ҳозирги пайтда олий ҳокимият идораларидан тортиб маҳаллий бошқарув идораларигача иш юритиш она тилимизда амалга оширилмоқда.Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.Маълумки, ўзбек тили асрлар давомида араб ёзуви асосида ривожланиб келган. Айни пайтда буюк аждодларимиз, тилимизнинг ўзига хос грамматик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, унинг улкан имкониятларига мос ёзув тизимини яратиш ҳақида доимо бош қотириб келганлари ҳам тарихий манбалардан яхши аён, деб ўйлайман.Жумладан, 1929 йилда маърифатпарвар зиёлиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бу алифбо ўн йил мобайнида амалда бўлиб, лотин ёзувида халқимизнинг маънавий мулкига айланиб қолган кўплаб китоб ва дарсликлар, газета-журналлар ва бошқа матбаа маҳсулотлари, тарихий ҳужжатлар чоп этилди.Афсуски, ҳукмрон мафкуранинг собиқ СССР ҳудудидаги барча халқлар маданиятини «ягона совет маданияти» деган сунъий ғоя остида бирлаштиришга қаратилган сиёсати туфайли бу ижобий тажриба ниҳоясига етмасдан қолиб кетди.Табиийки, мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори тил ва алифбо масаласи ҳам биз учун кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. Айниқса, она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди.Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу масала қанчалик ўткир бўлмасин, биз уни ечишда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, илмий асосда, ҳар томонлама ўйлаб, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб иш тутдик. Шу мақсадда 1993 йил 2 сентябрда юртимизда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.Ўтган давр мобайнида ана шу қонун ижросини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Аввало, ўзбек тилининг лотин ёзуви асосидаги имло қоидалари ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларида ана шу алифбо асосида билим берилмоқда. Лотин ёзувида чоп этилаётган китоб ва дарсликлар, ўқув қўлланмалари, газета-журналлар, реклама ва эълонлар, давлат ҳужжатлари ҳозирги вақтда бу имло маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.Шу билан бирга, бу масалага мантиқий кўз билан қарайдиган, энг муҳими, халқимизнинг кўпмиллатли эканини инобатга оладиган бўлсак, айрим миллий гуруҳлар кирилл ёзувини ишлатишини назарда тутиб, юқорида тилга олинган қонунда бу имлодан фойдаланиш учун ҳам имконият яратиш кўзда тутилган.Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади.Албатта, жаҳон - кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга аталган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланишини истардим.Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни яшнатиб турсин.Бу ҳақда гапирар эканмиз, айни вақтда муҳим бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон ўзини энг аввало Ўзбекистон фуқароси деб, шундан кейингина муайян бир ҳудуд вакили, айтайлик, хоразмлик, самарқандлик ёки Фарғона водийси фарзанди деб ҳис қилиши лозим. Табиийки, бу ҳолат ҳар биримиз мансуб бўлган «мўъжаз ватан»нинг, туғилиб ўсган шаҳар ёки қишлоқнинг қадри ва аҳамиятини асло камайтирмайди. Бироқ шуни эсда тутиш керакки, ҳаддан ташқари бўрттириб юборилган маҳаллий ватанпарварлик миллатнинг, халқнинг жипслашувига халақит беради.Биз Ватан туйғусини мана шундай яхлит ҳолда, яъни дунёда ягона ўзбек миллати бор, хоразмлик, фарғоналик, сурхондарёлик ўртасида ҳеч қандай миллий фарқ йўқ, уларнинг барчаси ўзбек халқининг фарзанди деб англашимиз, ёш авлодимизни айнан шу руҳда тарбиялашимиз зарур.Бугунги кунда ёшларимиз юртимизнинг кўча ва хиёбонлари, метро ва автобус бекатлари, катта-катта майдонлар, биноларни безаб турган ўзбекча номлар, шиор ва лавҳаларни кўриб, буларнинг барчасини одатий бир ҳол сифатида қабул қилади. Ваҳоланки, яқин тарихимизда бу манзара бутунлай бошқача кўринишга эга эди. Биргина Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг номларини ўқиб, беихтиёр қайси мамлакатда юрганингизни билмай қолар эдингиз: Ленин, Маркс, Энгельс, Луначарский, Киров, Ворошилов, Лопатин ва ҳоказо. Шуниси ажабланарлики, большевиклар партиясининг доҳийлари бўлмиш бу инсонларнинг бирортаси ҳам умрида юртимизга қадам қўймаган, бизнинг тарихимиз ва қадриятларимизга мутлақо алоқаси бўлмаган кимсалар эди. Ёки шаҳардаги аксарият тураржой мавзелари «Ц-1», «Ц-2», «Ц-15» деган, одамда ҳеч қандай ҳис-туйғу, хотира уйғотмайдиган мавҳум номлар билан атаб келинганини эслайлик.Буларнинг барчаси замирида совет мафкурасига хос бўлган, одамзотни тарихий хотира, Ватан туйғусидан жудо қилишга қаратилган ғаразли интилишлар мужассам эканини англаш, тушуниш қийин эмас.Ҳолбуки, аждодларимиз ўзлари яшайдиган маҳалла, шаҳар ва қишлоқлар, боғ-хиёбонларга ном танлашга жуда катта эътибор берган. Мисол учун, Тошкентнинг ўн икки дарвозасига берилган чуқур маъноли, гўзал номларни олайлик. Самарқанд, Бешёғоч, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Камолон, Қўймас, Қўқон, Қашқар дарвоза деган номлар авваламбор ўзининг аниқ тарихий-жуғрофий маъноси билан ажралиб туради.Қадимий номларда ота-боболаримизнинг ҳаёт ва тафаккур тарзи яққол ўз аксини топган. Масалан, Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Пичоқчилик, Чархчилик, Кўнчилик, Дегрезлик, Тақачи, Эгарчи, Ўқчи, Заргарлик, Парчабоф сингари маҳалла номлари бу ерда ҳунармандчилик нақадар ривожланганидан, халқимизнинг азалдан ўтроқ ҳаёт кечириб, юксак маданий турмуш даражасига эга бўлганидан далолат беради.Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда пойтахтимизда миллий тарихимизга бегона бўлган, юқорида зикр этилган ясама, сиёсий номлар ўрнига Миробод, Ракат, Мингўрик, Дархонариқ, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Зарқайнар, Учтепа каби асл номларнинг тикланганини, энг муҳими, бундай ишлар мамлакатимизнинг барча минтақа ва ҳудудлари миқёсида амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз.Маълумки, бугун биз юртимизда халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституция ва қонунлар асосида демократик, дунёвий давлат барпо этмоқдамиз. Бу давлат авваламбор дунёвий тараққиётга, унинг энг илғор ютуқ ва натижаларига таянади.Айни пайтда шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёвийлик - бу даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз. Бундай мафкуранинг хатарли томони шундаки, у неча асрлар давомида дин негизида шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятлар - бу ёзма ёки оғзаки, моддий ёки маънавий мерос бўладими, ахлоқ ёки анъаналар бўладими, миллий дунёқараш ёки турмуш тарзи бўладими - буларнинг барчасини рад этади. Натижада одамзот ўзининг ички дунёси, ҳис-туйғу ва қарашлари, таяниб-суяниб турадиган пойдеворидан маҳрум бўлиб, «шўро доҳийлари» айтганидек, улкан давлат машинасининг «винтчаси»га айланади. Охир-оқибатда бундай одам ота-онасини ҳам, ўз миллати, халқи ва Ватанини ҳам танимайдиган аянчли ҳолатга тушиб қолади.Собиқ мустабид тузум айнан ана шундай ёвуз мақсадларни кўзлар эди. Шунинг учун коммунистик мафкура авж олган даврларда, хусусан, ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида халқимизнинг бошига қандай азоб-уқубатлар ёғдирилганини, албатта, ҳеч қачон унутиб бўлмайди.Ўша машъум йилларда кўпчилик ҳатто жаноза маросимларига бориш, яқин кишисини йўқотган одамлардан кўнгил сўрашга ҳам ҳайиқиб қолган эди. У ёғини сўрасангиз, баъзи масъул лавозимда ишлайдиган одамлар мафкура тазйиқидан юрак олдириб, ота-онаси қазо қилганда дафн маросимларида иштирок этмасликка ҳам мажбур бўлган эди.Лекин ҳар қандай шафқатсиз таъқибларга қарамасдан, халқимиз барибир ўз муқаддас динига содиқ қолди. Шунинг ўзиёқ динни инсон, халқ ва жамият ҳаётидан асло ўчириб бўлмаслигидан яна бир бор далолат беради.Биз муқаддас динимизнинг халқимиз тарихидаги ана шундай беқиёс ўрни ва таъсирини инобатга олган ҳолда, уни ҳар томонлама тиклаб, ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олишига эришдик.Айни вақтда бугунги мураккаб ва шиддатли замонда жаҳонда ўз ўрнини топишга интиладиган ҳар қандай халқ ва миллат умумбашарий тараққиёт ютуқларини ҳар томонлама чуқур ва пухта эгаллаши шартлигини барчамиз яхши тушунамиз. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур», деган ҳаққоний фикрлар билан Туркистон аҳлининг онгу шуурини уйғотишга даъват этгани бежиз эмас, албатта. Бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини бугунги юксак тафаккур ва технологиялар замони ҳам исботламоқда.Чиндан ҳам, агарки ҳозирги вақтда дунёвий илм-фан ва технологияларни чуқур ўзлаштирмасак, фақат тарихимиз, олис аждодларимизнинг кашфиётлари билан мақтаниб, уларга маҳлиё бўлиб яшайдиган бўлсак, ана шу ноёб меросни асраб-авайлаб, янада бойитиб, унга ўз ҳиссамизни қўшмасак, замон билан ҳамқадам бўлиб юрмасак, бизнинг жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллашимиз қийин бўлади.Шунинг учун ҳам бу масалага ёндашувда ҳадиси шарифда айтилган «Бу дунёни деб у дунёни, охиратни деб бу дунёни унутманг» деган мазмундаги сўзларни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур, деб ўйлайман.Бизнинг маънавий ҳаётимиз ана шу икки асос, икки таянч нуқтанинг устида мустаҳкам туриши лозим. Бордию ана шу асослардан бирортаси бўшашгудек бўлса, яна ўзгаларга тобе ва қарам бўлишимиз ҳеч гап эмас. Бугунги дунёнинг пасту баландини тушунадиган ҳар қандай ақли расо одам буни яхши англайди, албатта.Фарзандларимизга ана шу ҳақиқатларни, яъни дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб беришимиз лозим. Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди.Шу маънода, биз муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдирдагина ўз эзгу мақсадларимизга ета оламиз.Шуни айтиш лозимки, халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб кетган ҳашар одати истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъана тусини олгани барчамизни мамнун этади.Ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарлари бунинг тасдиғидир. Ана шу ҳашарлар пайтида маҳалла ва гузарлар, йўллар ва майдонлар, боғу роғларни тартибга келтириш, дов-дарахтлар ўтқазиш, кам таъминланган, муҳтож оилалар, ёлғиз ва қаровчисиз кексаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳеч шубҳасиз, жамият тафаккурининг янгиланишига кучли таъсир қилмоқда.Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад-муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган, халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади.Биз бу масалага ана шундай илмий асосда ёндашиб, қадимий тарихимизни ўрганиш ва баҳо беришда унинг бирор-бир даври ёки жабҳасини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик. Жумладан, мустамлакачилик ва совет давридаги оммавий қатағонлар пайтида зулм ва зўравонлик қурбони бўлган, истиқлол йўлида жон фидо этган аждодларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойига қўйиш, уларнинг эл-юрт озодлиги йўлидаги ишлари, қолдирган меросини излаш ва ўрганишни айнан ана шундай маънавий негизда йўлга қўйганимизни қайд этиш зарур.Маълумки, 1937-1953 йилларда собиқ СССР ҳудудида мудҳиш оммавий сиёсий қатағонлар амалга оширилган эди. Унинг салбий оқибатларини ўзимизга тасаввур этиш учун биргина Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя. Инсоний қадр-қиммати топталган, ҳаёти поймол этилган бу одамлар орасида нафақат арбоб ва зиёлилар, балки юзлаб оддий инсонлар, юртимизда истиқомат қилган деярли барча миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Шу даврда қанча-қанча одамларнинг ўз оиласидан жудо бўлгани, аёллар беваликка, гўдаклар етимликка маҳкум этилганини, минглаб миришкор деҳқонларнинг қулоқ сифатида олис ўлкаларга сургун қилинганини инобатга олсак, халқимиз бошига тушган бу фожианинг даҳшати янада яққол намоён бўлади.Эл-юртимиз тақдирига дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш, бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эди.Ана шу инсоний бурчимизни адо этиш мақсадида 2000 йили пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қатағон йилларида халқимизнинг минглаб асл фарзандлари қатл этилиб, ном-нишонсиз кўмиб ташланган, неча йиллар давомида қаровсиз қолиб келган Бўзсув канали соҳилидаги Алвастикўприк деб ном олган жарлик ўрнида Шаҳидлар хотираси хиёбони ва кейинчалик шу номда музей ва жамғарма ташкил қилинди. 2001 йилдан эътиборан 31 август юртимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Ҳар йили 31 август тонгида бу масканда халқимизнинг қадимий урф-одатларига кўра ош тортиб, Қуръон тиловат қилиш, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг бу ерга келиб, марҳумларни ёд этиши, уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтириши ибратли анъанага айланиб қолди.Бу ишлар халқимиз, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизнинг онгу шуурида тарихий адолатга ишонч ва инсонийлик фазилатларини қарор топтириш, уларнинг маънавий оламини кенгайтиришда катта тарбиявий аҳамиятга эга экани билан айниқса эътиборлидир.Маълумки, собиқ СССР даврида 9 май ҳар йили Ғалаба куни сифатида байрам қилинар, Марказда ва республикаларда дабдабали ҳарбий парадлар ўтказилар эди. Биз мазкур сананинг асл инсоний маъно-моҳияти ҳамда жамоатчилигимизнинг бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, 9 май кунини мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлашга қарор қилдик. Бу воқеа, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тўлақонли тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир жиддий қадам бўлганини айтиш лозим. Шу муносабат билан пойтахтимизда, вилоят ва туманларда совет мафкурасини ўзида ифода этган эски ёдгорликлар ўрнига халқимизнинг руҳи ва қарашларига ҳамоҳанг бўлган Хотира майдонлари ташкил этилиб, Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди.Ана шу майдонларда барпо этилган ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари махсус ишланган лавҳаларга зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилгани, улар ҳақидаги маълумотлар жамланган 35 жилддан иборат «Хотира» китоби чоп этилгани, айтиш мумкинки, мамлакатимиз тарихида ибратли маънавий воқеа бўлди.Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин, мухтасар қилиб айтганда, ана шундай янгиланиш жараёнлари туфайли бугун одамларимизнинг онгу тафаккури, уларнинг Ватан тақдирига, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати тубдан ўзгармоқда. Ўтмиш қолипларидан воз кечган жамиятимиз аъзолари ҳаётдаги ўз ўрнини янгича тасаввур этмоқда. Эл-юртимизда юксак маънавий фазилатлар, демократик қадриятлар мустаҳкамланмоқда, энг муҳими, аҳолимизнинг амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларга дахлдорлик ҳисси, мамлакатимизнинг келажагига бўлган ишончи ортиб бормоқда.Албатта, ҳаммамизга аёнки, жамият тафаккурини бутунлай янгилаш бир-икки йиллик иш эмас, узоқ ва узлуксиз давом этадиган жараён. Қолаверса, бу йўлда тинимсиз изланиш ва меҳнат қилиш, ҳали-бери учраб турган эскича фикрлаш асоратларини енгиб ўтиш осон эмаслигини ҳам яхши тушунамиз.Айни вақтда биз жамиятни ва жамият тафаккурини янгилашнинг инқилобий усулларига, бу жараённи сунъий равишда четдан туриб, зўравонлик йўли билан тезлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларга мутлақо қаршимиз. Биз барча соҳаларда, жумладан, маънавий соҳада ҳам тадрижий-эволюцион ислоҳотлар йўли тарафдоримиз ва бунга қатъий амал қиламиз. Яъни, содда қилиб айтганда, одамларнинг дунёқараши, эътиқод ва тафаккурида демократик тамойиллар ва демократик қарашларнинг кенгайиши ва мустаҳкам ўрин топиши авваламбор ҳаётнинг табиий юриши билан, уларнинг моддий турмуш даражаси ва маданий савияси тобора ривожланиши ва юксалиши билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи тақозо этади.Ҳар қайси жамиятнинг демократик нуқтаи назардан янгиланиши ва юксалиши шу жамиятнинг, шу давлатнинг тараққиёти маҳсули эканини ҳаммамиз чуқур англаб олишимиз зарур.Мана шундай қонуният ва қарашларни инкор этиш, уларни тан олмаслик ва бунга тескари йўл тутиш, ҳеч шубҳасиз, кутилмаган ва тескари салбий натижаларга олиб келиши муқаррарлигини кўп-кўп мисолларда кўриш қийин эмас, албатта. Ислоҳотлар ва уларнинг маънавий мезони Жамият ҳаётида шундай даврлар бўладики, ўз умрини яшаб бўлган эски тузум қонун-қоидаларини янгича асосда ўзгартириш, барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш зарурати энг муҳим эҳтиёж, керак бўлса, ҳаёт-мамот масаласи сифатида кун тартибига чиқади.Биз ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, янги тараққиёт йўлига қадам қўйганимиздан сўнг халқимизнинг хоҳиш-иродаси, асрий орзу-интилишларига таянган ҳолда, шўро давридан оғир мерос бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг ўрнида моҳият эътибори билан бутунлай янги - эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этишга азму қарор қилдик. Табиийки, бу мақсадга эришиш учун қандай стратегик йўл, ислоҳотларнинг қандай шакл ва усули маъқул экани ҳақида олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз вакиллари билан биргаликда кўп ўйладик, атрофлича маслаҳатлашдик. Бу борада тараққий топган давлатлар мисолида ўзини оқлаган илғор тажрибаларни чуқур ўргандик.Энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт тарзи, миллий анъана ва қадриятларимизни, аҳолининг руҳи ва кайфиятини ҳам ҳар томонлама ҳисобга олдик. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг пировард натижаси аввало унинг заруратини аҳолининг кенг қатламлари қай даражада тушуниши ва қўллаб-қувватлаши, бу ўзгаришларнинг инсон ҳаётига, унинг фаровонлигини оширишга кўрсатадиган амалий таъсири билан ўлчанади. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, одамларга ислоҳотларнинг маъно-моҳиятини аниқ-равшан тушунтириб бериш, шу асосда жамият аъзоларида ишонч уйғотиш, уларни бунёдкорлик сари сафарбар этиш муҳим аҳамиятга эга.Ана шундай кенг миқёсдаги ўрганиш ва ҳар томонлама изланишлар натижасида биз бугунги кунда бутун дунёда ўзбек модели сифатида тан олинган тараққиёт моделини ишлаб чиқдик. Бу моделнинг асосий тамойиллари - яъни, иқтисоднинг сиёсатдан холи экани, давлатнинг бош ислоҳотчи бўлиши, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат, ислоҳотларни тадрижий асосда босқичма-босқич амалга ошириш принциплари барчамизга яхши аён.Таъкидлаш жоизки, бугун ҳаётда ўзини тўлиқ оқлаган бу моделнинг негизида авваламбор ҳаётга реалистик қараш, прагматик ёндашув мужассам, десак, айни ҳақиқат бўлади.Ёш давлатимиз мураккаб синов кунларини бошидан кечираётган бир пайтда, қанчалик қийин бўлмасин, биз фақат ўз куч ва имкониятларимизга таяниб ва суяниб иш тутишга мажбур эдик. Ана шундай вазиятда кўплаб ўткир ва кескин саволларга жавоб излаш ва топишга тўғри келди. Масалан, қайси давлат бизга қанча ва қандай шартлар билан сармоя ва қарз беради? Қарз берган давлатларнинг сиёсий шартлари бўлмайдими? Бировдан қарз олиб, кейин унинг сиртмоғига тушиб қолмаймизми? Олган қарз-кредитларимиз бўйнимизда оғир юк бўлиб қолиб кетмайдими?Қарз олиш осон, бу ҳаммамизга маълум, лекин уни бир кун келиб тўлаш ҳам керак. Биз фақатгина бугунги кунни эмас, балки эртамизни, келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз керак. Биз ҳозир хато қилиб қўйсак, фарзандларимиз келажакда қоқилиб қолишини ҳисобга олмасак, бу катта гуноҳ бўлади.Бугун, орадан неча йиллар ўтганидан кейин ўзига хос миллий тараққиёт йўлини танлаган дастлабки даврни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, бизнинг ислоҳотлар сиёсатимизда маънавий мезонлар доимо ҳал қилувчи омил бўлиб келаётгани янада яққол аён бўлади. Ўша пайтда собиқ иттифоқ ҳудудидаги айрим мамлакатларда «шок терапияси» деган усул билан бир сакраб бозор иқтисодиётига ўтиш ёки алоҳида бир давлатда «демократия оролчаси» барпо этиш ҳақида қанча-қанча шов-шувлар кўтарилган эди.Бугун табиий савол туғилади: қани ўша даъволарнинг амалий натижаси? Қани ўша бутун-бутун халқлар ва мамлакатларга мисли кўрилмаган бахтли ҳаёт, фаровонлик ваъда қилган зотлар?Ўша пайтда собиқ совет ҳудудида эндигина мустақилликка эришган ёш давлатларга нисбатан айрим қудратли мамлакатлар ва сиёсий марказларнинг манфаатларига жавоб берадиган ана шундай таги пуч тавсияларни таклиф қилиш, уларни турли йўллар билан жорий этишга уриниш ҳаракатлари ниҳоятда кучайган эди. Бундай кескин бир шароитда яккаю ягона тўғри йўлни адашмай танлаб олиш ва уни ҳар қандай хуружлардан қатъият билан ҳимоя қилиш осон эмас эди.Биз ўшанда четдаги «маслаҳатчи»ларнинг «доно кенгашлари»дан эмас, балки халқимизнинг хоҳиш-иродаси, юртимиздаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиққан ҳолда оғир-вазминлик билан, ҳар томонлама чуқур ўйлаб сиёсат олиб бордик.Албатта, мураккаб ўтиш даврида бошқа кўпгина муҳим вазифалар қатори, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти, унинг маънавий оламига зарар етишига, ижтимоий адолат тамойилларининг бузилишига, жумладан, аҳолининг бир қисми ўта бойиб, аксарияти ўта қашшоқликка юз тутишига йўл қўймаслик масаласи ҳам доимо диққат-эътиборимиз марказида турди.Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, унинг онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади. Биз амалга оширилаётган ислоҳотларимизда ана шундай натижаларга эришиш учун барча ўзгариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг манфаатларини қўйдик. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ана шу жараёнларнинг моҳиятида ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган мақсад мужассам эканини ва унинг амалий ифодасини барча соҳаларда кўриш, кузатиш қийин эмас.Агарки биз мустақилликка эришганимиздан сўнг босқичма-босқич ривожланиш йўлини эмас, балки «шок терапияси» деб ном олган инқилобий сакраш йўлини танласак, энг қийин вазиятларда аксарият аҳолимиз қандай аҳволга тушиб қолган бўлар эди? Ҳеч шубҳасиз, стихияли тарзда юз берадиган шиддатли ўзгаришлар тўфонида одамларнинг моддий турмуш шароити кескин ёмонлашиб, уларнинг ҳаёт тарзи, ахлоқий қадриятлари, миллий-маънавий қиёфаси бутунлай издан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Бир сўз билан айтганда, бундай бирёқлама сиёсат ҳеч кутилмаган оқибатларга, ўрнини юз йилларда ҳам тўлдириб, қоплаб бўлмайдиган оғир йўқотишларга олиб келиши муқаррар эди.Шунинг учун ҳам биз, четдан ҳар қанча таклиф ва тавсиялар, ҳатто талаблар бўлмасин, ҳеч қачон инқилобий сакрашлар йўлидан бормадик. Юртимиздаги бугунги тинч ва осойишта, бунёдкор ҳаёт, барқарор тараққиёт бундай ёндашувнинг нақадар тўғри бўлганини ва узоқни кўзлаганини кўплаб соҳалардаги ижобий натижалар мисолида тасдиқлаб бермоқда. Ўша масъулиятли пайтларда, биз кескин ижтимоий ларзаларга олиб келадиган ҳар қандай инқилобий ҳаракатларга қаршимиз, бизнинг тадрижий ривожланиш тамойилларига асосланган ўз йўлимиз бор ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз, деб айтган қатъий сўзимиз, мустаҳкам позициямиз албатта бугун ўз ҳосилини бермоқда.Бизнинг ислоҳотлар давомида наинки моддий фаровонликка, айни пайтда маънавий юксалишга ҳам эришишни ўзимиз учун асосий мезон деб билганимиз умумий тараққиётимизда бир томонга оғиб кетмаслик, жамият ҳаётида сув билан ҳаводек зарур бўлган мувозанат ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бозор иқтисодиёти ҳамма нарсани жойига қўяди, деган енгил-елпи қарашга итоат қилиб, фақат моддий бойлик ортидан қувиш -халқимизнинг азалий орзу-интилишларига ҳам, инсонийлик билан йўғрилган миллий қадриятларимиз моҳиятига ҳам тўғри келмас эди. Шу боис ислоҳотларни амалга оширишда маънавият ва иқтисодиёт бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бир-бирини қувватлаб, ўзаро таъсирланиб, ривожланиб боради, деган қоидани ўзимиз учун дастуриламал сифатида белгилаб олдик.Маънавият ва иқтисодиёт соҳасининг минглаб ҳаётий масалалар, таъбир жоиз бўлса, жонли ришталар орқали ўзаро чамбарчас боғланиб кетганини инобатга олиб, халқимизнинг руҳияти, турмуш тарзи, қадимий урф-одат ва анъаналаримизга ҳар томонлама мос бўлган ислоҳотлар йўлини танладик.Айниқса, ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролини ислоҳотларни жорий этишнинг асосий шартларидан бири тариқасида қатъий белгилаб олганимиз иқтисодиётнинг универсал талаб ва мезонларини миллий маънавиятимиз хусусиятлари билан уйғунлаштиришда ғоят муҳим аҳамият касб этди.Маълумки, мустабид тузум давридаги иқтисодиёт бирёқлама ривожланган, маъмурий-буйруқбозлик усулига асосланган бўлиб, халқнинг маънавий қарашлари ва интилишларидан йироқ эди. Ана шундай мушкул бир вазиятда давлатнинг ислоҳотчилик ролини тан олмаслик, бу масалани ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйиш - эски тизимдан қолган ночор ва хаста иқтисодиёт ўз-ўзидан эркин бозор иқтисодиётига, совет жамияти эса демократик жамиятга айланиб қолади, деб хомхаёл қилиш билан баробар эди.Шу ўринда таъкидлаш жоизки, демократия авваламбор маънавий мезонлар асосида бошқариладиган, кучли ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти демакдир. Айтиш мумкинки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти демократиянинг ўзаро узвий боғлиқ бўлган икки жиҳати, икки қанотидир. Айнан шу боис биз «Кучли давлатдан - кучли жамият сари» концепциясини ишлаб чиқдик ва бу ғояни изчил амалга ошириш масаласига биринчи даражали аҳамият қаратиб келмоқдамиз.Эътиборли томони шундаки, ислоҳотларнинг дастлабки босқичидан бошлаб ҳозирга қадар кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий дастур ва режаларимизнинг барчасида халқимизнинг маънавий ҳаёти билан боғлиқ масалалар алоҳида устувор йўналиш сифатида кун тартибига қўйилмоқда.Табиийки, бир тизимдан иккинчи тизимга ўтиш жараёнида одамлар онгида, жамият мафкурасида туб ўзгаришлар содир бўлади. Бироқ, баъзи бировларнинг ҳадиксираб, эркин бозор шароитида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг қиммати тушиб кетади, маданият иккинчи даражали нарсага айланиб қолади, деган хавотирлари ўринсиз экани Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар мисолида яна бир бор яққол аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлат бюджетининг 50 фоиздан зиёди ижтимоий соҳага йўналтирилгани ҳам буни тасдиқлайди. Учинчи бобМаънавиятга таҳдид - ўзлигимиз ва келажагимизга таҳдид Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шарҳловчи ва журналистлар бу даврни турлича таърифлаб, ҳар хил номлар билан атамоқда. Кимдир уни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда.Албатта, бу фикрларнинг барчасида ҳам маълум маънода ҳақиқат, рационал мағиз бор. Чунки уларнинг ҳар бири ўзида бугунги серқирра ва ранг-баранг ҳаётнинг қайсидир белги-аломатини акс эттириши табиий. Аммо кўпчиликнинг онгида бу давр глобаллашув даври тариқасида таассурот уйғотмоқда. Бундай таъриф, менимча, кўп томондан масаланинг моҳиятини тўғри ифодалайди. Нега деганда, ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай бир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас.Ана шундай глобаллашув феномени ҳақида гапирганда, бу атама бугунги кунда илмий-фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб боришини ифода этмоқда.Глобаллашув жараёни ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида гапирганда шуни объектив тан олиш керак - бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан шундай чамбарчас боғланиб боряптики, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини тушуниш, англаш қийин эмас.Шу маънода, глобаллашув - бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир.Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин. Айниқса, давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши - табиийки, буларнинг барчасига глобаллашув туфайли эришилмоқда.Айни пайтда ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда - эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз.Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас.Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар.Бу ҳақда гапирганда, мен илгари билдирган баъзи фикрларни такрорлаш ўринли, деб ўйлайман.Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин.Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оғир оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Ўтган йиллар давомида дунёда ва минтақамизда рўй берган, биз бевосита ўз бошимиздан кечирган воқеалар, мафкуравий жараёнларнинг ривожи бу хулосанинг тўғри эканини қайта-қайта исботламоқда.Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, Интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.Бинобарин, биз давлатимиз келажагини ўз қобиғимизга ўралиб қолган ҳолда эмас, балки умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда тасаввур этамиз. Биз истиқболимизни тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувини эркинлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, фикрлар ранг-баранглигини ўз ҳаётимизга янада кенгроқ жорий қилишда кўрамиз. Биз бутун маърифатли дунё, халқаро ҳамжамият билан тинч-тотув, эркин ва фаровон ҳаёт кечириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз.Биз учун шундай йўл маъқул, унинг бошқа муқобили йўқ.Мухтасар қилиб айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.Ҳаммамиз яхши биламизки, ҳар қайси давлатнинг чегараларини дахлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур. Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлодимиз маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб-суяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизни ўйлантириши табиий.Мен, ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, бу масалада шундай деган бўлардим: тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин.Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча - қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.Айниқса, бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун «Эркинлик ва демократияни олға силжитиш» ниқоби остида амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш катта аҳамият касб этади.Шу борада айрим қудратли давлатлар томонидан муайян мамлакатларга, авваламбор, ер ости, ер усти бойликларига эга бўлган ҳудудларга нисбатан олиб борилаётган ана шундай ғаразли сиёсатни дунёнинг айрим минтақаларида тинч ҳаётнинг издан чиқиши, ҳокимият тепасига айнан ўша давлатларнинг манфаатларига хизмат қиладиган кучларнинг келиши билан боғлиқ мисолларда кўриш қийин эмас.Ана шундай вазиятни ҳисобга олган ҳолда, яна ва яна бир бор халқимизнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб бир замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холис ва мустақил фикрга эга бўлиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.Биз юртимизда янги ҳаёт асосларини барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда.Бу ҳақда фикр юритганда, бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли, деб биламан. Ота-боболаримизнинг онгу тафаккурида асрлар, минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар бу кодекснинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади, десак, ўйлайманки, хато қилмаган бўламиз.Шу нуқтаи назардан қараганда, уят - ўлимдан қаттиқ, деган гаплар халқимиз тилида ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, аксинча, бундай иборалар эл-юртимизга мансуб эзгу ва гўзал ахлоқий қадриятларнинг асл мазмунини ифода этади.Дарҳақиқат, уят ва ор-номусини йўқотган одам, Аҳмад Яссавий бобомиз айтганидек, худдики ҳайвон жинсига айланиб қолади. Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг: Олдиға қўйганни емак - ҳайвон иши,Оғзига келганни демак - нодон иши, -деган чуқур маъноли сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлаб беради.Ўз-ўзидан равшанки, бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали ҳаёт ҳақида, унинг шафқатсиз ўйинлари тўғрисида бирёқлама ва сохта тасаввур бўлмаслиги керак.Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғояҲозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг геополитик, иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасида чуқур ўзгаришлар рўй бераётган, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда.Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда жоҳил ақидапарастларнинг «даъвати» ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.Ёш авлодимизни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар, айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этиш тўғрисида ўйлашимиз лозим. Мен бу ўта муҳим вазифа кенг жамоатчилигимизнинг, айниқса, зиёлиларимиз, олим ва адибларимиз, санъат ва маданият аҳли, ўзини маънавият соҳасига бағишлаган барча инсонларнинг доимий диққат марказида бўлишини истардим.Бу ўринда ана шундай салбий хусусиятларнинг энг хунук кўриниши бўлмиш ҳасад тўғрисида тўхталиб ўтиш жоиз деб ўйлайман. Одамзот ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси авваламбор бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади.Шунинг учун ҳам муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Жумладан, муборак ҳадисларда «Бировга ҳасад қилишдан сақланинг, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам қилган савоб ишларингизни худди шундай куйдириб тугатади», деб айтилгани бежиз эмас.Азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимиз бундай иллатлардан доимо ҳазар қилиб келади. Лекин, минг афсуски, умр йўлларида ҳасад балосига кўп дуч келамиз. Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечиргани, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин.Ўзбек номини, ўзбек илм-фани ва маданиятини, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг юксак салоҳиятини, унинг қандай буюк ишларга қодир эканини дунёга намойиш қилишда юртимиз заминидан етишиб чиққан юзлаб улуғ зотлар фидоийлик намуналарини кўрсатиб келган. Бундай инсонлар диёримизда ҳозир ҳам кўплаб топилади ва бундан кейин ҳам уларнинг сафлари кенгайиб бораверади. Ҳамма гап ана шундай инсонларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, уларни қўллаб-қувватлашда. Агар биз мамлакатимизнинг қайси шаҳар ёки қишлоғида бўлмасин, йилт этган истеъдод учқунини кўрганда, ҳаммамиз уни ўз вақтида пайқаб, ардоқлаб, парвона бўлиб, унга йўл очиб берсак, барча саъй-ҳаракат ва интилишларимизни ана шундай олижаноб мақсадга қаратсак, мухтасар айтганда, ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшашни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, ҳеч шубҳасиз, биз миллий тараққиёт бобида янада юксак марраларни эгаллашга эриша оламиз.Бу ҳақда гапирар эканмиз, маънавий ҳаётимизга жиддий хавф соладиган яна бир иллат ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан ўзим бу иллатдан жирканаман. Шу иллатга чалинган одамни кўрарга кўзим йўқ. Бу -сотқинликдир. Мен ҳар қандай ёвузликни сотқинликдан кўраман. Эзгулик ва ҳақиқатга садоқати бўлмаган, уларга ишонмаган одам қўрқинчлидир. Табиатида сотқинлик хусусияти бўлган одам раҳбарлик курсисига ўтириб қолса борми, у ерда осойишталик йўқолди, деяверинг. Иккита одамнинг, иккита мамлакатнинг ўртасидаги урушни ҳам айнан шундай одамлар бошлаб беради. Шу боис бундай одамлардан огоҳ бўлишимиз, уларга ёнимизда ўрин бўлмаслиги лозим. Агар теварак-атрофимиздаги бирорта кишида шундай аломатлар сезилаётган бўлса, уларни дарҳол тарбиямизга олиб, тўғри йўлга бошлашимиз керак.Шу муносабат билан тарихда кўп марта ўз тасдиғини топган, мен ҳам ўз тажрибамда синаган ҳаётий бир ҳақиқатни яна бир бор такрорлашни зарур деб ҳисоблайман: агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди.Бу ҳаётда одам баъзан ўзини йўқотиб қўядиган ғоят мураккаб муаммоларга дуч келади. Кескин вазиятдан чиқишнинг иложи йўқдек туюладиган ҳолатлар бор. Шундай пайтда, ишда ва ҳаётда, жамиятда оғир савдоларга дуч келганда ким ўзининг йўлини йўқотмаслиги мумкин? Ўйлайманки, биринчи навбатда ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бақувват бўлган одамгина бундай вазиятдан ёруғ юз билан чиқа олади. Маънавий бойлик шундай пайтда одамга катта куч ва мадад беради.Шу маънода, инсоннинг маънавияти юксалиши билан унинг иродаси ҳам кучайиб боради, десак, янглишмаган бўламиз. Ирода - бу аслида мустаҳкам ишонч демакдир. Иродаси бақувват одам ўзига ишонади ва ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам ўз зиммасига олишдан қўрқмайди. Шунинг учун ҳам юксак иродали инсонга суяниш мумкин. Бундай кишилар бошингизга бирор-бир ташвиш ёки муаммо тушгудек бўлса, лоқайд қараб туролмайди. Ҳеч иккиланмасдан, ёнингизда туриб, қўлидан келганча ёрдам беришга, қийинчиликларни сиз билан биргаликда енгишга ҳаракат қилади.Лекин бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди.Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради.Машҳур файласуфлардан бири ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб, қуйидаги ҳаққоний фикрларни баён қилган: «Душманлардан қўрқма - нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма - нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ - улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади».Ҳар бир инсон ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай фикрларни униб-ўсиб келаётган ёшларнинг онгига сингдириш, уларни ҳаёт синовларига бардошли этиб тайёрлаш бизнинг ота-она, устоз-мураббий, раҳбар-раҳнамо сифатидаги, шу муқаддас юрт фуқароси сифатидаги муқаддас бурчимиздир.Бу борадаги энг долзарб вазифамиз - юқорида зикр этилган барча жараёнларнинг илмий-назарий асосларини, уларнинг янги қирраларини мукаммал очиб бериш, ўқувчиларимиз, талабаларимизга, кенг жамоатчиликка содда, лўнда қилиб тушунтириб бориш ва уларни бугунги замон талабларига жавоб берадиган жамият қурилишининг фаол бунёдкорларига айлантиришдан иборат.Бунинг учун авваламбор тараққиётимизнинг ҳар бир йўналиши -жамиятимиздаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий муносабатларнинг ривожи ҳақида махсус адабиётлар яратиш тизимини янада такомиллаштириш зарур.Албатта, бу масала бўйича ижтимоий фанлар соҳасида маълум ишлар қилинмоқда, аммо холисона айтадиган бўлсак, бу борада чоп этилган кўпчилик дарсликлар, ўқув қўлланмалари, оммабоп адабиётларнинг ҳам, аксарият соҳа мутахассисларининг ҳам савияси талаб даражасида эмаслигини қайд этишга мажбурмиз. Бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш вақти келди.Ҳеч шубҳасиз, юртимизда эркин, адолатли ва фаровон ҳаёт қуриш жараёнида ижтимоий-сиёсий муносабатлар, одамларнинг онги ва тафаккури ҳам ўзига хос, шу билан бирга, мутлақо янгича маъно касб этиб бормоқда. Хусусан, шахс ва давлат, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар янгича мазмун ва шакл топиб, янги хусусиятлар, янги тамойиллар асосида такомиллашиб бораётганини сезиш, англаш қийин эмас.Бинобарин, буларнинг барчаси янгича қадриятлар ва демократик принциплар моҳиятига, ўз турмуш ва тафаккур тарзимизга мос, биз барпо этишга интилаётган эркин фуқаролик жамияти талабларига жавоб берадиган муносабатлар сифатида ижтимоий фанларнинг асосий тадқиқот мавзуларига айланиши даркор.Бу борадаги энг муҳим вазифа шундан иборатки, ҳар қайси фуқаро, ҳар қайси инсон жамият тараққиёти ва уни янгилашга, маънавий ҳаётимизни турли таҳдид ва хуружлардан ҳимоя қилиш масаласига бўлган ўз бурчи ва масъулиятини айнан ана шу асосда аниқлаб олиши зарур.Бу масала ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, шу тамойилларга таянган жамиятнинг ўзига хос ижтимоий шакл-шамойили, унинг қиёфаси, ривожланиш йўллари, устувор хусусиятлари тўғрисидаги аниқ тасаввур турли фикр, баҳс-мунозаралар орқалигина аён бўлишини эътироф этишимиз ва буни ўзимизга мезон қилиб олишимиз зарур.Бундай кенг кўламли ва ўта муҳим масалаларни ҳал қилишда давлатимиз ва жамиятимиз ижтимоий фанлар соҳасида фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, турли ижтимоий марказлар, авваламбор, Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан ҳар томонлама асосланган чуқур таклиф ва тавсияларни кутишга тўла ҳақлидир.Айниқса, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин. Бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини таъминлайдиган замонавий информацион ва компьютер технологияларини кенг жорий этиш, жамиятимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган самарали усул-услубларни ишлаб чиқиш, давлат ва жамоат ташкилотлари учун тегишли тавсия ва қўлланмаларни тайёрлаш бугунги кунда муҳим вазифамизга айланиб бораётганини чуқур тушуниб олишимиз зарур. Тўртинчи бобВатанимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори Инсон қалбига йўл Ушбу китобнинг олдинги бобларида биз маънавиятнинг мазмун-моҳияти, уни шакллантирадиган асосий омиллар, маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг маънавий мезонлари ҳақида, шунингдек, бугунги глобаллашув даврида маънавий оламимизни турли салбий таъсир ва таҳдидлардан асраш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар хусусида батафсил тўхталиб ўтдик.Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қайси инсон ва жамиятнинг маънавий дунёсига айнан шундай кўз билан қараш, одамни онгли яшашга, етукликка чорлайдиган бундай беқиёс қудрат манбаининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш муҳим бир ҳақиқатни, яъни юксак маънавият - енгилмас куч эканини англатади ва тасдиқлайди.Шу ўринда табиий бир савол туғилади: маънавиятни чиндан ҳам ана шундай қудратли кучга айлантириш учун биз қандай масалаларга биринчи галда эътибор беришимиз, қандай ишларни амалга оширишимиз зарур?Маънавият ҳақида ҳар қанча даъватлар, муҳим назарий фикрлар билдирилмасин, агар уларни жамият онгига сингдириш учун доимий иш олиб бормасак, бу борадаги фаолиятимизни ҳар томонлама пухта ўйланган тизимли равишда ташкил этмасак, табиийки, биз кўзланган мақсадга эришолмаймиз, яъни, инсон қалбига йўл тополмаймиз.Шунинг учун ҳам биз бугунги кунда таълим-тарбия соҳасидан бошлаб, матбуот, телевидение, Интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари, театр, кино, адабиёт, мусиқа, рассомлик ва ҳайкалтарошлик санъатигача, бир сўз билан айтганда, инсоннинг қалби ва тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган барча соҳалардаги фаолиятимизни халқнинг маънавий эҳтиёжлари, замон талаблари асосида янада кучайтиришимиз, янги босқичга кўтаришимиз зарур.Айниқса, барча даврларда ҳам ғоят мураккаб ва масъулиятли бўлган бу ишларни ўз зиммасига олган, эски қолиплардан воз кечиб, бу соҳада янги йўлларни очиб бераётган, одамларнинг дунёқарашини янада бойитиш учун тинимсиз меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг бир қарашда кўзга ташланмайдиган, лекин катта қунт, билим ва тажрибани талаб қиладиган интилиш ва амалий ҳаракатларини кенг қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг самарали натижаларга эришиши учун ҳар томонлама шароит яратиб беришимиз лозим.Бу ҳақда гапирганда, шуни таъкидлаш жоизки, ана шу соҳа вакиллари, яъни ўқитувчи ва мураббийлар, ёзувчи ва журналистлар, кино ва театр аҳли, мусиқачилар ва рассомлар, умуман, зиёлиларимиз халқимиз учун янгича воқелик бўлмиш бозор иқтисодиётига ўтиш даврида жамият олдидаги маънавий бурчини чуқур ҳис этган ҳолда, ўз истеъдод ва маҳоратини аямасдан астойдил меҳнат қилмоқда.Барчамизга аёнки, инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади. Шунинг учун қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни эслаш билан бирга, ота-оналаримиз қатори биз учун энг яқин бўлган яна бир буюк зот - ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз.Биз юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда ана шу машаққатли касб эгаларига суянамиз ва таянамиз, эртага ўрнимизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда уларнинг хизмати нақадар беқиёс эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.Бу ёруғ оламда ҳар бир одам ўзининг меҳрибон ота-онасига, устоз ва муаллимларга нисбатан ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Инсон ўз умри давомида қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, қаерда, қандай лавозимда ишламасин, мактаб даргоҳида олган таълим-тарбияси унинг етук шахс ва малакали мутахассис бўлиб шаклланишида улкан аҳамиятга эга экани шубҳасиз.Мухтасар айтганда, мактаб деган улуғ даргоҳнинг инсон ва жамият тараққиётидаги ҳиссаси ва таъсирини, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз келажагини ҳал қиладиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.Шу нуқтаи назардан қараганда, маърифатпарвар боболаримизнинг фикрини давом эттириб, агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чиндан ҳам, ўқитувчи наинки синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир. Она тилимизда «мактаб кўрган», «мактаб яратган» деган чуқур маъноли ибораларнинг мавжудлиги ҳам бу муқаддас даргоҳнинг, заҳматкаш ўқитувчи меҳнатининг давлат ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишидан далолат беради.Биз юртимизда 1 октябрь санасини Ўқитувчилар ва мураббийлар куни сифатида умумхалқ байрами деб эълон қилганимизнинг чуқур маъноси бор, албатта.Бу байрам аввало ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.Янги жамият бунёдкори бўлмиш янги инсонни тарбиялашда ҳозирги пайтда маҳаллаларимизда самарали фаолият олиб бораётган, бу ноёб тузилмани том маънода ўзини ўзи бошқариш идорасига айлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиларининг ижобий таъсири тобора ортиб бормоқда. Айнан ана шу инсонларнинг одамлар кўнглига йўл топиб, уларнинг дарду ташвишига шерик бўлиб, ўз вақтида бераётган амалий ёрдамлари, тўғри ва ўринли маслаҳатлари туфайли оила ва маҳалла муҳитида, бутун диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари кучайиб бораётганини эл-юртимиз юксак қадрлайди. Айниқса, ёш йигит ва қизларимизнинг мустақил ҳаётга кириб бориши, ёш оилаларнинг жамиятдан ўзига муносиб ўрин топишида бу фидойи ва меҳрибон, жонкуяр одамларнинг қанчалик муҳим роль ўйнаётганини ҳурмат билан эътироф этишимиз лозим.Жамиятимиз маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ жараёнларнинг мураккаб томони шундаки, бугунги кунда бошимиздан кечираётган ижтимоий-сиёсий тараққиёт йўлида учрайдиган жуда кўп муаммоларни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан фақат ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таяниб ҳал этишга тўғри келмоқда.Шу мақсадда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий натижаси ўлароқ, адабиёт ва санъат, маданият, матбуот соҳаси мафкуравий тазйиқдан бутунлай халос бўлганини қайд этиш жоиз. Ҳар қандай ижод намунаси, бадиий асар синфий бўлиши ва қандайдир ғояга, коммунистик мафкура манфаатларига хизмат қилиши керак, деган қарашлар бугун ўтмишга айланди. Эркин ижод учун, миллий қадриятларимиз ва бой маънавиятимизни, халқимиз тарихини, унинг бугунги сермазмун ҳаётини тўлақонли ва ҳаққоний акс эттириш учун зарур шароитлар яратилди.Бугунги кунда ўз ҳаётини ана шундай масъулиятли соҳага бағишлаган кўплаб истеъдод соҳиблари юртимизда янги ҳаёт, янги жамиятнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, комил инсонни тарбиялаш йўлида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, ҳозирги вақтда дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, «оммавий маданият»нинг зарарли таъсиридан фарзандларимизнинг онгу тафаккурини ҳимоя қилишда илму фан ва маданият жамоатчилиги, ижод аҳлининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда.Нега деганда, бизнинг миллий руҳимиз ва табиатимизга ёт ва бегона бўлган ана шундай «маданият» намуналарини фақат танқид ва инкор қилиш ёки уларни тақиқлаш билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Бундай хатарлардан ҳаётимизни асраш, маънавий бўшлиққа йўл қўймаслик учун авваламбор эзгу инсоний ғоялар ва юксак маҳорат билан яратилган асарлар орқали халқимизнинг маданий савиясини юксалтириш, бошқача айтганда, бугун жаҳон майдонида юз бераётган кескин ақл-заковат ва истеъдод мусобақасида беллашувга қодир бўлишимиз шарт.Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги пайтда ҳаётимизни электрон ахборот воситалари, хусусан, телевидение ва радиосиз умуман тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда улар бир вақтнинг ўзида ҳам ахборот майдони, ҳам ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий минбар, шу билан бирга, инсонга маданий, бадиий-эстетик озиқ берадиган ва ҳордиқ чиқарадиган макон вазифасини бажармоқда, десак, хато бўлмайди.Шу сабабли ўткир таъсир кучига эга бўлган телевидение ва радио соҳасини изчил тараққий эттириш жамиятнинг доимий эътибор марказида бўлиши табиий. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги асосий миллий теле-радиоканаллар аҳолининг холис ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, юртдошларимизнинг маданий савияси, билим ва дунёқарашини ошириш, қадимий анъаналаримиз, тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу билан бирга, фуқароларимиз онгида демократик қадриятлар, гражданлик позициясини шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида муносиб хизмат қилаётганини таъкидлаш керак.Айни вақтда ҳали бу соҳада олдимизда амалга оширишимиз зарур бўлган кўпгина мақсадлар турганини ҳам айтиш лозим. Аввало, телевидениени давлат ва жамиятимизни бамисоли бир кўприкдек боғлаб турадиган жонли мулоқот воситасига айлантириш, эфир орқали бугунги куннинг долзарб муаммоларини кўпроқ акс эттириш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, ҳар қайси инсоннинг ўз мустақил фикрини ифода этишига имкон бериш, турли ижтимоий тоифа ва гуруҳларнинг қизиқиш ва интилишлари, ҳаётий манфаатларини ёритиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.Ҳозирги даврда матбуот, оммавий ахборот воситалари шундай қудратли кучга айланмоқдаки, ўз келажагини ўйлайдиган ҳар қайси халқ ва миллат буни сезмаслиги, ҳис этмаслиги мумкин эмас.Шу сабабли ҳам оммавий ахборот воситаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, матбуот ва сўз эркинлиги принципларини амалда таъминлашга эришиш, матбуотда танқид руҳини кучайтириш биз учун энг муҳим мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда.Жаҳон миқёсида воқеалар шиддат билан кечаётган бир пайтда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, Интернетнинг беқиёс имкониятларидан кенг фойдаланишга тайёр бўлиш матбуот, ахборот ва медиа тармоқлари, жумладан, телевидение ва радио соҳасида хизмат қилишга ўзини бағишлаган, етук мутахассис бўлишга аҳд қилган ва бу соҳада ўз келажагини кўрмоқчи бўлган оммавий ахборот воситалари ходимларининг фаолият мезонига айланиши зарурлигини барчамиз яхши англаймиз.Бугунги кунда ҳар қайси матбуот ходими касб маҳоратини эгаллаш билан бирга, ўз ҳаётий принципларига ҳам эга бўлиши, ҳақиқат учун курашишга интилиши, шу йўлда қатъият ва шижоат кўрсатиши, лўнда қилиб айтганда, виждон амри билан яшашини замоннинг ўзи талаб қилмоқда.Инсонни, унинг маънавий оламини кашф этадиган яна бир қудратли восита борки, у ҳам бўлса, сўз санъати, бадиий адабиётдир. Адабиётнинг инсоншунослик деб, шоир ва ёзувчиларнинг эса инсон руҳининг муҳандислари, деб таърифланиши бежиз эмас, албатта.Халқимиз орасидан мана шу ғоят машаққатли соҳага бутун ҳаёти ва ноёб истеъдодини бағишлаб, адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарлар яратган буюк сўз санъаткорлари - уларни барчасининг номларини зикр этиш, албатта, кўп вақтни талаб қилган бўлур эди - етишиб чиққани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.Адабиёт, сўз санъати азалдан халқ қалбининг ифодачиси, ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб келади. Хусусан, мустақиллик йилларида юртимизда маънавиятимизнинг ғоят муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг эзгу меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз ҳосилини бераётгани, бадиий адабиётимиз мавзулар кўлами жиҳатидан ҳам, жанрлар нуқтаи назаридан ҳам ранг-баранг бўлиб бораётгани, адабиёт майдонида янги-янги номлар пайдо бўлаётгани китобхон халқимизни албатта қувонтиради. Буларнинг барчаси миллий тикланиш жараёнлари қалам аҳлининг ижодий изланишлари учун қандай катта уфқлар очиб берганини яна бир бор кўрсатади. Дейлик, ҳозирги пайтда тарихий мавзуни ёритишда - бу Имом Бухорий ёки Имом Термизий бўладими, Жалолиддин Мангуберди ёки Амир Темур сиймосини яратиш бўладими, олис ва яқин ўтмишимизнинг ҳали очилмаган саҳифаларини акс эттириш бўладими - буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли тасвирланган кўплаб асарлар дунёга келмоқда.Совет мафкураси ҳукмрон бўлган замонларда бу ҳақда сўз очиш, кўҳна ва бой тарихимизга бундай муносабатда бўлиш «тарихни идеаллаштириш» деб танқид қилиниб, тазйиқ ўтказиб келганини ўша даврларни бошидан кечирган, коммунистик мафкура жабрини тортган ёши улуғ адибларимиз албатта яхши эслайдилар.Ҳаммамиз яхши тушунамиз - адабиётда тарихий ҳақиқатни тиклаш билан бирга, халқимиз адибларимиздан бугунги кунимиз ҳақида, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида янги-янги асарлар кутаётгани табиийдир. Кейинги йилларда ана шундай руҳ билан йўғрилган бир қанча шеърий асарлар пайдо бўлаётганини мамуният билан таъкидлаш жоиз.Ишонамизки, ёзувчи ва драматургларимиз ҳам бугунги авлодларнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳияти, замондошларимизнинг маънавий-руҳий дунёси, ҳаётга кириб келаётган ва ҳал қилувчи кучга айланаётган ёшларимизнинг пок орзу-интилишлари ўзининг теран бадиий ифодасини топган янги асарлар билан халқимизни хушнуд этадилар.Бугунги кунда халқаро ҳамжамият сафидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган Ўзбекистонимизга, унинг тарихан қисқа даврда қўлга киритган улкан марраларига, эл-юртимизнинг маънавий илдизлари, урф-одат ва анъаналарига, бир сўз билан айтганда, ўзбек характери, ўзбек табиатига бутун дунёда қизиқиш ва ҳурмат тобора ортиб бормоқда. Табиийки, узоқ-яқиндаги хорижий дўсту биродарларимиз, жаҳон жамоатчилиги энг аввало бизнинг замонавий адабиётимиз ва санъатимиз орқали ўзларини қизиқтирадиган ана шундай саволларга жавоб топишни истайди.Кейинги йилларда миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини чет тилларга таржима қилиш ва шу асосда халқимизнинг ҳаёт тарзи ва инсоний фазилатларини кенг намойиш этиш борасида ҳам катта имкониятлар пайдо бўлмоқда. Лекин, афсуски, бу масалада биз ҳали-бери кўзга кўринадиган амалий натижаларга эриша олганимиз йўқ.Илгари ўзбек адабиётининг намуналарини бошқа тилларга таржима қилиш асосан учинчи тил, яъни рус тили орқали амалга оширилар эди. Бу борада қилинган катта ишларни муносиб баҳолаган ҳолда, эндиликда адабиётимизнинг энг етук асарларини бевосита она тилимиздан ғарб ва шарқ тилларига таржима қилишга қаратилган ишларни кучайтиришимиз зарур. Бунинг учун хорижий тилларни, адабиёт ва бадиий таржима санъатининг назарий ва амалий жиҳатларини ҳар томонлама пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш имкониятлари бизда мавжуд.Узоқ йиллар давомида ўзбек адабиётини тўғридан-тўғри она тилимиздан таржима қилиб келган чет эллик таржимонлар билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган истеъдодли ўғил-қизларимизни мана шу машаққатли, айни пайтда олижаноб ишга жалб этиш, бу масаланинг ечими билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилий-амалий вазифаларни ҳал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлур эди.Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса - миллат яшайди.Инсоннинг руҳий камолоти ҳақида гапирар эканмиз, албатта бу мақсадга мусиқа санъатисиз эришиб бўлмайди. Халқимиз ҳаётида мусиқа азалдан беқиёс ўрин тутиб келади. Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан 3 минг 300 йил муқаддам суякдан ясалган най чолғуси топилгани ҳам шундан далолат беради.Мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, энг эзгу, юксак ва нозик инсоний кечинмаларни ифода этади. Машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» китобида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида тўхталиб, «Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди», деган маълумотларни келтиради.Мустақиллик йилларида, улуғ боболаримизнинг ана шундай анъаналарини давом эттирган ҳолда, мамлакатимизда мусиқа санъатини кенг ривожлантиришга қаратилган дастур ва режалар амалга оширилмоқда. Жумладан, мумтоз мусиқий меросимизни асраб-авайлаш ва ўрганиш, уни ёш авлодларга безавол етказиш мақсадида кўплаб кўрик-танловлар, нуфузли халқаро мусиқа анжуманлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.Барчамизга аёнки, куй-қўшиққа, санъатга муҳаббат, мусиқа маданияти халқимизда болаликдан бошлаб, оила шароитида шаклланади. Уйида дутор, доира ёки бошқа чолғу асбоби бўлмаган, мусиқанинг ҳаётбахш таъсирини ўз ҳаётида сезмасдан яшайдиган одамни бизнинг юртимизда топиш қийин, десак, муболаға бўлмайди.Энг муҳими, бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда.Бу масалада айниқса ёшлар қалбини ўзига ҳар томонлама жалб этадиган эстрада санъатининг аҳамияти беқиёс эканини барчамиз яхши тушунамиз.Айтиш мумкинки, ўтган асрнинг бошларида илк намуналари пайдо бўлган ўзбек эстрадаси истиқлол йилларида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундай натижаларга эришишда миллий ва умумбашарий мусиқа санъати ютуқларини, жаҳон эстрадасининг энг яхши намуналарини ўрганиш бўйича катта имкониятлар очилгани, бу соҳа ривожига кўрсатилаётган доимий эътибор, ёш истеъдодларнинг ўзини намоён этиши учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим роль ўйнамоқда.Биз эстрада санъатининг бугунги ва эртанги ривожи ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор «миллий эстрада» деган иборанинг маъно-мазмунига алоҳида эътибор беришимиз, уни ҳар қандай бегона таъсирдан, айниқса, «оммавий маданият» руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, бир ҳолатни афсус билан айтишга тўғри келади. Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган «асар»лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий «оммавий маданият» кўринишларига тақлид қилиш, «юлдузлик» касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта.Айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани, менимча, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмас. Маданий жамоатчилигимиз, авваламбор мусиқашунос олимлар, устоз санъаткорлар, композиторлар, ёзувчи ва журналистлар, кўп сонли санъат ихлосмандлари бундай масалалар юзасидан ўз фикрини очиқ билдириб бориши, шу тариқа ёшларимизга тўғри тарбия беришимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман.Биз учун ахлоқий жиҳатдан номаъқул, миллий қадрият ва қарашларимизга ёт бўлган, лекин ҳозирги вақтда ҳаётимизга кириб бораётган мана шундай кўринишларни бамисоли юқумли касаллик деб қабул қилишимиз лозим. Ва айни шу асосда бундай хуружларнинг ўта хавфли ҳолат эканини англашимиз зарур.Нега деганда, агар инсоннинг қулоғи енгил-елпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Охир-оқибатда бундай одам «Шашмақом» сингари миллий меросимизнинг ноёб дурдоналарини ҳам, Моцарт, Бетховен, Бах ва Чайковский каби дунё тан олган буюк композиторларнинг асарларини ҳам қабул қилиши қийин бўлади.Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун санъаткорлар орасида соғлом ижодий муҳит ташкил қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий олами ва маданий савиясини юксалтириш, ёшларимизнинг миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг мумтоз асарлари билан бирга, уларнинг кайфияти ва интилишларига мос келадиган замонавий эстрада санъати намуналаридан кенг баҳраманд бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мусиқий таълимни янада ривожлантириш масалалари ўта муҳим аҳамият касб этади.Қачонки миллий маданиятимизнинг узвий қисми бўлган театр санъати хусусида сўз борар экан, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Театр - бу ибратхонадур», деб айтган фикрини эслаш ўринлидир.Бизнинг миллий театр санъатимиз тарихан жуда катта йўлни босиб ўтган бўлиб, унинг қадимий илдизлари халқ ўйин ва томошаларига бориб боғланади. Лекин ХХ асрга келиб ўзбек театр санъати янгитдан - юртимиз ва жаҳон миқёсида шаклланган, даврлар синовидан ўтиб келаётган анъана ва тажрибалар асосида вужудга келгани ва камол топганини эътироф этиш зарур. Хусусан, пойтахтимиз ва вилоят театрларида намойиш этилган дунё саҳна санъатининг мумтоз намуналари ўз вақтида нафақат юртимиз, балки чет эл томошабинларини ҳам ҳайратда қолдиргани бу фикрни исботлайди. Шу билан бирга, театр ижодкорларимиз томонидан яратилган кўплаб миллий руҳдаги саҳна асарлари хорижий мамлакатларда ҳам муваффақият билан ижро этиб келинади.Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда республикамиз театрларида турли мавзу ва жанрларда кўплаб спектакллар яратилмоқда, ўзига хос ижодий изланишлар давом этмоқда.Айни пайтда театр санъатимизда ҳам бугунги ҳаётимизни, замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини ҳар томонлама чуқур очиб берадиган, томошабинни ўзига тортадиган, ҳам драматургия, ҳам режиссура нуқтаи назаридан бадиий юксак асарлар, афсуски, кам эканини тан олишимиз лозим. Аксинча, реал ҳақиқатдан йироқ, одамга катта маънавий озиқ бермайдиган асарлар билан театрлар кассасини тўлдириш ҳолатлари кўпроқ кўзга ташланмоқда.Албатта, ҳозирги даврда бозор иқтисодиёти талабларини ҳам инобатга олиш керак. Лекин юксак бадиият ва ҳаққонийлик, эзгу мақсадларга хизмат қилиш руҳи билан суғорилган асарлар яратиш - барча санъат турлари каби бу соҳа учун ҳам асосий мезон бўлиши табиий. Бу мақсадга эришиш учун ёш ва истеъдодли драматург ва режиссёрлар, театр актёрларини тарбиялаб вояга етказиш айниқса долзарб аҳамият касб этади.Энг оммавий санъат тури бўлмиш кино соҳасини оладиган бўлсак, ўз вақтида бу борада бизда ўзига хос ижодий мактаб яратилганини мамнуният билан қайд этиш лозим.Шахсан мен ҳар сафар «Тоҳир ва Зуҳра», «Ўтган кунлар», «Сен етим эмассан», «Маҳаллада дув-дув гап» каби мумтоз фильмларимизни кўрганда бу ҳақиқатга ишонч ҳосил қиламан. Мана шундай том маънодаги миллий асарлар нафақат халқимиз маънавиятини юксалтиришга, балки унинг гўзал қадриятларини бутун дунёга танитишга ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.Кино санъатининг инсон онги ва тафаккури, жамият ҳаётига таъсири беқиёс эканини ҳисобга олган ҳолда, истиқлол йилларида миллий кинематографияни ҳам ҳар томонлама ривожлантириш, бу борада зарур моддий ва маънавий шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли янги-янги фильмлар суратга олинмоқда, улар орқали тарихимиз ва бугунги ҳаётимиз билан боғлиқ турли мавзулар ёритилмоқда. Ўзбек кинолари нуфузли халқаро фестивалларда совринли ўринларга сазовор бўлаётгани, албатта, қувонарлидир.Лекин шуни ҳам холисона айтиш керакки, ёшларнинг тарбиясига чуқур таъсир кўрсатадиган замонавий қаҳрамон образи кино экранларимизда ҳали яратилганича йўқ. Суратга олинаётган аксарият фильмларда киночиларимизнинг бугунги куннинг ҳақиқий манзараси, унинг ўткир муаммоларини чуқур ҳис эта олмаслиги, оддий одамлар ҳаётидан узоқлашиб қолгани сезилиб туради.Бунинг сабаблари ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин асосий сабаблардан бири шундаки, киносанъати соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари илгари Ўзбекистонда умуман мавжуд эмас эди. Собиқ Марказдаги кино институтларида таълим олган оз сонли ўзбек режиссёрлари ва кинодраматурглари эса, афсуски, миллий руҳ, миллий заминдан бегона бўлган мутахассислар бўлиб етишар эди ва ана шундай ҳолатнинг салбий асорати ва таъсири аксарият киноижодкорларимиз фаолиятида ҳозирга қадар сақланиб келмоқда.Шунинг учун кейинги йилларда миллий кинодраматург ва режиссёрлар тайёрлаш долзарб масала бўлиб турибди. Чунки, буни очиқ тан олишимиз керак - профессионал кино мутахассислари, хусусан, режиссёрлар, сценаристлар тайёрлайдиган том маънодаги миллий мактаб ўзимизда ҳанузгача шаклланганийўқ.Бу аҳволни тубдан ўзгартириш учун юксак бадиий маҳорат билан бир қаторда, миллий тафаккур салоҳиятига эга бўлган истеъдодли ёшларни тарбиялаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.Албатта, бу йўлда дастлабки қадамлар қўйилаётганини айтиш лозим. Масалан, Мустақиллик ва Наврўз байрамлари, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалига бағишланган асосий томоша ва тантаналарни тайёрлаш бўйича театр ва телевидение режиссёрлиги, бадиий-публицистик сценаристлик борасида улкан тажриба тўпланди. Ана шу бой тажрибаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, умумлаштириш ва шу асосда ёш ижодкорларни тарбиялаш бўйича зарур назарий ва ўқув-услубий базани шакллантириш, бугунги талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш юзасидан амалий ишларни кенг йўлга қўйиш бу муаммоларни ечиш имконини бериши шубҳасиз.Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек рассомларининг кейинги йилларда самарали ижод қилиб, янги-янги ютуқларни қўлга киритаётгани, бу соҳага кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради. Бундай ижобий ўзгаришларни монументал санъат соҳасида ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, монументал санъат деганда, аввало катта таъсир кучига эга бўлган маҳобатли ҳайкаллар ва ёдгорлик мажмуаларини тушунамиз.Ўрни келганда айтиш лозимки, собиқ совет тузуми даврида бу соҳа санъатнинг энг мафкуралашган турига айланиб қолган эди.Яхши эслайман, мафкуравий руҳдаги ана шундай санъатнинг «ёрқин намунаси» бўлган ҳайкаллардан бири ҳозирги Ўзбекистон миллий боғи ҳудудида жойлашган эски «Комсомол кўли»нинг кираверишида турар эди. Бу ҳайкал жуда баҳайбат бўлиб, унга қанча-қанча материал ишлатилган эди. Одамни ҳайрон қолдирадиган томони шундаки, бу ҳайкал нима учун, қандай мақсадда қўйилгани ва қанақа маънони англатишини кўпчилик билмас, очиғи, билишга қизиқмас ҳам эди. Минг афсуски, бундай ҳайкалларни мамлакатимизнинг олис туман ва қишлоқларида ҳам кўриш мумкин эди. Уларда кўпинча юртимизга, халқимизнинг ҳаёти ва қадриятларига мутлақо дахли бўлмаган, умри бино бўлиб Ўзбекистонга қадам босмаган зотларнинг қиёфаси акс эттирилар эди.Нафақат пойтахтда, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам шўро доҳийларининг, минг-минглаб юртдошларимизнинг умрига зомин бўлган, кейинчалик ёвуз қилмишлари бутун дунёга ошкор этилган шахсларнинг ҳайкаллари савлат тўкиб турар эди. Турли байрамлар муносабати билан ана шу ҳайкаллар пойига гуллар қўйилар эди. Лекин бу маросимлар ўта сохта ва юзаки бўлиб, одамлар бу тадбирларни чин юракдан эмас, шунчаки расмият учун адо этарди.Юртимизда маънавий тикланиш ва янгиланиш жараёнлари бошланиши билан бошқа санъат турлари каби монументал санъатда ҳам янги давр бошланди. Ушбу соҳа шу қадар нозик ва мураккабки, унда ҳар бир деталь, ҳатто энг майда бўлиб кўринган масалага ҳам жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин, лекин мен фақатгина бир мисол келтириш билан кифояланмоқчиман. Истиқлолга эришганимиздан сўнг биз тарихий адолатни қарор топтириш, халқимизнинг топталиб келган миллий ғурурини юксалтириш мақсадида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг нафақат муборак номи, бой мероси ва хотирасини, айни пайтда тарихий сиймосини ҳам тиклашга қарор қилдик.Совет даврида бу масалада ғаразли сиёсат олиб борилгани, асоссиз равишда бобомиз жаҳолат ва ёвузлик тимсоли сифатида кўрсатиб келингани бугун ҳеч кимга сир эмас. Нега деганда, мустабид тузум тарихий ҳақиқатни намоён этишдан, бизнинг миллий ўзлигимизни англашимиздан мутлақо манфаатдор эмасди.Баъзи бир миниатюра асарларини ҳисобга олмаганда, ўз вақтида Амир Темурнинг портрет-сурати чизилмаган. Лекин ушбу миниатюралар буюк Амур Темурнинг бетакрор шахсиятини ҳар томонлама тўлиқ ва ҳаққоний акс эттира олмаслигини тушуниш қийин эмас. Чунки бу расмларнинг бирида Соҳибқирон мўғулга, яна бирида ҳиндга, учинчисида бошқа бир миллат вакилига ўхшатиб тасвирланади. Шу туфайли биз унинг асл қиёфаси қандай бўлгани ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эдик. Кўпчилигимиз уни шўролар даврида антрополог-ҳайкалтарош М. Герасимов «яратган» қўрқинчли бюст орқали билардик, холос.Афсуски, тарих илмида ҳам Амир Темур ҳақида бир-бирига зид ва қарама-қарши фикрлар, чалкаш талқинлар кўп учрайди. Шунинг учун ҳам буюк аждодимизнинг портретини қадимий манбаларни ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб, тарихий-илмий ҳақиқат асосида яратиш талаб қилинар эди. Изланишлар шуни кўрсатдики, Амир Темур даврига оид баъзи ёзма ёдгорликларда у зот ҳақида етарли маълумотлар мавжуд экан.Жумладан, Амир Темур саройида етти йил яшаган машҳур тарихчи Ибн Арабшоҳ бобомизнинг сурати ва сийратини шундай тасвирлайди:«Темур баланд бўйли, тик қоматли, кенг пешонали, калласи катта, бағоят кучли ва салобатли, оқ-қизил юзли, кенг елкали, қадди-қомати келишган, серсоқол, ўнг қўли билан ўнг оёғи заҳмдор, икки кўзи бамисоли икки шамдай порлаб турадиган, йўғон овозли, улуғлиги ўзига ярашган, қатъий азму қарор билан сўзлайдиган, ҳақгўй киши эди. У зимдан қараш ва кўз ишоратларини сезадиган, идрокли, синчков, ҳар қандай ишоратдан огоҳ киши бўлиб, юз бериши мумкин бўлган ҳамма ишни олдиндан кўриб-билиб турар эди».Ўзингиз айтинг, буюк аждодимизнинг аниқ ва ҳаққоний портретини яратмоқчи бўлган мусаввир учун бундай маълумотлар бебаҳо материал бўлиб хизмат қилмайдими? Биз бу ишнинг тарих ва келажак олдидаги масъулиятини ҳар томонлама чуқур ҳис этиб, турли манбаларда қайд этилган ишончли тарихий далилларга таянган ҳолда иш тутдик.Ана шу талабдан келиб чиқиб, аввало Амир Темур портретининг бир неча хомаки вариантлари тайёрланди. Улар дастлаб тарихчи олимлар, адиб ва рассомлар, жамоатчилик вакиллари муҳокамасидан ўтказилиб, умумий хулосага келинди.Мен иштирок этган навбатдаги йиғилишда ана шундай муҳокамалардан ўтган вариант устида фикр алмашдик. Унда Амир Темур тахтда шоҳона либосларда қўлларини қилич устига қўйиб, ўйчан бир қиёфада ўтирар эди. Мен умрининг кўп қисми ҳарбий юриш ва сафарларда, эл-юрт ташвишида ўтган инсоннинг қўллари, бармоқлари, гавдаси қандай бўлиши, юз-кўзлари қандай маъно англатиши зарурлиги ҳақида ўз мулоҳаза ва таклифларимни айтдим.Шундан сўнг Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев ана шу фикрлар асосида портретни қайта ишлади ва бутунлай бошқа сиймо - бугунги кунда бутун халқимизга яхши маълум бўлган Соҳибқироннинг мумтоз қиёфаси пайдо бўлди. Айнан ана шу сиймо кейинчалик юртимизда Амир Темур бобомизга атаб барпо этилган барча ҳайкаллар учун асос бўлиб хизмат қилди.1993 йили Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ўрнатиладиган ҳайкални илк бор муҳокама қилганимиз эсимда. Ҳайкалтарошлар тақдим этган вариантда Соҳибқирон қўлига найза тутган ҳолда тасвирланган эди. Мен бунга эътироз билдириб, «Соҳибқирон бобомиз қўлида найза эмас, отнинг жиловини тутиб тургани маъқул, - деган фикрни билдирдим. - Бунинг рамзий маъноси бор. Чунки, салтанатда найза кўтарган одамлар кўп бўлган, аммо жилов Амир Темурнинг қўлида бўлган. Бу мустаҳкам давлат тизимини қўлда маҳкам тутиб туришни англатади.Шу билан бирга, буюк аждодимизнинг иккинчи қўлини баланд кўтариб, дунёдаги барча инсонларга тинчлик-омонлик, бахту саодат тилаётган аснода акс эттириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.Қолаверса, халқимизда ҳар бир иш бисмиллоҳ айтиб, ўнг қўл, ўнг оёқдан бошланади. Бу ҳайкалда эса от нима учундир чап оёқдан одим ташлаяпти».Муҳокама иштирокчилари бу фикрга қўшилишди ва ҳайкалтарошлар билдирилган фикрлар асосида янги вариантни яратишди.1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида улуғ бобомизга атаб ҳайкал ўрнатиш бўйича амалий ишлар бажарилди.Дастлабки лойиҳа ва таклифларга кўра, Самарқанддаги ҳайкал тимсолида Соҳибқироннинг авжи куч-қувватга тўлган навқиронлик палласи, яъни йигитлик даврини, Шаҳрисабздаги ҳайкал орқали эса унинг беғубор болалик ҳолатини ифодалаш мўлжалланган эди. Мен муҳокама пайтида Соҳибқирон сиймосини хронологик тарзда эмас, балки ягона, фундаментал образ сифатида тасвирлаш мақсадга мувофиқ экани ҳақида ўз фикримни билдирдим: «Амир Темур образини турли даврларга бўлмасдан, унинг фавқулодда буюк ақл-заковати, жасорати ва азму шижоатини яхлит ҳолатда мужассам ифода этиш ҳар жиҳатдан тўғри бўларди. Токи Амир Темур сиймосини ким қаерда кўрмасин, унинг мардона, улуғвор ва донишманд қиёфасини бехато таний оладиган бўлсин».Шу ўринда айтиш жоизки, Самарқанд шаҳрида ўрнатиладиган ҳайкалнинг дастлабки варианти ҳам ҳозиргидан бироз бошқача эди. Унда Соҳибқирон қўлида қилич ушлаган қиёфада тасвирланган эди. Мен бу масалага бағишланган сўнгги муҳокамаларнинг бирида бундай бадиий ечимга эътироз билдириб, «Тўғри, Амир Темур давлат бошқарувида ҳарбий кучга ҳам таянган, аммо унинг ўнта ишдан тўққизтасини кенгашу машварат билан, қолган биттасини қилич билан битирдим, деган сўзларини унутмаслик керак», деб, қилични Соҳибқироннинг ёнида, қинига солинган ҳолатда акс эттириш лозимлигини таъкидладим. Чунки шунда унинг сиймосида, мен халқимнинг ҳимояси, юртимнинг мудофааси учун ҳар лаҳзада курашга тайёрман, лекин дунёда тинчлик-барқарорлик ҳукмрон бўлишини истайман, деган ғоя ўз ифодасини топган бўлар эди.Биз кўп тортишув ва фикр алмашувлардан сўнг Соҳибқироннинг қўлларини бир-бирига қўйиб турган ҳолатини ҳам ўзгартирдик, бармоғидаги «Куч - адолатда» деган машҳур сўзлар битилган узугини бўрттириб кўрсатишга қарор қилдик. Маълумки, бу узук ва унинг кўзидаги ҳикматли ибора Амир Темурни бутун дунёга машҳур қилган. Бу шиорда бобокалонимизнинг ҳаётий эътиқоди теран акс этган. Шунинг учун узукни тасвирлашга албатта эътибор қаратиш керак, деган хулосага келдик.Ушбу муҳташам ҳайкалларни минг-минглаб юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар кўриши, улардан завқланиши, фахрланиши, бизнинг кимлигимиз, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни айнан шундай асарлар орқали ҳис этишини ҳисобга олиб, мен, Соҳибқироннинг юзидан нур ёғилиб туриши керак, деган мазмундаги фикрни билдирдим.Бугунги кунда пойтахтимизнинг Амир Темур хиёбонига, Самарқанддаги Кўксарой, Шаҳрисабздаги Оқсарой майдонига хоҳ эрта тонгда, хоҳ кечқурун -қачонки бориб қараманг, чиндан ҳам Соҳибқирон сиймосида доимо нур жилваланиб турганини кўришингиз мумкин.Биз ана шундай изланиш ва тажрибалар асосида кейинчалик Фарғона шаҳрида - Аҳмад Фарғоний, Урганчда - Муҳаммад Мусо Хоразмий ва Жалолиддин Мангуберди, Навоий шаҳрида - Алишер Навоий, пойтахтимизда -Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Зулфия сингари алломаларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз ҳайкалларини, Термиз шаҳрида Алпомиш, Қарши шаҳрида эса «Эл-юрт таянчи» ва бошқа ўнлаб монументал санъат асарларини барпо этишга муяссар бўлдик.Айниқса, кейинги йилларда таниб бўлмас даражада ўзгариб, янгича қиёфа касб этиб бораётган азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида - Мустақиллик ва Хотира майдонларида замонавий монументал санъатимизнинг ноёб намунаси сифатида тан олинган Мустақиллик ва эзгулик монументини, Мотамсаро она ҳайкалини бунёд этганимиз барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Мен ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, замонлар ўзгаради, лекин ўзининг маъноси ва қиёфаси билан бир-бирини тўлдирадиган бу икки ёдгорлик мажмуаси нодир ва ўлмас бадиий обида сифатида халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб қолади.Бизнинг монументал санъат соҳасида амалга оширган яна бир улкан ишимиз табаррук заминимизда туғилиб вояга етган ва мангу ором топган буюк азиз-авлиёларимиз хотирасига ёдгорлик мажмуалари барпо этганимизда намоён бўлди. Жумладан, Бухорода Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, Самарқандда Имом Бухорий ва Имом Мотуридий, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний, Тошкент шаҳрида Ҳазрати Имом сингари ёдгорлик мажмуаларини яратдик. Халқимиз ҳаётида чуқур из қолдирган, бугунги кунда том маънода муқаддас зиёратгоҳларга айланган бундай мажмуалар маънавий оламимизни юксалтиришга улкан ҳисса бўлиб қўшилди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.Айни пайтда юртимизда монументал санъат соҳасини ривожлантириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турганини таъкидлаш лозим. Хусусан, бу соҳада ҳам замонавий ижодий мактаб яратиш, шу мақсадда кенг миқёсда фикрлайдиган, қадимий тарихимиз, миллий табиатимизни чуқур биладиган, ўзи яратаётган образнинг барча хусусиятларини авваламбор юрагидан, қалбидан ўтказиб ижод қилишга қодир бўлган етук ҳайкалтарош ва меъморларни тарбиялаш долзарб масала бўлиб турибди.Ёшларнинг маънавий оламини болаликдан бошлаб эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтириш ҳақида гап борар экан, яна бир муҳим масала хусусида тўхталиб ўтиш ўринли, деб ўйлайман. У ҳам бўлса, дунёга ҳайрат кўзи билан боқиб, ундан ўзича маъно топишга интиладиган мурғак фарзандларимизнинг қизиқиши ва ҳиссиётларига мос қўғирчоқ ва ўйинчоқлар ишлаб чиқариш масаласидир.Бир қараганда, бу муаммо арзимас нарса бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ҳар қайси гўдак илк бор оламни ўз атрофидаги ашё ва буюмлар, жумладан, ўйинчоқлар орқали англашини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг инсон тарбиясидаги ўрни беқиёс экани аён бўлади. Ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсгани билан белгиланади.Афсуски, ҳозирги вақтда фарзандларимиз кўпинча хорижда ишлаб чиқарилган, бизнинг миллий табиатимиздан узоқ бўлган ўйинчоқ ва қўғирчоқларни ўйнаб улғаймоқда.Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик тўйи муносабати билан бу ерда халқ амалий санъати вакиллари билан учрашганимда, улар орасида миллий қўғирчоқлар тайёрлаш билан шуғулланадиган бир аёлнинг ажойиб ишлари эътиборимни ўзига тортган эди. Мана шундай фидойи инсонлар юртимизда кўплаб топилади, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш маънавий тарбия масаласига, айни вақтда миллий ҳунармандчиликнинг бу ноёб турини ривожлантиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатган бўлур эди.Бу масалада иш олиб борадиган инсонлар нафақат педагог, психолог ёки дизайнер бўлиши, шу билан бирга, тарихимиз ва маданиятимизни ҳар томонлама чуқур билиши керак. Шу маънода, ўйинчоқ ва қўғирчоқларга тарихимиздаги ибратли қаҳрамонлар, халқимизнинг бой ва бетакрор эстетик дунёсини акс эттирадиган персонажлар, миллий қадриятларимиз асос қилиб олинса, мақсадга мувофиқ бўлур эди, деб ўйлайман.Санъат ва маданиятдек қудратли куч орқали инсон қалбига йўл топиш ҳақида сўз юритар эканмиз, ҳаммамиз яхши тушунамизки, ҳар қайси истеъдод эгаси ўзига хос бир олам, шу сабабли ижод аҳлига қандайдир ақл ўргатиш, энг асосийси, уларни бошқаришга уриниш мумкин эмас. Лекин бу ҳаётда уларни бирлаштирадиган, янги ижодий марралар сари илҳомлантирадиган муқаддас тушунчалар борки, улар Ватан ва халқ манфаати, эзгулик ва инсонийлик тамойиллари билан узвий боғлиқдир. Агарки ҳар қайси ижодкор ўз асарларида ана шу ўлмас ғояларни бош мақсад қилиб қўйса, уларни бадиий маҳорат билан ифода эта олса, ҳеч шубҳасиз, адабиёт ҳам, маданият ва санъат ҳам том маънода маънавий юксалишга хизмат қилиб, ўзининг ижтимоий вазифасини тўлиқ адо этишга эришган бўлади. Энг буюк жасорат Буюк цивилизация ва маданият бешиги бўлган, кўҳна ва ҳайратомуз тарихни ўзида мужассам этган Ватанимиздаги бебаҳо ёдгорликлар, осори атиқалар ҳақида сўз юритар эканмиз, шу заминда яшаётган барча инсонлар уларни аввало халқимиз даҳосининг ёрқин намунаси, таъбир жоиз бўлса, унинг юксак маънавиятига қўйилган муаззам ҳайкаллар деб қабул қилади.Ер юзидаги барча ўлмас обидалар, инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган жамики улуғ кашфиёт ва ихтиролар, мумтоз санъат ва адабиёт дурдоналари, мардлик ва қаҳрамонлик намуналари одамзотнинг ақл-тафаккури, салоҳияти ва маънавий жасорати маҳсулидир. Шунинг учун ҳам бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат -бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз.Жаҳон тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қалбида, юрагида ана шундай жасорат ҳисси ниҳоятда кучли бўлган инсонлар ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам адолат ва ҳақиқат йўлида ўзини аямай, эл-юрт учун, Ватан учун қандай ибратли ишларни амалга оширганини кўриш мумкин. Айнан ана шундай одамларнинг маънавий фазилатлари туфайли эзгу ҳис-туйғулар, муқаддас ва улуғ тушунчалар дунёда ҳануз барқарор бўлиб келмоқда. Бундай беназир зотларнинг барча халқлар ва миллатлар орасида кўплаб топилиши - маънавий жасорат туйғуси бутун башариятга хос хусусият эканидан далолат беради.Масалан, неча асрлардан буён юксак тафаккур ва ақл-заковат тимсоли бўлиб келаётган антик даврга мансуб юнон файласуфи Платоннинг ҳаёт йўлини ўзимизга бир тасаввур қилиб кўрайлик. Маълумки, Платон бутун умрини илму маърифатга бағишлаган улуғ донишманд - Сократнинг муносиб шогирди эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Сократнинг ўлимидан кейин юнон фалсафасининг тақдири хавф остида қолади.Фақатгина Платоннинг фидоийлиги ва беқиёс хизматлари эвазига бу фан янги босқичга кўтарилади. Унинг қанчадан-қанча қийинчилик, сарсон-саргардонликдан сўнг бор мол-мулкини сарфлаб, Афина шаҳри яқинидан махсус ер сотиб олиб, олимлар тўпланиб, баҳс-мунозара олиб борадиган жой -академия ташкил этиши чинакам маънавий жасорат намунаси эди. Платон асос солган бу илмий маскан минг йил давомида нафақат юнон, балки бутун Шарқу Ғарб оламининг ривожига кучли таъсир ўтказади, инсоният тафаккур тараққиётининг истиқболини белгилаб беради. Шу боис ҳам Платон Шарқ илм-фанида «устоди аввал», яъни биринчи муаллим деган шарафли ном билан шуҳрат қозонади.Бундай мисолларни юртимиз заминидан етишиб чиққан, Бағдоддаги «Байтул-ҳикма» ва Хоразм Маъмун академиясида фаолият олиб борган, илм-фан соҳасидаги тенгсиз кашфиётлари, маънавий жасорати билан тарихда ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир аждодларимиз ҳақида ҳам кўплаб келтириш мумкин.Хусусан, Хоразм Маъмун академияси фаолиятини оладиган бўлсак, бу мўътабар илмий масканда Шарқ ва Ғарб ўлкаларидан келган, турли миллат ва динга мансуб бўлган олимлар фаолият кўрсатган бўлса-да, унинг негизини Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби мана шу бизнинг минтақамизда туғилиб, камол топган етук алломалар ташкил этгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.Улкан маънавий жасорат соҳиблари бўлган бундай аллома зотлар дунёнинг қаерида яшамасин, эзгулик ва маърифат йўлида доимо одамларга ибрат бўлиб келган. Чунончи, ўрта асрларда астрономия соҳасидаги илмий кашфиётлари учун тазйиқ ва таъқибларга учраган Николай Коперник ҳамда кейинчалик унинг изидан бориб, жоҳил ва ақидапараст руҳонийлар томонидан ўтга ташланган Жордано Бруно, қанчадан-қанча таъна ва маломатларга гирифтор этилган Галилео Галилей каби алломаларнинг жасоратида ҳам ҳақиқатга садоқат, эътиқод учун курашнинг ёрқин намунаси яққол намоён бўлганини кўрамиз.XX аср тарихида ҳам бундай улуғ сиймоларни кўплаб учратиш мумкин. Масалан, Ҳиндистон миллий озодлик курашининг етакчиси бўлиб майдонга чиққан, халқ орасида «Маҳатма», яъни буюк қалб эгаси деб шуҳрат қозонган улкан мутафаккир ва давлат арбоби Маҳатма Ганди ана шундай шахслардан бири эди. У асос солган гандизм таълимотида ҳинд халқининг дилига беҳад яқин бўлган ғоя ва тушунчалар мужассам топган. Айниқса, ўз юртини мустамлакачилардан озод қилиш, ягона Ҳиндистон бирлиги, мустақил давлат барпо этиш масаласи Маҳатма Ганди ҳаёти ва фаолиятининг маъно-мазмунини ташкил этади.Бутун умр оддий ва камтарона, лекин эзгу ғоялар йўлида тинимсиз курашиб яшаган бу зотнинг фалсафий-сиёсий қарашларида инсоният учун ибратли жиҳатлар кўп. Жумладан, унинг турли муаммо ва зиддиятларни куч ишлатмасдан, тинч йўл билан ҳал қилишга оид фикрлари дунё давлатлари ўртасидаги муносабатларда, ижтимоий ҳамкорлик масаласида бугун ҳам ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмасдан келмоқда.Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, халқимиз тарихнинг ҳар қандай тўфон ва суронларига қарамасдан, миллий ўзлиги ва азалий қадриятларини сақлаб қолиб, бугунги дориломон замонларга безавол етиб келишида унинг қон-қони, суяк-суягида бўлган маънавий жасорат туйғуси, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи таъсир ўтказиб келмоқда.Чунки, ўзбек халқи дунё майдонида куни кеча тасодифан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Биз - бой тарих, юксак маданият, буюк маънавият ворисларимиз. Қадимий тарихимизни ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келиш мумкинки, энг қалтис ва таҳликали даврларда миллатимизга умид ва ишонч берган, уни ёвларга қарши курашга ундаган, аждодларимизни илмий кашфиётлар, ҳарбий зафарларга, маърифат машъалини баланд кўтариб жаҳолатга қарши чиқишга чорлаган беқиёс куч ҳам айнан маънавий жасорат туйғусидир.Шу нуқтаи назардан қараганда, Урганчни босқинчилардан ҳимоя қилишда байроқ тутиб жон берган Нажмиддин Кубронинг қаҳрамонлигида, дунёни тўфондек босган Чингизхон қўшинига қарши ўн бир йил муттасил мардона кураш олиб борган Жалолиддин Мангубердининг жанговар руҳида, юртимизни истилочилардан озод қилиб, буюк давлат барпо этган Амир Темур бобомизнинг бунёдкорлик салоҳиятида ҳам маънавий жасорат туйғуси буюк ва устувор аҳамият касб этгани шубҳасиз, албатта.Ўтган аср бошларида, тарихимизнинг оғир ва мураккаб даврида майдонга чиққан жадид боболаримизнинг фидоийлиги замирида ҳам ана шундай жасорат намунаси мужассам эди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.Менинг назаримда, авваламбор Яратганимизнинг ўзи ҳар бир мавжудотга жасорат кўрсатиш имконини беради ва онг-тафаккур соҳиби бўлган инсонлар бундан ибрат олиб яшайди. Мисол учун, эрта баҳорда табиатнинг қандай уйғонишига эътибор беринг - тош қотиб ухлаб ётган дарахт новдаларига бир кечада жон кириб, куртак чиқара бошлайди, ерга ташланган уруғ тупроқни ёриб чиқади. Ҳатто бир қарашда ҳаёт аломати йўқдек туюладиган тоғу тошларда ҳам ям-яшил майсалар кўкаради, қирмизи лолалар алвон гиламдек очила бошлайди. Буларнинг барчаси табиат бағридаги кўзга кўринмас мислсиз қудрат -энергиянинг ажиб бир тарзда намоён бўлиши билан боғлиқдир.Еру кўкдаги бундай буюк ўзгаришларни сезиш, ҳис қилиш ва улардан сабоқ чиқариш, ўрнак олиш учун одамзот ўзининг ён-атрофига уйғоқ нигоҳ, қалб кўзи билан қараши лозим, деб ўйлайман. Шундагина ҳаётнинг маъноси тинимсиз кураш, қийинчиликларни енгиб ўтиш, бир сўз билан айтганда, доимий жасорат, азму шижоат билан яшашдан иборат экани аён бўлади.Ҳақиқатан ҳам, табиат ва тарих қонунларини, унинг тараққиёт жараёнларини чуқур тушунадиган одамгина ўз ҳаётини маънавий жасорат асосига қуришга қодир бўлади. Шу маънода, шахсан мен заҳматкаш ва бунёдкор халқимизнинг ҳаётини, айниқса қиш қаҳратони ва ёз жазирамасида ҳам, баҳор ва кузнинг ёғин-сочинли кунларида ҳам ердан ризқ ундириш мақсадида кунни кунга, тунни тунга улаб меҳнат қиладиган деҳқонларимиз ҳаётини том маънода жасорат намунаси, деб биламан.Кўпчилик қаторида, фақат вазият тақозо этган тақдирда майдонга отилиб чиқиш, қаҳрамонлик кўрсатиш - албатта, бу ҳам осон эмас. Бунинг учун ҳам инсонда катта юрак, ғайрат-шижоат, энг муҳими, ўзига, ўзининг куч-қудратига мустаҳкам ишонч бўлиши керак.Лекин менга буюрса, ҳар куни, ҳар соатда фидоий бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш - ҳақиқий қаҳрамонлик аслида мана шу, деб айтган бўлар эдим.Нега деганда, кундалик ҳаётда жонкуяр бўлиш, ҳар куни фидоийлик кўрсатиш, руҳан ҳеч қачон букилмай, бу фазилатни ҳаёт қоидаси даражасига кўтариш, очиқ айтиш лозимки, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун инсонга буюк қалб ва метин ирода керак, десам, ўйлайманки, янглишмаган бўламан.Мен ўз ҳаётим, иш фаолиятим давомида маънавий жасорат соҳиби бўлган, ҳар томонлама етук шахслар билан мулоқотда бўлганим, замондош бўлиб яшаганимдан доимо фахрланиб юраман.Ана шундай ватандошларимиздан бири машҳур археологик олим, академик Яҳё Ғуломов эди. Ўз даврининг фидойи алломаси бўлган бу инсонни мен яхши билардим. У ўзининг мустақил фикрига эга, керак бўлса, юқори лавозим эгаларига ёқмайдиган тўғри гапларни ҳам дадил айта оладиган улкан олим эди.Тарихчилар яхши билади, одатда тепаликлар қаърида тарихий обидалар, бутун бир шаҳар қолдиқлари ястанган бўлади. Шўро даврида, фақат томлардагина пахта экилмай қолган бир пайтда ана шундай қадимий тепаликларни ҳам текислаб, пахта даласига айлантиришдек бемаъни сиёсат авж олган эди. Бундай номаъқул ишга жасур олим Яҳё Ғуломов қарши чиққанини мен яхши эслайман. Унинг ана шу фазилати туфайли тазйиқ кўрганини ҳам эшитганман. Лекин бу инсон ўзининг қалбидаги маънавий жасорат ҳисси туфайли ҳаётий ва илмий қарашларида собит турганини маданий жамоатчилигимиз яхши билади.Мен ўйлайманки, адолатни ҳамма нарсадан устун деб биладиган, тарих ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис этадиган, ҳақиқий ватанпарвар одамгина шундай мардликка қодир бўлади.Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен ана шундай фидойи инсонлар қаторига қўшган бўлардим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди.Лекин бу мураккаб ҳаёт қалби ўз халқи ва Ватанига меҳр-муҳаббат билан тўлиб-тошган, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган бу аёлни ҳамма вақт ҳам аягани йўқ. Аслида, бу дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби барчанинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир.Мен билган ва ҳурмат қиладиган маънавий жасорат соҳибларидан яна бири атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов эди.Бу ажойиб инсоннинг номини кўпдан буён эшитиб юрган бўлсам-да, мен у киши билан истиқлол йилларида яқиндан танишдим. Унинг фақатгина илмий-педагогик фаолият билан чекланиб қолмасдан, ижтимоий-маънавий соҳада ҳам беқиёс фаоллик кўрсатгани олимга бўлган ҳурматимни янада зиёда қилди.Кўплаб юртдошларимиз қаторида мен ҳам айниқса Озод аканинг иродаси қандай бақувват эканига, унинг қалб жасоратига қойил қолганман.1997 йилнинг ёз ойларида қанд касаллиги зўрайиб, домла оғир операцияни бошидан ўтказади, врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир оёғини кесишга мажбур бўлади. Аммо бу одам шунчалик матонатли эканки, шунда ҳам тушкунликка тушмади, илмий ва ижодий фаолиятдан бир зум бўлсин тўхтамади.Кейинчалик касаллик янада кучайиб, Озод ака иккинчи оёғидан ҳам жудо бўлди. Бу ҳам етмагандек, кўриш қуввати ҳам ниҳоятда заифлашиб қолади. Домланинг ҳаётини сақлаб қолиш, соғлиғини тиклаш учун барчамиз кўп саъй-ҳаракат қилдик, ҳатто хориждан ҳам шифокорлар таклиф этдик.Ана шундай оғир шароитда ҳам бу инсон «Жаҳон адабиёти» журналининг бош муҳаррири сифатида ўз бурчига, эътиқодига содиқ қолиб, лупа ёрдамида журнал материалларини таҳрир қилиб бориш билан бирга, қирқдан ортиқ йирик роман ва қиссаларни ўзбек тилига таржима қилгани, албатта, ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга солиши табиий. Озод ака бу билан ҳам кифояланмасдан, республикамиздаги матбуот нашрларида, радио-телевидениеда, турли тадбир ва анжуманларда миллий маънавиятимизнинг ўзига хос жиҳатлари, буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси, мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ҳақида кўплаб чиқишлар қилди. Ўнга яқин салмоқли китоблар ёзди.Ҳаётининг аксарият қисми шифокорлар назоратида, оғир, тинкани қуритадиган муолажалар остида ўтадиган одамнинг шундай улкан жасорат кўрсатиб яшагани, эҳтимол, кимгадир афсона бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бу кишининг соғлиғи ва кайфиятидан доимо хабардор бўлиб, бу йўлда қўлидан келган ёрдамни аямаган барча инсонлар бунинг афсона эмас, ҳақиқат эканини, бизнинг орамизда бутун борлиғини маънавият ва маърифатга бағишлаган ана шундай мард ва жасур бир шахс яшаб ўтганини яхши билади.Озод Шарафиддинов мамлакатимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги буюк хизматлари учун ҳақли равишда давлатимизнинг олий мукофоти -«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади, албатта.Ўйлайманки, ўзини ўзбек халқининг фарзанди деган ҳар қайси инсон ана шундай фидойи юртдошларимиз билан чексиз фахрланади, униб-ўсиб келаётган болалари, шогирдларига маънавий жасорат тимсоли сифатида айнан мана шундай одамларни намуна қилиб кўрсатади. Ва ҳеч шубҳасиз, умр бўйи эл-юрт манфаати, Ватан истиқболи учун курашиб яшайдиган шундай қаҳрамон фарзандлари бор халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.Мухтасар қилиб айтганда, олис ва яқин тарихимиз шуни кўрсатадики, халқимиз доимо маънавий жасорат ҳисси билан яшаган ва бу улуғ туйғу унинг ҳаётида йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора кучайиб, юксалиб бормоқда. Чунки халқ маънавияти шундай бир буюк уммонки, ҳар қайси авлод ундан куч-қудрат, ғайрат ва илҳом олиб, ўзининг нақадар улкан ишларга қодир эканини намоён этади.Шу маънода, 1991 йил 31 август санасида қўлга киритилган миллий мустақиллик - ХХ асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунасидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Хотима Маънавиятнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимизга якун ясар эканмиз, авваламбор, шуни чуқур англаб олишимиз даркорки, маънавий юксалишга эришиш - бу бир йиллик ёки беш-ўн йиллик иш эмас. Халқ, миллат ўз миллий маънавиятини йиллар, асрлар давомида юксалтириб, бойитиб боради. Чунки маънавият қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас, аксинча, доимий ҳаракатдаги узлуксиз жараён бўлиб, тараққиёт давом этар экан, унинг шиддатли юриши туфайли маънавий ҳаёт олдига қўйиладиган талаблар ҳам муттасил пайдо бўлаверади.Яъни, мамлакатимиз тараққиёт пиллапоясидан янги-янги чўққилар сари қадам қўяр экан, биз яшаётган замон суръатлари шиддат билан тезлашиб, олдимизда яна қанча муаммо ва машаққатлар пайдо бўлар экан, табиийки, маънавий ҳаётимиз ҳам ана шу синовларда тобланиб, юксалиб, жамиятимиз, миллатимизнинг ёруғ ва соғлом келажагини ҳар қандай таҳдид ва тўфонлардан -давр ўзгариши билан уларнинг кўриниши ва шакли ўзгаришига қарамасдан -безавол сақлаш ва асраб қолишга қодир бўлиши даркор.Ана шу фикр ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда, «Биз киммиз?» деган саволга жавоб бермасдан туриб, энг муҳими, маънавий бойликни, маънавиятни юксалтиришга доимий интилмасдан туриб биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш мумкин эмас, десам, қалбимдан чуқур жой олган фикрни айтган бўламан.Бугунги кунда маънавият дунёсига нисбатан мавжуд бўлган хавф-хатарлардан албатта кўз юмиб бўлмайди, лекин бизнинг ишончимиз комилки, халқимиз тарихнинг мураккаб жараёнларида иродаси чиниқиб, ҳар қандай ҳужум ва тазйиқларга қарамасдан, маънавий олами кучайиб ва юксалиб бораётгани, бизни кўролмайдиган кучлар ҳам бу ҳақиқатни тан олаётганини мамнуният билан қайд этамиз.Чунки халқ - бамисоли улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвон. Уни йўлдан чалғитишга уринувчилар, пайт пойлаб орқасидан ҳамла қилувчилар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Карвон бехатар бўлмас, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо халқ карвонини ҳеч қандай куч ортга қайтаролмайди. Нега деганда, халқнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч - маънавият бор.Барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган томони шундаки, бизнинг эзгу интилишларимиз замирида ҳам ана шундай пок ният, буюк ишонч мужассам. Аниқ мақсад йўлидаги бунёдкорлик ишларимиз амалий натижалар бера бошлаган, кўзлаган режаларимиз босқичма-босқич рўёбга чиқиб, дунё ҳамжамиятидан ўзимизга муносиб ўрин эгаллаб бораётган ҳозирги кунда халқимиз, миллатимиз қалбидаги ана шу ишонч янада мустаҳкамланмоқда.Шу боис мен шонли тарихига садоқат билан қараб, бугунги озод ҳаётини қадрлаб, ўз келажагига катта умид билан интилаётган халқимизнинг донишмандлиги ва матонати, унинг иймон-эътиқоди, мустаҳкам иродаси ва юксак маънавий руҳи доимо барқарор яшайди, деб ишонаман. Ислом Каримов |
Маънавият ва маърифат маркази ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ЭТИКЕТИ Тошкент-2010 Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ЭТИКЕТИ Тошкент-2010 Тузувчи: Подполковник Икром ХИКМАТОВ Илмий муҳаррирлар: Тоҳир ҲАМРОҚУЛОВ Убайдулла ОЛТИНОВ Нашр учун масъул муҳаррир: Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ Тақризчилар: Сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Мансур БЕКМУРАДОВ, психология фанлари доктори, профессор Васила КАРИМОВА Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий маҳоратини ошириш, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар қандай машаққатли синовдан шараф билан чиқиш, аввало ҳарбийлардан нафақат жисмоний тайёргарликни, балки энг замонавий, мураккаб техниканинг сир асрорини пухта эгаллаши баробарида, юксак ақл-идрок интеллектуал салоҳият, алоҳида руҳий-маънавий хусусият ва юксак аҳлоқий фазилатларга эга бўлишликни талаб этади. Шу маънода миллий армиямизда соғлом муҳитни яратиш таълим-тарбия ишларига алоҳида эътибор бериш, ҳарбий тайёргарлик, шунингдек, назарий ва амалий машғулотлар жараёнида ҳарбийларимиз қалби ва онгига юксак маънавиятлилик фазилатларини сингдириб бориш бугунги куннинг энг долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифаларидан бири ҳисобланади. Маънавий жасорат – энг буюк жасоратдир. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридаги ушбу шиори барчамизнинг ҳаётимиз мазмунига айланмоғи зарур. Мазкур рисолада бугун ҳарбий ҳизматчларга қўйилаётган аҳлоқий талаблар. Замонавий ҳарбий хизматчи қандай бўлмоғи керак? Ҳарбий хизматчининг аҳлоқи ва маданияти хақида сўз юритилади. Ҳарбий либос кийган киши борки, у ҳамиша жамоатчиликнинг диққат – эътиборида бўлиши хеч кимга сир эмас. Шундай экан биз ватанимиз поспонлари бўлмиш ҳарбий хизматчиларга бўлган юксак ҳурмат эътиборни заррача бўлсада туширмаслигимиз, аксинча уни юксакларга кўтармоғимиз зарур. Шунинг учун ҳам уларнинг юриш-туриши одоб-аҳлоқи масалаларида баьзи бир қоидаларни пухта билиш ҳарбий хизматчилар учун жуда фойдалидир. Албатта бунда хоҳиш-истакнинг ўзигина етарли эмас, балки ҳар бир муайян давраларда ўзини муносиб тутиш, муомала қоидаларини қатъий ўзлаштириш, уларни амалда қўллай билиш зарурият ҳисобланади. Ҳарбийларга хос одоб-ахлоқ талабларини чуқур ўрганиш ва унга қатъий амал қилиш, ҳар бир ҳарбий хизматчига бу борада кўникма ва малака ҳосил қилишга, ҳаётда тез-тез учраб турадиган муаммоли вазиятлардан осон қутилишига замин яратиб бериш билан бир қаторда шахснинг жамиятдаги муносиб ўрнини эгаллашига хам асос бўлиб хизмат қилади. Сизларга тақдим этилаётган мазкур қўлланма айнан мана шундай муаммоларни очиб беришга қаратилган бўлиб, барча қизиқувчилар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек армиямиз сафида хизмат қилишга тайёргарлик кўраётган ёшлар учун мўлжалланган. ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ЭТИКЕТИ «Бутун жамият ва унинг ҳар бир аъзосини ҳамиша, ҳар қандай вазиятда ҳурмат қилиш, ўзи билан тенг мавқеда кўриш этикетнинг олтин қоидасидир» Кириш. Мамлакатимизда юз бераётган барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, ҳамда маданий ўзгаришлар, бир томондан инсонни ўзгартириш ва ривожлантириш учун объектив шарт – шароитларни вужудга келтираётган бўлса, иккинчи томондан, қурилаётган одил, ҳуқуқий демократик жамият учун ҳар томонлама ва чуқур билимга эга, жисмонан соғлом, ахлоқан пок, маънавий етук инсонларга бўлган эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони И. А. Каримов ўзининг “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” номли асарида шундай деган эди: “Давлат қурилиши, иқтисодий ривожланиш жараёнлари маънавий камолот, юксак ахлоқлик билан тўла турғун бўлмоғи керак. Биз ўз сиёсатимизни шунга мослаб қурамиз ва уни изчиллик билан рўёбга чиқарамиз”. Шундай экан, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини, унинг келгусидаги тараққиётини ватанпарвар, иймон-эътиқодли, меҳр-оқибатли, ўз касбини севувчи, юксак касбий маҳоратга ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган юксак маданиятли кишиларсиз тасаввур қилиш қийин. Буюк келажагимизнинг бунёдкорлари ва эгаларини тарбиялашдек масъулиятли масаланинг ҳал этилиши, биринчи навбатда барча тоифадаги мансабдор шахслар, айниқса, миллий армиямиз таянчи бўлган сержант ва офицерларнинг қўл остидагиларнинг маданиятини юксалтириш йўналишидаги таълим-тарбия ишларини такомиллаштиришга, ўз сафларида сиёсий жиҳатдан етук, ахлоқан пок, маънавий етук, касбига садоқатли, юксак касбий маҳорат ва кучли матонатга эга, ҳар қандай шароитда ҳам Ватани ва сафдошлари учун жонини фидо қила оладиган ҳамда ҳарбий хизматнинг барча мураккабликларига бардош бера оладиган ҳарбий хизматчилар билан Қуролли Кучларимиз сафини янада тўлдиришни талаб қилади. Ҳарбий хизматчининг аҳлоқ– маданияти Ҳарбий хизматчининг аҳлоқи ва маданияти – ҳарбий либос кийган киши борки, у ҳамиша жамоатчиликнинг диққат – эътиборида бўлади. Шунинг учун ҳам уларнинг юриш-туриши одоб-аҳлоқи масалаларида баьзи бир қоидаларни пухта билиш ҳарбий хизматчилар учун жуда фойдалидир. Албатта бунда хоҳиш-истакнинг ўзигина етарли эмас, балки ҳар бир муайян давраларда ўзини муносиб тутиш, муомала қоидаларини қатъий ўзлаштириш, уларни амалда қўллай билиш зарурият ҳисобланади. Ҳарбийларга хос одоб-ахлоқ талабларини чуқур ўрганиш ва унга қатъий амал қилиш, ҳар бир ҳарбий хизматчига бу борада кўникма ва малака ҳосил қилишга, ҳаётда тез-тез учраб турадиган муаммоли вазиятлардан осон қутилишига замин яратиб бериш билан бир қаторда шахснинг жамиятдаги муносиб ўрнини эгаллашига хам асос бўлиб хизмат қилади. «Ахлоқ – маънавиятнинг ўзаги. Инсон ахлоқи шунчаки салом-алик, хушмуомалаликдангина иборат эмас. Ахлоқ бу, аввало, инсоф ва адолат туйғуси, иймон, халоллик дегани», дейди Президентимиз бу борада. Ахлоқ – инсоният камолоти сарчашмаси бўлиб, ҳар бир инсон у орқали ўзининг жамиятдаги ўрнини англайди, ҳаётининг мазмунини белгилаб олади. Чунки ахлоқий фаолият шахснинг шахс сифатида шаклланиши, камол топишига сабаб бўлади. Инсоннинг ахлоқи унинг онги, билими ва бадиий дидига бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам ахлоқ масалалари қадим-қадимдан донишмандлар, жамоат ва давлат арбобларининг, қолаверса, давлатларнинг диққат марказида бўлиб келган. Чунки ахлоқий муносабатларни тўғри йўлга қўймасдан, ахлоқ маданиятини шакллантирмасдан туриб, ҳарбий интизом ва ҳуқуқий тартибни ўрнатиб бўлмайди. Шу боис ҳам бу ҳозирги кунда давлатимиз олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ҳарбий хизматчилар касбий маҳоратини, интеллектуал салоҳиятини ва ватанпарварлигини юксалтириш, умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш уларнинг оғишмай бажарилишини таъминлашга барчамиз бурчлимиз. Ахлоқ – умуминсоний маданиятнинг бир қисми хисобланиб, ўзига хос хусусиятларга эга. У энг аввало, кишининг жамоат жойларида ўзини қандай тутиш нормаларини белгилайди. Юриш - туриш, саломлашиш, суҳбатлашиш ва бошқа одоб қоидаларини ўз ичига олади. «Ахлоқ» - арабча сўздан олинган бўлиб, шахс ҳаёти ва фаолиятини бошқарадиган ва тартибга соладиган муайян хулқ-атвор, одоб, ҳатти-ҳаракат тамойиллари ва меъёрларини ифодалайди ва шахснинг турли вазиятларда қандай ҳатти-харакат қилиш, ўзаро муносабат тартибларини белгилайди. Ахлоқни бир неча турларга ажратиш мумкин, масалан: Дипломатия ахлоқи. Бу асосан расмий хизмат вакилининг турли сиёсий – ижтимоий мунозараларда, учрашув ва зиёфатларда маданий ҳатти-ҳаракатини ўз ичига олади. Оммавий ахлоқ эса жамият кишиларининг барча қатламларига тегишли бўлиб, миллий умуминсоний қадриятларга, анъаналарга таянган ҳолда, фуқароларнинг ўзаро муносабатини тартибга солади. Ҳарбийларга хос ахлоқ ҳақида гап кетганда, ҳарбий хизматчиларнинг рисоладагидек ҳатти – ҳаракатлари, ўзаро мулоқот маданияти тушунилади. Ҳарбий ахлоқ Қуролли Кучлар анъаналарига, энг аввало, ҳарбий Низом талабларига таянади ва у ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатини, бир-бирига мурожаат қилиш қоидаларини кундалик ҳарбий ҳаёт мезонини белгилайди. Қайд этиш жоизки, кенг жамоатчилик аксарият ҳолларда кўча-куйда ҳарбийларнинг ташқи қиёфасига, юриш-туришига, ўзини тутишига қараб бугунги кунда Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган аскар, сержант ва офицерларимизга баҳо беради. Ташқи қиёфада кўпинча кишининг ички куч-қуввати, маънавий-руҳий ҳолати акс этади. Ҳарбийларимизнинг сийрати шундай бўлиши керакки, уларни кўрган ота-оналар эрта-индин ўз ўғлини ҳарбийлар сафида бўлишини орзу қилсин. Бўлажак Ватан химочиларини тарбиялашдек шарафли масъулиятни хис этишсин. Эски тузум даврида ҳарбий хизматни ўтаган кексалар эса, мустақил Ўзбекистон ҳарбийларининг ҳар жиҳатдан юксак даражаларга эришганини кўриб қувонсин, чет эллик меҳмонлар хам ватинимиз ҳимояси ишончли қўлларда эканини кўриб хайратланишсин. ЭТИКЕТ ВА ЯНА ЭТИКЕТ ҲАҚИДА Аҳлоқий маданиятнинг яққол кўзга ташланадиган муносабат кўринишларидан бири, бу – ЭТИКЕТ ҳисобланади. У кўпроқ инсонннинг ташқи маданиятини, ўзаро муносабатлардаги ўзини тутиш қоидаларининг бажарилиш меёрларини белгилайди. Ҳарбий этикет – ҳарбий жамоалардаги ҳарбий хизматчиларнинг энг сара, намуна бўла оладиган аҳлоқ-одоб меёрлари мажмуидир. «Этикет» – сўзи французчадан олинган бўлиб, одат-ахлоқ, расм-русум каби маъноларни англатади. Ҳарбий этикет эса, ҳарбий хизматчининг ахлоқ-одоб, атроф муҳитга, жамиятга, жамоага нисбатан муомала маданиятининг қай даражада шаклланганлигини ифодалайди. Этикет ҳар бир халқнинг ибтидоий жамоа давридан бошлаб, то ҳозиргача бўлган урф-одат ва анъаналарининг энг яхши намуналарини ўз ичига олиб, замонга муносиб равишда такомиллашиб боради. Киши жамиятда ўзини қандай тутишининг талаблари умумийдир, чунки уларга нафақат муайян жамият, балки турли ижтимоий-сиёсий тузум вакиллари ҳам хамиша амал қилиб келганлар. Этикет яхши хулқ; жамоатчилик жойларида ўзини тўғри тута олиш; ташқи қиёфа; муомала маданияти каби таркибий қисмлардан иборат бўлиб, у кундалик ҳаётда, жамоат жойларида, ишда, ўқишда, кўчада, меҳмондорчиликда, турли расмий тадбирларда ўзини муносиб тута билиш ва атрофдагиларда яхши таассурот уйғотишни ўргатади. Унга амал қилган кишининг мавқеини кўтаради ва барқарор ушлаб туришга ёрдам беради. Умуман, этикет яхши турмуш тарзини таъминлайди, чунки ўзаро мулоқот ўрнатмай туриб, ҳеч қандай жараён ижобий амалга ошмайди. Этикет инсоннинг нафақат ташқи, балки ички қиёфасини ҳам ўзида акс эттиради. «Этикет» – деганда инсоният тарихининг турли босқичларида, ҳар хил халқ, ижтимоий гуруҳ ва қатламларда амал қилинган ахлоқий меъёр, урф-одат, ҳатти-ҳаракатлар мажмуи англанар экан, демак, ундан ташқарида ҳеч қандай инсоний мулоқот мавжуд эмас. Мулоқат, яъни муносабатда бўлиш. Мулоқот – ҳаракат, туйғу, фикр-мулоҳаза, ички кечинмаларни ўзгалар билан ўртоқлашиш демакдир. У шахс фазилатлари, ички «мен»ининг энг яхши қирраларини намоён қилувчи ижод шаклидир. Мулоқот эса этикет асосини ташкил этади. Муомала маданияти – жамоат жойларида кишилар билан муомала қила билиш маданияти биз айтган одоб-ахлоқ тамойилининг узвий бир бўлагидир. Буни тасаввур қилиш учун, албатта замонавий ахлоқ талабларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш талаб этилади. Дарслик ўқув қўлланмаларида “нутқий маданият”, “нонутқий маданият” деган атамаларга тез-тез дуч келамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Кўп ҳолларда кишилар нутқига, яъни гап-сўзига қараб баҳоланади. Нутқ эса оғзаки, ёхуд ёзма тарзда бўлиши мумкин. Нутқ маданиятини барча соҳаларда бўлганидек, ҳарбий соҳада ҳам шакллантириш, осон кечмайди. Ҳатто бошлиққа ҳисобот бериш, йиғинда сўзлаш, маърузалар қилиш каби кундалик юмушларнинг ҳам ўзига хос ўз талаб-қоидалари бор. Шунингдек, хизмат қайдномасини юргазиш, ҳисобот, билдирги, ёзма ахборот ва шу сингари хизмат ёзишмаларини идора маданиятига мос равишда юргазишга асосланган талаблар қоидалар мавжуд. Бунинг ҳаммасини бир сўз билан “нутқий маданият” деб аташимиз мумкин. Бу муомала маданиятининг ёрқин бир томони. Маълум бир вазиятда зарурий сўз ва ибораларни топиб гапириш, овоз оҳангига, баланд ё пастлигига эътибор бериш шахснинг маданият даражасини нечоғлик эканини кўрсатади. Биз юқорида “нонутқий” маданиятни ҳам тилга олиб ўтдик. Чунки ҳарбий хизматчи учун нонутқий маданият, яъни чиройли ҳатти-ҳаракат, имо-ишора, ёхуд кўз қараши билан фикрини ифодалаш ғоят муҳимдир. Саф Низомида ҳарбий ҳизматчининг нонутқий маданият талаб-қоидалари аниқ-тиниқ ифодаланганки, бу ҳар бир харбий хизматчи учун дастуруламал деб, бемалол айтишимиз мумкин. Хушмуомалалик, уддабуронлик, камтарлик ва қатъиятлилик каби хислатлар ҳам муомала маданиятининг ёрқин қирраларидандир. Булар ичида хушмуомалалик бутун ахлоқ қоидаларининг негизи сифатида ажралиб туради. Уддабуронлик эса муайян вазият шароитига тез мослашиб, зарурий ҳолатларга киришдир. Ҳарбий ҳизматчи буни ғоят нозиклик билан ўзлаштириши ва амалда қўллай билиши шарт. Шу билан бир қаторда у кишилар диққат-эътиборига атай тушишдан қочиши, манманликка йўл қўймаслиги лозим. Бу нарса камтарлик деб аталади. Қатъиятлилик – асосан ҳарбийларга хос хислат бўлиб, ишда ва сўзда бир сўзлиликка амал қилиш, қатъиятли ва собит туриш демакдир. Биз юқорида тилга олган хислатлар жамланмаси ҳарбий хизматчининг муомала маданиятини ташкил этади. Замонавий таълим-тарбия ахлоқ қоидаларига маълум бир талаб ва тартибларни қўйганки, буларни ўзлаштириш ҳар бир маданиятли киши учун ҳам фарз ҳам қарздир. Инсонпарварлик, эркинлик, ўзаро ҳамжихатлик, хайрихоҳлик шулар жумласидандир. Ахлоқнинг бундай меъёр ва талаблари инсоният ҳаётининг барча қатламларига тезкорлик билан сингиб бормоқда. Гар шундай экан, ҳарбий ҳизматчи ҳам ўз фаолияти давомида ўқиб-ўрганиши, ҳаёти давомида буларни тўла ўзлаштирган бўлиши ва амал қилиши шарт. Хизмат қилиш қоидаси – халқимиз армияни ҳаёт мактаби, ирода ва матонат мактаби деб атайди. Ҳар бир эр киши учун бу мактаб сабоғини олиш фахр-ифтихор ҳисобланади. Албатта, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш, унинг барча талаб-қоидаларини бажариш осон эмас. Бу вазифа ҳам кишидан анча-мунча тайёргарликни, малакани талаб қилади. Зеро, ҳар бир ҳарбий хизматчи, ҳарбийларга хос одоб-ахлоқ меъёрларини, қонун-қоидаларини билиши шарт. Ҳарбийча одоб-ахлоқ меъёрларини Ўзбекистон Қуролли Кучларининг Умумқўшин Низомида: «Ҳарбий ҳизматчи ҳар қандай вазиятда ҳам юксак маданият, ирода ва камтарлик намуналарини ўзида мужассам этиши ўз қадр-қимматини ҳимоя қила туриб, ўзгалар қадр-қимматини ҳам қадрлай билиши керак... Ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабати, ўзаро иззат-ҳурмат, хайрихоҳлик асосида қурилган, муайян одоб-ахлоқ меъёрларига талаб-қоидаларига амал қилиш аскарларда бирдамлик, баҳамжиҳатлик руҳини уйғотади ва бу нарса уларда ҳам маънавий, ҳам жисмоний куч – қувватни ўз-ўзига ишонч ҳиссини бемисл даражада оширади» дейилган. Тўғри, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек”, ҳарбий хизматчилар орасида жоҳил, маданий савияси паст нусхалар ҳам ора-чора учраб туради. Улар ўзгаларни хўрлаш, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига ўз иззат-обрўларини (ҳаёлий устунлигини, “мен”ини) оширмоқчи бўлишади. Ҳарбий хизмат жараёнида белгиланган Низом талабларидан четга чиқиш, уларга амал қилмаслик, ўзбошимчалик билан иш кўриш, ғоят хатарли оқибатларга олиб келиши сабабли нотўғри ва қалтис йўл ҳисобланади. Зеро, буюк мутафаккир Леонардо да Винчи лутф этгандай, “..бировни ҳақоратлаган инсон, энг аввало, ўзини ҳақоратлаган бўлади”. Сафдошларини хўрлаш, масхаралаш, уларни ҳар-хил лақаб билан чақириш, жисмонан ожизроқ аскарларга зўравонлик қилиш, улар устидан кулиш ҳарбийлар орасида энг оғир, энг кечирилмас ҳолат саналади. Сафдошлар иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўзаро самимий ва мулойим муносабатда бўлиш, дўстлик-биродарлик ҳарбийлар жамоасини фақат ва фақат мустаҳкамлайди, энг оғир, энг хатарли вазиятлардан ҳам соғ-омон олиб чиқади. Хизмат одоб-ахлоқи ҳақида гап кетар экан, масаланинг яна бир жиддий томонини назарда тутишимиз лозим. Маълумки, Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Унинг Қуролли Кучлари сафида турли миллат ва элат вакиллари хизмат қилишлари табиий. Модомики шундай экан, ҳарбийлар ўзаро муносабатда миллий камситиш, шовинистик кайфиятга берилиш каби жирканчли иллатлардан ҳамиша узоқ бўлишлари керак. Ўзбекистон Қуролли Кучлари Умумқўшин Низомида бу масалага ҳам алоҳида эътибор берилганки, унда турли миллат ва элат вакилларини дўстликка, биродарликка даъват этилган. Бир миллат бошқа миллатларнинг ҳам қадр-қимматини сақлашга, миллий ҳис-туйғу анъаналарини ҳурмат қилишга чақирилган. Зеро, Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан худди шундай байналмилал тарбияга боғлиқ. Халқимиз мустақилликка эришгунга қадар оғир ва машаққатли, лекин ғоят шарафли кураш йўлини босиб ўтди. Бу кураш йўли халқимизнинг жанговорлик руҳини тоблади. Шунинг учун ҳам бўлса керак, фуқароларимиз орасида ҳарбийларга нисбатан катта ишонч ва ихлос бор. Уларга бемалол таяниш, суяниш мумкинлигини билишади. Матонатли ҳарбийлар ҳамиша хизматнинг олдинги сафида. Лекин унутмаслик керакки, харбийларда жасорат, ботирлик ҳис-туйғулари пайдо бўлиши ҳам, энг аввало, уларнинг маданиятли одоб-аҳлоқли бўлиши билан боғлиқ. Чунки ҳарбийча одоб-ахлоқ меъёрлари хизматчиларни тартиб-интизомга, қатъий иродага ўргатади. Шундагина, аскар ҳарбий хизматни виждони буюрганидан, халқи ва Ватани олдидаги юксак бурч ва масъулиятни тўла англаганидан юксак даражада ўтайди. Тўғри, эндигина ҳарбийлар сафига келган ёш аскарларни тушуниш мумкин. Уларнинг назарида ҳарбийча одоб-ахлоқ талаб-қоидалари жуда майда – чуйда, ортиқча ташвишдек, уларни бажариш қийиндек бўлиб туюлади.. Ёшлар ҳамма ютуқларга бир уринишда эришишни исташади. Афсуски бу нотўғри тушунча. Чунки ҳарбийлар хизмати давомида оддий (элиментар) нарсаларни билмасликлари ёки уларга эътибор бермасликлари натижасида хатолар катталашиши ва хизмати давомида панд бериб қўйиши мумкин. Масалан, инсон кўрки унинг одоб-ахлоқи, саломлашишни билиши билан белгиланади. Демак бу жараён ҳарбийларда қуйидагича акс этади: Ҳарбийча саломлашиш – устига ҳарбий либос кийган, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касб эгаси бўлган шахс ким бўлишидан қатъи назар, аскарми, сержантми, офицерми, албатта, ҳарбийча саломлашиш қоидасини билиши, унга риоя этиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат Низомида шундай дейилган: «Ҳарбийча саломлашиш ҳарбий хизматчиларнинг биродарларча жипслигининг ифодаси, ўзаро ҳурмат ва муштарак маданиятни намоён бўлиши белгиси саналади». Ҳарбий унвонга кўра бўйсунувчилар ва кичиклар биринчи бўлиб салом беради. Мақомлар тенг бўлган пайтда эса ким ўзини кўпроқ маданиятли, деб ҳисобласа, ўша биринчи салом беради. Баъзи ҳолларда кўча куйда ҳарбийларнинг нотабиий ҳолатда (қучоқлашиб) кўришишларини кўриб қоламиз. Бу ўз вақтида ён атрофдагиларнинг диққатини ўзига тортади. Сўрашишнинг бу кўриниши ҳарбийларга хос эмас. Мабодо аскарнинг сержантга, сержантнинг офицерга, баъзан эса офицернинг ўзидан унвони катта унвонли офицерга ҳарбийча салом бермаслик ҳолати учрайдиган бўлса, бундай ҳолат умумҳарбий низомлар асосида бартараф этилади. Ҳарбийча салом беришда салом берилиши лозим бўлган ҳарбийни таниш, танимасликнинг аҳамияти йўқ. Чунки ҳар иккала ҳарбий хизматчи хам Мустақил Ўзбекистон миллий армиясининг вакилидир. Ҳарбий қисм ёки ҳарбий муассаса ташқарисида баъзи ҳарбий хизматчиларнинг бир-бирлари билан ҳарбийча саломлашмаслиги ён-атрофдагиларнинг (жамиятнинг) кўз ўнгида улар обрўйининг сезиларли тушишига олиб келади. Ҳарбий хизматчи томонидан Низомни (ҳарбий интизомни) бузилишига йўл қўйилиши, унга риоя этмаслик, одоб-аҳлоқ қоидаларини билмаслигидан далолат беради бу эса интизомий жазога лойиқ хисобланади. Чунки ҳарбийларнинг бир-бирлари билан ҳарбийча саломлашиши ҳарбий интизомнинг биринчи элементи, сафдошларини ҳурмат қилишнинг ва одоб-ахлоқнинг бош ўзаги ҳисобланади. Ҳарбийча салом беришлик (ҳарбий қисм ва ҳарбий муссасадан ташқарида) биринчидан, ҳарбий хизматчининг қандай тарбия кўрганлигини, қолаверса, у хизмат қилаётган ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлигининг ўз ҳарбий хизматчисига қандай сабоқ бераётганлигини билдиради. Кузатувлар шуни кўрсатадики, баъзи ҳолларда ҳарбий хизматчилар жуда яқин масофага келиб қолганда, яъни тенглашгандагина бир-бирига салом беришади. Аслида, бир-бирларига тенглашишига 4-5 қадам масофа қолганда ҳарбийларнинг салом беришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Саломлашиш саф Низомига қатъи амал қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Сафдан ташқари ҳолатда юрганда: Масалан, машғулотлар вақтида, машғулотлардан бўш вақтларда ҳам ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари бошлиқларига «Ростлан» ёхуд «Турилсин» командаси берилгач, салом берадилар. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Умумҳарбий Низомларини пухта билган киши ҳарбий саломлашишнинг барча жиҳатларини яхши билади ва унга амал қилади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ёндошадиган бўлсак, Ўзбекистон Қуролли Кучлари вакили ҳарбийча салом беришни ҳамиша ўз жойига қўяди ва юксак интизом эгаси эканлигини намоён этади. Умуман айтганда, ҳарбий хизмат ахоқ-одоби меъёрларига амал қилиш ҳарбий киши учун кундалик одатий ҳол бўлиши лозим. Кимнингдир назоратини ёхуд танбеҳини кутиб туриш керак эмас. Ҳарбий киши ўз-ўзини бошқаришни, ўз виждони ва номуси билан назорат қилиши юксак ахлоқ белгисидир. Буни ҳамиша ёдда тутиш зарур. “Агар ўзингни ҳурмат қилсанг, ошкора ҳам яширинча беномуслик қилма”, деб ёзганди буюк мутафаккир Пифагор. Бу ҳикмат ҳарбий хизмат ахлоқ-одобига ҳар томонлама тўғри келади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, хизмат ахлоқ-одоби меъёрлари оддий аскардан тортиб, энг юқори унвонли ҳарбийларга ҳам таалуқлидир. Бошлиқнинг ўз қўл остидаги ҳарбийлардан атай ортиқча иззат-икром кутиши, ёки ҳар хил ножўя йўллар билан уни бунга мажбурлаш ғайри қонуний, ғайри инсоний амал ҳисобланади. Шунингдек оддий аскар томонидан ўз бошлиғига ҳаддан ташқари эҳтиром кўрсатиш, ялтоқланиш, хушомад қилиш ҳам ҳарбий хизматчи шаънига тўғри келмайди. Лекин бир ҳолни ҳамиша ёдда тутиш зарур. Масалан, хонага бошлиқ кириб келган вақтда оддий аскарнинг ўрнидан туриши, ёки бошлиқ ўтирган жойга кириш учун оддий аскарнинг рухсат сўраши табиий ҳол. Хизмат ахлоқ-одоб меъёри ҳам шуни талаб қилади. Уни ортиқча хушомад ёхуд мулозаматга йўймаслик лозим. Қолаверса, ҳар томонлама пухта ўйланган, пухта жорий этилган бундай меъёр-мезон ҳеч қачон ҳарбий хизматчининг шахс эркинлигини чекламайди. Чекиш жойидан фойдаланиш. Ҳарбийлар ўртасида тан олиш керакки, чекувчилар талайгина учрайди. Албатта бундай холларда ҳарбий хизматчининг чекиш одобига амал қилиши керак бўлади. Унинг хам ўз тартиб-қоидалари мавжуд. Унда дуч келган жойда эмас, балки махсус ажратилган жойларда чекиши таъкидланган. Шунингдек, чекувчининг бундай зарарли одати аввало бошқаларга малол келмаслиги, уларда норозилик уйғотмаслиги, айниқса, хотин-қизлар, болалар бор жойда жуда эҳтиёткор, эътиборли, ўз-ўзига талабчан бўлиши, ўз-ўзини қатъий назорат қилиши талаб этилади. Сигарет қолдиқларини дуч келган жойга ташламаслиги, ерга, теваракка бефаросатларча туфлаш одобсизлик саналишини унутмаслиги керак. Ўқув машғулотларига қатнаш. Ҳарбий хизматчи ҳаётида ўқув-аудитория ва дала машғулотлари ғоят муҳим ва зарурий аҳамиятга эга, бундай машғулотлар аскарларимизга нафақат назарий, балки амалий-маданий билим беришда тенгсиз мактабдир. Ҳарбий хизматчи ўқув машғулотларига астойдил, бутун ақл ва иқтидорини жамлаб киришиши зарур. Сабоқларга кечикиш, дарс қолдириш, ёхуд айни машғулот пайти уни намойишкорона ташлаб кетиши интизомсизлик ҳисболанади. Дарслар ўтилаётган маҳал ҳарбий хизматчи ўзини ҳар томонлама намунали тутиши лозим. Ёнидаги шериги билан гаплашиш, типирчилаб, ёнингиздагилар халақит бериш, қинғир-қийшиқ ўтириш, бировларнинг ёзувларини ўғринча ўқиш – ўта маданиятсизлик, тартибсизлик белгиси. Ҳарбий хизматчи бундай ноўрин, ҳатти-ҳаракатлардан сўзсиз тийилиши шарт. Сабоқ бераётган устозларга иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиб, машғулотларни аъло даражада ўзлаштиришга ҳаракат қилиши зарур. Нутқий маданият. Гап ҳарбий хизматчининг маданияти ҳақида борар экан, шу ўринда нутқий маданиятга хам алоҳида эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳарбий хизматчи суҳбат чоғи маҳмадоначилик, ҳовлиқмалик қилмаслиги лозим. Шунингдек, сўкиниш, масхаралаш, ҳуда-беҳуда кулиш каби иллатлардан холи бўлиши шарт. Айниқса, бошлиқлар билан гаплашаётган пайт ерга қараш, шошилиб дудуқланиш дуруст эмас. Суҳбатдошининг кўзига тик қараб, аниқ- тиниқ гапириш ҳарбий хизматчининг ўзига ишончи баланд эканини, тарбияси, маданияти рисоладагидек эканини билдиради. Модомики, ёш аскар сўкиб, қўполлик билан гапиришга мойиллик қиларкан, у бу билан ўзини дадил ва қўрқмас, нописанд кўрсатмоқчи бўлади. Аслида эса бу билан ўзининг нечоғлик тарбиясиз, маданиятсиз ва уқувсиз эканлигини намойиш этиб қўяди. Кийиниш одоби. Инсонда энг аввало кўзга ташланадиган нима? Албатта ташқи кўриниш, либос. Шундай экан кийиниш маданиятига риоя қилиш ҳам ҳарбий хизматчидан талаб қилинадиган амалларнинг асосидир. Кишиларнинг аслида ораста, қулай ва озода кийиниши - аввал ўз-ўзини, сўнгра атроф- жамоатчиликни ҳурмат қилишидан дарак. Агар бунинг акси, кир-чир, рўдапо либосларга бурканиб оладиган бўлса, бу ўша шахснинг нақадар маданиятсиз, ахлоқсиз, дидсиз ва иркит эканини билдиради. Шундай экан ақл-ҳушли, одоб-ахлоқли киши, жумладан, ҳарбий хизматчи ўз ташқи кўринишига, либосларига алоҳида эътибор билан қарайди. Лекин орасталик, озодалик каби хислатларни олифтагарчилик, мақтончоқлик каби иллатлар билан ҳеч қачон адаштириб юбормаслигимиз керак. Кўйлак чўнтагида ҳарбийлик гувоҳномаси ва ён томонига дастрўмолча олиб юришнинг ўзи кифоя. Кийимлар чўнтагидан кўзойнак, тароқ, ручка каби нарсалар бўртиб кўриниб туриши маъқул эмас. Ҳарбий хизматчилар орасида шундайлар ҳам учрайдики, улар серсавлат, сержозиба кўриниши учун ҳарбий либосларига ҳар хил ўзгартиришлар киритишади, ҳар хил қўшимча тақинчоқлар тақишади, чўнтакларини тўлдириб нималардир солиб олишади, турли калит ва шунга ўхшашларни осиб олган ҳолатлар ҳам учрайди. Афсуски бундай серташвиш ясан-тусан кўзланган мақсадларга хизмат қилмайди, аксинча ҳарбий хизматчини кулгули аҳволга солиб, бачкана қилиб қўяди. Шу ўринда яна бир такрорлаш ўринли: ҳарбий киши энг аввало ташқи кўриниши, либослари билан диққатга тушади. Унутмайлик, унинг ораста – озода, дазмолланган, тоза кийимига, тик ва текис ёқасига, ёғлаб тозаланган пойафзалига, калта ва теп-текис соч турмагига фақатгина бошлиқлар эътибор бермайди, балки кўча-кўйда учрайдиган кишилар, айниқса, ёшлар ҳавас ва ҳайрат билан қарашлари табиий. Лекин ёдда сақлаш лозимки, дуч келган жойда орасталаниб қолиш пойафзал тозалаш ёхуд ювиниб-тараниш дуруст эмас. Бундай юмушларни ҳарбий хизматчи махсус ажратилган жойларда, ювиниш-тараниш хоналарида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Мободо ҳарбий хизматчи ўз ўртоғининг кийимида, ёки орасталигида бирор камчиликни илғайдиган бўлса, буни ошкора билдириш ёхуд дўстини масхаралаб кулиш ҳеч бир одоб доирасига тўғри келмайди. Энг маъқули, енгил имо-ишоралар билан ёки чеккага имлаб мавжуд камчиликни сафдошига секин билдириши лозимдир. Шунда у дўстининг ҳам, ҳарбийликнинг ҳам шаънини ҳимоя қилган бўлади. Хизматдан ташқарида. Барча эркин фуқоролар сингари аскар ва офицерларнинг ҳам ўз ҳуқуқ, истак-хоҳишлари бор. Улар ҳам хизматдан бўш вақтларида дам олишади, сайр-саёҳатларга чиқишади ёхуд тўй ҳашамларга ташриф буюришади. Бундай пайтлар кўпинча нотаниш-ноъмалум кишилар билан учрашишга, суҳбат асносида улар билан танишишга тўғри келади. Ҳарбий киши бундай кезлар танишув одоби қоидаларига қатъий ва ҳушёр амал қилиши лозим. Энг аввало суҳбатдошига ўз исм-шарифини аниқ-тиниқ айтиши зарур. Мободо уни бошқа бирор киши таништирса-ку, нур устига аъло нур бўлади. Хуллас, қоидага кўра, ёш ва унвони жиҳатдан кичик бўлган шахс биринчи навбатда ўзини таништиради. Лекин кўришиш учун унвон ё ёши улуғ киши биринчи галда қўл узатиши мақсадга мувофиқ. Одатда, эркак киши ўзини танштираётганда ўрнидан туради. Аёлларга эса бу шарт эмас. Агарда бошқа бир ёши улуғ киши таништирилаётган бўлса, енгилгина ўрнидан қўзғалиб қўйиши мумкин. Тарбияли, маданиятли кишининг тез эътиборга тушадиган яна бир томони шундаки, у юра туриб еб-ичмайди, чекмайди. Қўлидаги бўш шиша, қоғоз, бўш қутиларни ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни дуч келган томонга ирғитмайди, аксинча белгиланган жойга, белгиланган чиқит идишларга ташлайди. Мободо бундай махсус бурчаклар яқин-атрофда кўринмаса, то учрагунча сабр-тоқат билан юриши лозим бўлади. Шунингдек, ҳарбий хизматчининг қўлида нималар биландир тўла селофан халта кўтариб юриши ҳам ярашмайдиган ҳолатлардандир. Ҳарбий хизматчи кўчада. Ҳарбий хизматчи ҳарбий қисм ёки муассасадан ташқарига чиққанида қуйидагиларга эътибор бериши талаб этилади: ҳарбий либосининг тоза ва озодалиги, дазмолланганлиги, камар ва пойафазалининг тозаланганлигига; Ташқи кўриниши (соқол-мўйлови, тирноқларининг тоза олинганлиги, сочларининг текисланганлиги ва ҳ.зо)ни тартибга келтириши сўнгра кўчага чиқиши; Кўчага чиққанида қўлида ортиқча нарса(планшет ёки портфельдан ташқари) бўлмаслиги; Кўчага чиққанда сигарет(махсус чекиш жойидан ташқарида) чекиб, у ёқ бу ёққа аланглаб юриши, харакатланиш жараёнида озиқ овқат махсулотларини истеъмол қилиши, ичимликлар ичиши, уяли алоқа воситасидан фойдаланганда овозини баландлатиб сўзлашуви тарбиясизлик белгисидир; Жамоат транспортларида: жамоат транспортларида аёллар ва қариялар ва болаларнинг транспорт (автобус, троллейбус, трамвай, метро вагони ва бошқалар)га чиқиб олишига, уларга жой бериши, манзилга етиб келганларида транспорт воситасидан тушишига кўмаклашиши, салонда ўзини камтар ва некбин тутиши, одамлар билан туртишиб – суришиб юрмаслиги шарт. Метрога кириш эшигини очиб, ичкари кирилганда, албатта эшикни охиста ёпишни унутманг. Мободо ортингиздан кимдир келаётган бўлса, эшикни шоша-пиша, зарб билан ёпмаслик лозим. Яхшиси эшикни қия очиб, кишини ўтказиб юбориш маъқул. Бу маданиятли яхши тарбия кўрган одамларга хосдир. Кўчада ҳаракатланиш чоғида йўл-ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиши, сўзсиз бошқаларга намуна бўлиши, яқин-атрофда машина кўринмаган вазиятда ҳам шошқалоқлик қилиб кўчани кесиб ўтмаслиги (уларнинг ўта шошилиб, югуриб юриши ён атрофдагиларда нотўғри таассурот уйғотиши мумкин), йўлчироқнинг яшил чироғи ёнишини кутиши, йўлакчада ҳаракатланаётганда имкон қадар ўнг тарафдан юриши, тиқилинч тор жойларда қарама-қарши томондан келаётган ёш болалар, кекса ёхуд аёл кишиларга серқатнов йўлни кесиб ўтишига кўмаклашиши мақсадга мувофиқ. Улар тайинланган учрашувга шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, ўз вақтида боришлари зарур. Албатта, бунинг учун манзил узоқ яқинлигини, транспорт масалаларини, вақтни аниқ-тиниқ режалаштириши мақсадга мувофиқ. Зарур жойга белгиланган фурсатда улгуриш мақсадида шошқалоқлик қилиб, кўча-кўйда йўловчиларни қўполлик билан туртиб-суриб ўтиши маданиятсиз белгисидир. Кўчада ким биландир кета туриб, ногоҳ бирор дўстингизни учратиб, сўзлашиб қолсангиз, ёнингиздаги шеригингизни дўстингизга таништиришни унутманг. Ўқиш яхши одат, чин зиёлилик белгиси. Лекин йўл-йўлакай, кўча-кўйда юриб кета туриб ўқимаган маъкул. Чунки бехос бирортасини туртиб юборишингиз ёхуд ўзингиз қоқилиб кетишингиз мумкин. Кимнидир бехос туртиб юборганингизда ёхуд кимгадир қандайдир ноқулайлик туғдирганингизда узр сўрашни унутманг. Мободо кимдир сизга қўполлик қилиб, дарҳол кечирим сўраса, табассум билан “Ҳеч қиси йўқ, ташвишланманг” деб қўйишингиз жуда гўзал одат. Йўл-йўлакай таом ейиш, писта чақиш ва чиқит ва пўчоқларни кўча кўйда тўзғитиб ташлаш жуда хунук одат эканини ҳеч қачон унутманг. Кўча-кўйда оғир тўрва халта кўтариб бораётган қари-қартанг ёхуд аёл киши ёнидан ҳарбий хизматчи бепарво ўтиб кетиши ярамайди. У имкон қадар уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиши лозим. Йўл-йўлак бўйлаб аёл киши билан ёхуд бошлиқ билан ҳаракатланаётганда ҳарбий хизматчи уларнинг ўнг тарафида бўлиши қоидага мувофиқ. Мободо икки киши бирор аёл ҳамроҳлигида келишаётган бўлса у ҳолда аёл ҳар иккисининг ўртасида юриши маъқул. Бирор бир оғир ва ноқулай вазиятга тушиб қолган жабрдийда олдидан бефарқ ўтиб кетиш – ҳеч қачон ҳарбий хизмат ахлоқ-одобига тўғри келмаслигини унутмаслигимиз зарур. Аксинча, ҳар қандай аскар ё офицер, фавқулодда ҳолат пайтлари биринчилардан бўлиб ёрдамга отилиши зарур. Уруш-жанжал чиққан жойларда, энг аввало бундай ҳолатларнинг олдини олишга, ёхуд уни тўхтатишга уриниши лозим. Лекин ҳеч қачон, ҳеч қандай баҳона билан жанжални ўзи бошлаши, ёки уюштириши, ўзини соқит қилиб кетиб қолиши мумкин эмас. Биз кўпинча ҳарбийлар ҳақида ўйлаганимизда, кўз ўнгимизда ҳар бир ишни ўз вақтида аниқ ва пухта бажарадиган, сўзини, ваъдасини қадрлайдиган кишилар жонланади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бундай фазилатлар ҳарбийларга хосдир. Меҳмондорчилик аҳлоқ-одоби. Ўзбеклар азал-азалдан меҳмондўст халқ ҳисобланади. Лекин меҳмон кутиш ёхуд меҳмондорчиликка боришнинг ҳам ўзига хос талаб-қоидалари бор. Жумладан, ҳарбийлар учун ҳам бундай нозик масалада ахлоқ-одоб меёрлари мавжуд бўлиб, уни англаш, ўзлаштириш, унга амал қилиш ҳар бир ҳарбий хизматчи учун юксак фазилатлилик белгисидир. Меҳмонларни қандай кутиб олиш ва жойлаштириш мақсадга мувофиқ? Биринчи вазифа нимадан иборат бўлади? - зиёфат кунини аввал белгилаб (таклиф этилиши режалаштирилган меҳмонлар учун қулай кунни танлаб), режалаштириб, сўнгра бир неча кун илгари уларни хабардор қилиб таклиф этиш; - меҳмонлар ташриф буюришганда уларни уй эгаси, яъни мезбон остонада кутиб олиши, мулозаматлар, хушмуомалаликлар кўрсатиши, тавозе билан меҳмонхонага таклиф этиши; - мезбон меҳмонларни жойлаштираётганда имкон қадар уларнинг ўзаро дўстлик, бир бирларига муносабатларини, шунингдек уларнинг ёшларини инобатга олиши мақсадга мувофиқ. Умуман, мезбон таклиф этилганларни зиёфатдан аввал кимлар бу меҳмондорчиликда қатнашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирса, мақсадга мувофиқ бўлади. Дарвоқе, меҳмонлар ҳар ёқдан келган, ҳатто бир-бирларига нотаниш ҳам бўлишлари мумкин. Шундай вазиятда дастурхон теварагидигиларни бир-бирига таништириш мезбонларнинг бурчи. Албатта, бундан ташқари, қўл ювиш, артиниш, устки кийимларни ечиб қўйиш каби майда-чуйда, лекин ўта муҳим масалаларга ҳам шарт-шароит яратиб бериш мезбон зиммасидадир. Меҳмондорчилик жараёни фақат емак-ичмакдан иборат бўлмай, унда тотли ва сермазмун суҳбат қурилишига ҳам эътибор берса, ҳар икки томоннинг ҳурмати учун ҳам айни муддао бўлади. Кўпчилик ичида суҳбатлашилаётган пайт камтар ва камсуқум бўлиш керак. Маҳмадоначилик қилиш, мақтанчоқлик, бировларнинг устидан, айниқса, ўз хизматдошларининг устидан ғийбат қўзғаш ярамайди. Суҳбат чоғи гапираётган одамнинг сўзини бўлмай, унинг кўзига тик боқиб туриш, фикрини эътибор билан охиригача эшитиш лозим. Ўзи билмаган, кўрмаган, нарсалар ҳақида эса оғиз очмаган маъқул. Мезбонлик нақадар оғир бўлиши баробарида, ёқимли меҳмон бўлиш ҳам осон эмас. Бунинг ҳам ўзига хос инжиқликлари бор. Бу масалада энг биринчи талаб шуки, зиёфатларга фақат таклиф этишгандагина бориш “Айтилмаган жойга борма, айтилган жойдан қолма” деган халқимизнинг пурҳикмат иборасига амал қилиш мақсадга мувофиқ. Ҳа, таклиф этилган маросимга бормай қолиш ҳам одобдан эмас. Айниқса, маросимнинг бошланишига атиги бир-бир ярим соат қолганда, боролмаслигини айтиш ёки зиёфатга тайинланган вақтдан илгари бориш, кеч қолишлик одобдан эмас. Чунки бу мезбоннинг режалари бузилишига ва шунинг баробарида бироз ноқулай вазиятга олиб келиши мумкин. Демак, таклиф этилган жойга ўз вақтида, шошилмай, ҳовлиқмай, юз-кўзда табассум билан кириб бориш юксак маданият белгисидир. Аниқлик нафақат қиролларнинг, балки ҳарбийларнинг ҳам хислати деб бежиз айтишмаган. Таклиф этилган жойга келсак, энг аввало, сизни кутиб олаётган мезбон билан илиқ, самимий кўришиши, ҳол-ахвол сўраши, устки оғир кийимларини эса кийимхонада ечиб қолдириши, сўнгра дастурхон теварагига, кўрсатилган жойга ўтириши лозим. Шунингдек, дастурхон атрофига ўтиришдан олдин қўлларни чайиб олинса, янада яхши бўлади. Овқатланиш одоби. Дастурхон жуда нозик жой. Унинг атрофида ўтириш, овқатланиш масаласида қадим-қадимдан бери жуда кўплаб қўлланмалар, одобномалар яратилган, панд-насиҳатлар, китобларда ёзилган, ёзилмаган, оғиздан-оғизга кўчиб келаётган қонун-қоидалар мавжуд бўлиб, уларга амал қилинган. Уларнинг деярли барчасида бир хил мазмундаги барча элу-халқларга дахлдор эслатмалар, ўгитлар учрайди. Уларда жумладан, шундай дейилади: “Овқатга биринчилардан бўлиб ташланма, ҳовлиқиб ҳар жойга сачратма, тўкиб сочиб оғзингга тиқма. Мободо, сенга егулик тўла идишни узатишса, ҳаммасини олдингга қўйиб олма, ликобчангга бирозгина олиб, қолганини ёнингдагиларга узат. Дастурхон устидаги идишлар билан ўйнама, оёқларингни ҳам у ён - бу ён узатавермай, йиғиштириниб ўтир. Оғзинг тўла овқат бўла туриб, устидан яна овқат тиқма, ҳатто сув ҳам ичма. Лаб - даҳанингни қўлинг билан артма, балки махсус қўйилган қўл сочиқ билан артиб, имкон қадар ўзингдан узоқ турган идишдаги таомга интилма, олдингга қўйилганига қаноат қил. Чапланиб, бармоқларингни ялаб, суяк ғажима, уни имкон қадар пичоқ билан тозалаб, майдалаб сўнгра тановул қил. Овқат устида бош қашлама, оғзингдаги овқат билан гапирма. Одамлар ғашига тегиб, бўлар-бўлмасга тиш ковлаб ўтириш ҳам хунук ҳоллатлардан эканини унутма.” Овқатланиш одоб-ахлоқига оид ушбу панд-насихатлар жуда қадим замонлардан бери амалда. У бугунги тезкор давримизда ҳам ўз кучи ва аҳамиятини йўқотмаган. Юқоридаги ушбу амаллар ҳар бир шахс учун мўлжалланган бўлиб, буни ҳарбий хизматчиларимиз ҳам мукаммал билишлари ва ўз ҳаётлари давомида риоя қилишлари-уларнинг нечоғли одоб-ахлоқ илмидан хабардор эканликларининг белгисидир. Зиёфат давомида эркак киши ўзидан ўнг тарафда ўтирган аёл меҳмонга эътибор бериши, унга тез-тез мулозамат қилиши, маданият ва ҳурмат нуқтаи назаридан яхши одат ҳисобланади. Борди-ю, маросимдан эртароқ кетиш режада бўлса, буни ортиқча шов-шувсиз, бошқалар эътиборини тортмай, мезбондан астагина узр сўраб, рухсатини олиб сўнгра кетмоқ керак. Албатта, кета туриб зиёфат эгаси билан илиқ хайрлашиш, меҳмондорчилик учун самимий миннатдорчилик билдириш хам яхши фазилатдир. Хизмат телефонларидан фойдаланиш одоби. Ҳарбий хизматчи хизмат телефонларидан фойдаланганда қуйидагиларга амал қилса мақсадга мувофиқ бўлади: Одатда ишга доир қўнғироқлар ишхонага қилинади. Телефон қилишдан олдин гапирадиган гапингизни олдиндан ўйлаб режалаштириб олинг. Мулоқат вақтида, қисқа, аниқ, пухта сўзлашиш ва огоҳлик (хушёрлик)ни сақлаш тавсия этилади. Телефон тармоқларини мукаммалликдан холи эмаслигини, сизнинг сўзлашувингизни бошқаларнинг эшитиши мумкин эканлиги ёдингизда бўлсин. Ҳар бир телефон сўзлашуви чет эл разведкасини қизиқтирувчи маълумотлардан холи бўлишлигини унутманг. Телефондан фойдаланишда маълумотларни қайд этиш учун дафтар ва ручка бўлиши зарур
Ресторан ёки қахвахонага кираётганда аёл кишини хурмат юзасидан ўзингидан олдинга ўтказинг, овқатланиш залига кирилганидан сўнг ўтириш учун қулай жой танланг. Маъқул жой танланганидан сўнг курси суянчиғини тутиб аввал аёлни мулозамат билан ўтқазиш, сўнгра ўзи унинг чап ёнига, ёки аёлга юзма-юз ўтириш мақсадга мувофиқ. Қулай жойлашиб олингач, аёлга ўзига егулик танлаши учун таомнома чиройли ҳаракат билан ўзатилади, шундан кейингина эркак ўзига таом танлайди. Баъзан аёл киши таом танлаб беришни эркакдан илтимос қилиши мумкин. Бу ҳам одоб мезонига мос. Лекин официантга буюртма бериш, фақат эркакнинг зиммасида бўлади (Таомномада кўрсатилган овқатлар хақида маълумот сўраш одобсизликка кирмайди, чунки хар доим хам хамма таомларни билиш мумкин эмас). |
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|